Бразилия миллий жамоаси ҳамда «Барселона» клуби собиқ яримҳимоячиси Паулиньо футболчилик фаолиятини якунлагани ҳақида эълон қилди.
«Коринтианс», «Барселона», «Тоттенҳэм», «Гуанчжоу» ва Бразилия миллий жамоаси шарафини ҳимоя қилган 36 ёшли яримҳимоячи фаолиятини якунлагани ҳақидаги видео мурожаатини ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилди. У бу ҳақда маълум қиларкан, кўз ёшларини тия олмади.
«Бразилия сафида иккита жаҳон чемпионатида иштирок этиш ва «Барселона» таркибида тўп суришга эришдим. Кўп марта чемпион бўлдим, совринларга эга чиқдим. Футболда унутилмас хотираларга эга бўлдим. Ўйлайманки, футболда из қолдира олдим.
«Коринтианс»даги сўнгги ўйинимда бу баҳс мен учун финал эканини тушунардим ва 45 минг томошабин қаршисида хайрлашиш бу ажойиб эди», – дейди Паулиньо.
Эслатиб ўтамиз, Паулиньо Каталония клуби сафида Ла Лига чемпиони ва Испания кубоги соҳибига айланган. 2013 йилда эса Бразилия билан Конфедерциялар кубогига эга чиққанди.