08.09.2024 18:20
2131
Теглар
«Бу ерда оддий рақиб йўқ». Дилшод Раҳматов футзал бўйича ЖЧдаги мақсад, Нидерландияга қарши ўйин ва мезбонлик ҳақида 

Ўзбекистон футзал миллий жамоаси сардори Дилшод Раҳматов мамлакатимиз мезбонлик қиладиган Жаҳон чемпионати олдидан ФИФА расмий сайтига интервью берди.

- 2021 йилги Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон Мисрни мағлуб этиб, футзал бўйича Жаҳон чемпионатидаги дастлабки ғалаба ва тарихда илк бор плей-офф босқичига йўлланмани қўлга киритди. Бу қандай содир бўлди?

- Литвада бўлиб ўтган 2021 йилги футзал бўйича ФИФА Жаҳон чемпионатида Мисрга қарши ўйин мен учун энг эсда қоларли баҳс бўлди. Аввало, Ўзбекистон футзали тарихидаги илк Жаҳон чемпионати ғалабасини қўлга киритдик. Бу ўйин натижасидан жуда хурсанд бўлдик. Эсимда, Анасхон Раҳматовнинг супер голи эвазига гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаб, плей-офф босқичига йўлланма олдик.

- Литвада ўтган Жаҳон чемпионати 1/8 финал босқичида жамоангиз супер камбек амалга оширган Эронга қарши ақлбовар қилмас учрашув ҳақида қандай фикрдасиз?
- Биз Осиё турнирларида Эронга қарши кўп бор ўйнаганмиз, лекин Литвада биз футзал бўйича Жаҳон чемпионати тарихида биринчи марта уларга қарши баҳс олиб бордик. Шу боис ўша учрашувда худди финалда ўйнагандек ҳаракат қилдик. Ҳимоядаги хатоларимиз туфайли 9 та гол ўтказиб юбордик. Шу билан бирга уларнинг ҳимоядаги хатоларини топиб, 8 та гол уришга муваффақ бўлдик. Ўйлайманки, қўшимча вақтимиз бўлганида ғалаба қозонишимиз мумкин эди. Драматик ўйиндаги мағлубиятимиз унутилмас ва аламли бўлди.

- Футзал бўйича жаҳон чемпионатини ўзбек халқи интизорлик билан кутяптими?
- Мамлакатимизда футзалга эътибор жуда кучли, Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати юқори энергия муҳитига тўла бўлади. Биз чипталарни сотиб олишга талаб юқори эканига гувоҳ бўлмоқдамиз, мухлислар ўйинларга шахсан ташриф буюришни исташмоқда. Мухлисларимиз Жаҳон чемпионатини катта қизиқиш ва интиқлик билан кутишмоқда.

- Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон футзал миллй терма жамоаси ўйинлари пайтида қандай муҳит кузатилади, деб ўйлайсиз?
- Ўйлайманки, мухлисларимиз ўйинларни завқ билан томоша қилишади, мутахассислар эса футзал бўйича янги иқтидорларни кашф этиш ва янги тактик ишланмаларни кузатиш имконига эга бўлишади. Қўшимчасига биз барча учрашувларни диққат билан кузатиб борамиз, спортнинг нозик жиҳатларини ўрганамиз.

- Ўзбекистоннинг Нидерландияга қарши ўйини олдидан «Ҳумо Арена»да оилангиз ва дўстларингиз қаршисида бўлиш, сардорлик боғичида жамоани майдонга бошлаб тушиш ва давлат мадҳиясини тинглаш сизга қандай ҳиссиёт беради?

- 14 сентябрь куни Нидерландияга қарши дастлабки ўйинда сардорлик боғичини тақиш шахсан мен учун катта масъулиятдир. Мухлисларимиз, юртдошларимиз олдида юртимиз шарафини ҳимоя қилишимиз керак. Ҳар бир футболчи давлат мадҳияси янграганида фахрланади ва бор кучи билан ғалабага интилади. Бу шараф таркибдаги атиги 14 нафар футболчига берилади. Президентимиз, ота-оналаримиз, мураббийларимиз ҳамда юртдошларимиз ишончини оқлашимиз керак. Бизга берилган имкониятлардан унумли фойдаланишимиз керак. Шунинг учун ҳам астойдил ишлаяпмиз.

- Парагвай ва Коста-Рика ҳақида қандай фикрдасиз?
- Биз барча рақибларимизни ҳурмат қиламиз. Коста-Рика ва Парагвай ҳақида фикрим шуки, Жаҳон чемпионатида оддий рақиб ёки одатий ўйин йўқ. Турнирга фақат энг кучли жамоалар йўлланма олди. Мураббийларимиз барча жамоаларни ўрганиб, ўйин услубларини таҳлил қилишди. Бунинг устида ҳам ишлаяпмиз. Коста-Рикада ҳам, Парагвайда ҳам юқори техникали ва иқтидорли футзалчилар бор. Бу жамоаларга қарши чиройли ва шиддатли ўйин бўлади.

- Ўзбекистон миллий жамоасининг турнирдаги мақсади қандай?
- Бизнинг асосий мақсадимиз Жаҳон чемпионатида қатнашиш ва олдинги турнирдаги натижамизни яхшилаш. Жамоа сардори сифатида жамоадошларимиз билан медаль учун кураша олишимизга ишонаман. Биз ҳар қандай рақибга қарши ўйнай оламиз. Бизнинг энг катта устунлигимиз мухлисларимиз бўлади. Уларнинг кўмагида яхши натижага эришишга интиламиз.

- Хосе Венансио Лопез сиз учун қандай мутахассис?
- Хосе Венансио Лопес жамоамизга мураббий этиб тайинланганида жуда хурсанд бўлдим. Венансио жуда тажрибали ва талабчан мураббий. Муваффақият учун тартиб-интизом ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Футзалчи ва бўлажак мураббий сифатида ҳали ундан кўп нарсани ўрганишим керак. Ундан олган тажрибамиз келажакда ўзбек футзалининг ривожланишига ҳисса қўшади. Унинг беш карра жаҳоннинг энг яхши мураббийи бўлганининг ўзиёқ қандай мутахассис эканидан далолат беради. Ишонаманки, шундай мураббий билан Жаҳон чемпионатида яхши натижага эришамиз.

- Ўзбекистонлик футзалчилардан қайси бири Жаҳон чемпионатида ёрқин ўйин намойиш этади, деб ўйлайсиз?
- Жамоамиздаги ҳар бир футзалчи ажойиб ўйин кўрсата олади, барча жамоадошларим футзал бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси учун бор кучларини ишга солишларига ишонаман, - дея Дилшод Раҳматовнинг сўзларини келтиради ЎФА матбуот хизмати.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар