Париж Паралимпиадасида қатнашаётган Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги олтин медаллар сонини 10 тага етказиб, тарихдаги энг яхши натижасини янгилади. Ўз ғалабалари билан ушбу тарихий натижага ҳисса қўшган енгил атлетикачиларимиз Нурхон Қурбонова ва Толиббой Йўлдошев билан бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев телефон орқали суҳбатлашди ва уларни дилдан табриклади.
- Тинимсиз кузатиб бораман фаолиятингни. Олимпия шаҳарчамизда қурилишни бошлаганимизда «Паралимпиададан олтин билан келаман», деган ёқимли сўзларинг эсимда. Бу нимадан далолат? Тинимсиз ҳаракат, иродали интилишларинг билан тобора ўсиб бораяпсан. Берган ваъдангни ортиғи билан бажардинг, - дея давлатимиз раҳбари бир йўла жаҳон рекордини ўрнатган ва уни яна янгилаган Нурхон Қурбоновани табриклади.
- Бир неча кун олдин ядро улоқтириш бўйича бронза медалини олган эдинг. Икки спорт тури бўйича иккита юксак натижа - бу чинакам жасорат. Бу ютуқлар машаққатли меҳнатларинг, тинимсиз машқларинг, тўплаган бой маҳоратинг мевасидир, - деди Президентимиз Толиббой Йўлдошев билан суҳбатда.
«Чемпион паралимпиячиларимиз бу ютуқлар ўз-ўзидан бўлмагани, давлатимиз раҳбарининг паралимпия ҳаракатига қаратаётган эътибори ва ишончи туфайли эришилаётганини таъкидлаб, ўз номидан, мураббийлари ва ота-онаси номидан миннатдорлик билдирди», - дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.