Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец ЖЧ-2026 3-саралаши босқичи 1-туридан ўрин олган КХДРга (1:0) қарши ўйиндан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Яхши ўйин кўрсатмаган бўлсак-да, натижага эришдик. Қолган ўйинларда ҳам ёмон ўйнаб ғалаба қозонсак, розиман. Асосийси — томошабоп футбол эмас, жаҳон чемпионатига чиқиш. Ўзбекистон аввалги циклларда чиройли ўйнаган, аммо жаҳон чемпионатига чиқа олмаган.
Биринчи бўлимда катта устунликка эришдик. Аҳмоқона пеналтини айтмаса, рақиб деярли имкониятга эга бўлмади. Иккинчи бўлим эса тенг ўтди. КХДР гуруҳдаги қолган рақибларга ҳам жиддий қаршилик кўрсатади, деб ўйлайман.
Майдон ҳолати? Ҳа, яхшимас. Умид қиламанки, кейинги ойдаги ўйинларга қадар майдон ҳолатини яхшилашади. Лекин асосий муаммо — футболчиларнинг жисмоний ҳолати. КХДР 3 ҳафта тайёргарлик кўрганди ва шу сабаб жисмоний томондан биздан яхши кўринди. Худди аскарлардек ўйнашди. Биз эса икки-уч кунгина машғулот ўтказиб, майдонга тушдик
Ҳозир Эрон, Қатар, БАА ҳақида ўйламоқчи эмасман. Бор эътиборимиз Қирғизистонга қарши ўйинга қаратилади», — дея словениялик мутахассиснинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.