Европада ёзги трансферлар ойнаси якунланиб, жамоалар қишгача бўлган муддат учун таркибларини аниқлаштириб олишди. Асосий катта трансферлар амалга ошадиган мавсумолди трансфер кампанияси, айниқса, топ клубларда катта ўзгаришлар юзага келтирди. Goal Европанинг энг катта 15 клубининг ёз давомидаги трансфер ҳаракатларини бир рейтингда жамлади.
15. «Челси»
«Челси»да нима бўлаётганини тушунтириб бера оладиган одам борми ўзи?! Қизиқ савол: клубдаги келиш-кетишларни ўтказиб юбормай кузатиб бориш қийинроқми ёки улардан мантиқни топишми? Кўриниб турибдики, асосий режа — академия футболчиларини соф даромад эвазига сотиш. Бунинг эвазига эса имкон қадар умидли, ёш иқтидор эгаларини жамоага олиб келиб, уларнинг ривожланиши баробарида клубнинг титуллар ютишидан умид қилинмоқда. Бироқ Конор Галлаҳернинг клубдан мажбуран кетказилиши клуб трансфер сиёсатидан мамнун мухлисларни ҳам ҳайратда қолдирди. Боз устига, клубга 9-рақам позициясига натурал ҳужумчи керак бўлаётган бир пайтда трансфер ойнасининг сўнгги кунида Жейдон Санчо каби вингер билан шартнома имзоланиши янада тушунарсиз юриш бўлди. Ростдан ҳам, нега «Челси» Виктор Осимҳен учун ҳаракатларни бу қадар кечиктирди?
Таъкидлаш керакки, «кўклар» юқори маош олувчилардан бўлган Ромелу Лукаку ва Раҳим Стерлинг каби футболчилардан қутилиш ишини қойиллатди. Бироқ ёзда жамоага олиб келинган 10 нафар футболчилардан фақат Педру Нету лондонликлар ўйинида кескин ўзгариш ясаши мумкин. Лекин у ҳам жароҳатларга мойиллигини ҳисобга олсак, бу трансфер ва унинг қиймати ҳақида ўйланиб қоласан киши. Жоау Феликснинг жамоага қайтарилиши эса мантиқ чегараларидан йироқдаги ҳаракат.
14. «Барселона»
Бу галги трансферлар ойнаси якуни ҳам каталонияликлар учун ўта асабий кечди. Жамоа янги хариди Дани Олмони рўйхатдан ўтказиш учун пала-партиш равишда футболчиларини сотиш ва ветеранлардан қутилиш ишлари билан шуғулланди. Шунда ҳам Евро тўпурарини рўйхатдан ўтказиш учун «кўк-анорранглилар»га Андреас Кристенсеннинг узоқ муддатли жароҳати ва бу борадаги Ла Лига регламенти ёрдамга келди. Гарчи Олмонинг дебют учрашувлари омадли кечиб, у аллақачон таблолардан ўрин ола бошлаган эрса-да, унинг таркибга киритилиши учун текинга қурбон қилинган Илкай Гундўғаннинг курашувчанлик ва ғолиблик менталитети «Барса»га олдиндаги мавсумда анчайин асқатиши аниқ эди.
Жоау Канселу ижараси тўлақонли трансферга айлантира олинмагани «Барселона»нинг якунига етган трансфер кампаниясидаги муваффақиятсизликларидан биридир. Бунинг натижасида клуб иккала қанот ҳимоясида ўйнай оладиган юқори даражали футболчини бой берди ва август сўнгигача уларни кутган португалиялик футболчи якунда «Ал Ҳилол»га йўл олди.
Флик жамоасига чап қанот вингери кераклиги бот-бот таъкидланди, аммо клуб Нико Уилямс трансферини ҳам амалга ошира олмади. Энди немис мутахассисининг бор умиди қўл остидаги футболчилар, хусусан, жароҳатдаги Ансу Фатидан. Ҳужум марказини ҳам рақобатбардош деб бўлмайди. Ҳа, Левандовски ҳозирда Ла Лига тўпурари бўлиб турибди. Аммо 36 ёшли футболчи жароҳат олган тақдирда, ёзда 2,7 миллион еврога харид қилинган Пау Викторнинг «Барса»ни чемпионлик учун курашда олдинга етаклай олиши даргумон.
13. «Ливерпул»
Мерсисайд гранди трансфер ойнасидаги харидларини анча кеч амалга оширди. Янги спорт директори Ричард Ҳюз сўнгги кунларда бутунлай нолга тенг бўлган трансфер кампаниясини бироз ижобий томонга ўзгартира олди. Августнинг сўнгги кунларида ливерпулликлар «Ювентус»дан кетиши ҳал қилиб бўлинган Федерико Кьезани жамоага олиб келдилар. «Валенсия» ва Грузия миллий жамоаси посбони Гиорги Мамардашвили билан ҳам расмий келишув имзоланиб, футболчи келгуси ёзда «Энфилд»га кўчиб ўтадиган бўлди. Ҳар иккала харид ҳам анча арзон нархга келишилган бўлса-да, ҳеч бирини фавқулодда муҳим трансфер бўлди, деб бўлмайди.
Слот жамоасида таянч зонаси анчагина муаммоли нуқта бўлиб қолаётганди ва Мартин Субимендининг «қизиллар»ни рад этиши улар учун катта муваффақиятсизлик бўлди. Ҳюзнинг Фабиу Карвалю ва Зепп ван ден Берг сотувларидан яхши пул ишлаб олгани мақтовга лойиқ. Бироқ Арне Слот олдиндаги олис мавсумда 6-рақам позицияси ва чапақай марказий ҳимоячига эҳтиёж сезиши мумкин.
12. «Милан»
«Россонери» А Серияда 2-ўринни эгаллаган бўлса-да, Стефано Пиоли ҳамшаҳарларга бу қадар катта фарқ билан имкониятни бой бергани клуб раҳбарияти ва мухлислари томонидан кечирилмади. Шунингдек, «Сан Сиро» эгалари Чемпионлар Лигасида гуруҳдан чиқа олмаганлари етмагандек, Европа Лигасида «Рома»га қарши принципиал баҳсда имкониятни бой берди. Янги мураббий Паулу Фонсека эса янги клубидаги ишини Европа чемпиони Алваро Моратани жамоасига олиб келиш билан бошлади. Испаниялик ҳужумчи ҳеч қачон барқарор тўпурар бўлмаган ва бу Фонсекани «Рома»дан Тэмми Абраҳамни ҳам трансфер қилишга ундади. Англиялик ҳужумчи Алексис Салемакерсга алмаштирилди, бироқ «Рома»да ўтган мавсум жиддий жароҳат сабаб мавсумнинг катта қисмини ўтказиб юборган футболчининг янги клубида қандай ўйин кўрсатиши номаълум.
Ҳимояга Страҳиня Павлович олиб келинган бўлса, Юсуф Фофана марказни мустаҳкамлаш мақсадида трансфер қилинди. Аммо Эмерсон Роялнинг Миланга келиши булар орасида энг тушунарсиз қарор бўлди. Жамоанинг трансфер ойнасидаги энг катта ютуғи Рафаэл Леаунинг клубда олиб қолгани бўлди.
11. «Боруссия Дортмунд»
Якунига етган мавсум жамоани кутилмаган тарзда УЕФА Чемпионлар Лигаси финалига олиб чиққан Эдин Терзичнинг ҳайратланарли тарзда клубни тарк этиши ортидан дортмундликлар афсоналаридан бири Нури Шаҳин «Сигнал Идуна Парк»да бошқарувни ўз қўлига олди. Жамоа сардори Марко Ройс, етакчилар Матс Ҳуммелс ва Николас Фуллкруг, ижарадаги Жейдон Санчо ҳамда Иан Маатсеннинг кетиши таркибни буткул ўзгартириб юборди.
Аммо Ҳуммелс ўрни Германия миллий жамоаси билан Еврода иштирок этган Валдемар Антон ва Фуллкруг позицияси иқтидорли ҳужумчи Серу Гирасси билан тўлдирилди. Шунингдек, Максимилиан Байернинг трансфери ҳужумдаги хилма-хилликни ошириши кутилмоқда. Шундай экан, Дортмунд клуби Санчо ва Маатсенни олиб қолишга қурби етмаган бўлса ҳам, кетган футболчилар ўрнини муносиб номзодлар билан тўлдиришга муваффақ бўлгани таҳсинга сазовор.
10. «Интер»
Узоқ йиллардан бери «Интер» ўзи етиштириб чиқарган юлдузларни жамоада сақлаб қолишда қийинчиликларга учраб келарди ва бу галги миссия ҳам жамоа юлдузлари Лаутаро Мартинес, Алессандро Бастони ҳамда Николо Барелла кабиларни клубда олиб қолишдан иборат эди. Айнан улар «неразурри»нинг ўтган мавсумда Скудетто учун курашда доминант бўлишида асосий омилга айланди. Уларни Миланда олиб қола билганининг ўзиёқ Симоне Индзагини хурсанд қилгани аниқ.
Шу билан бирга трансфер бозорининг энг уста ўйинчиларидан бири, клуб спорт директори Беппе Маротта ўз вақтидаги юришлар эвазига ҳеч қандай пул сарфламай Пётр Зелински ва Маҳдий Торимий каби футболчиларни «Жузеппе Меацца»га олиб келишга эришди. Чекланган ресурслар билан трансфер бозорида қандай ишлаш бўйича амалдаги Италия чемпионларидан мастер-класс.
9. «Наполи»
Трансфер ойнаси аввалидаги клуб ҳаракатидан янги бош мураббий Антонио Контенинг шашти тушиб кетган бўлиши мумкин, бироқ вақт ўтиши билан неаполликлар бир қатор катта трансферлар билан таркибини кучайтириб олишга эришди. «Торино» ҳимоячиси Алессандро Бонжорнонинг трансфери анча ақлли трансферлардан бири бўлди. «Бенфика»дан олиб келинган Давид Нерес, «Манчестер Юнайтед»дан келган Скотт Мактоминей, «Брайтон»дан трансфер қилинган Билли Гилмур ва Антонио Контенинг севимли футболчиларидан бири бўлган Ромелу Лукакунинг «Диэго Армандо Марадона» стадионига келиши клубни чемпионлик учун курашга қайтариши мумкин.
Конте ўзига ва ихтиёридаги таркибга шу қадар ишонмоқдаки, ёз давомида бир неча маротаба трансфер хабарлари марказида бўлган Виктор Осимҳенни қайдномадан четда қолдирди ва нигериялик футболчи Европада трансфер ойнаси ёпилиб бўлган бир вақтда клубсиз қолди ва якунда топ-5 лигадан ташқариги — Туркияга йўл олди.
8. «ПСЖ»
Килиан Мбаппенинг кетиши ортидан «Парк де Пренс»да «юлдузлар ёғдуси фестивали» якунланган кўринади. Ҳа, парижликлар бу гал ҳам трансферлар ойнасини катта харажат билан якунлади, бироқ бу ёзда Франция пойтахтига олиб келинган номлар юлдузли эмас, умидли, иқтидорли ва ёш. «Бенфика»дан 70 миллион евро эвазига харид қилинган Жоау Невиш аллақачон Лига 1да ўз иқтидорини намойиш этишни бошлаб юборди. Унга ишлатилган пуллар Парижда ўрнини топа олмаган Мануэл Угартенинг «Манчестер Юнайтед»га сотувидан қисман ёпилди.
Виллиан Пачонинг трансфери ҳимоя марказида Маркиносга яхши шерик топиш йўлидаги ҳаракатларнинг навбатдагиси бўлди. Дезире Дуэ ҳам ёзда Парижга келган янги иқтидорлардан бири. Мбаппе ўзи билан ҳар йиллик кафолатланган голларини олиб кетган бўлса ҳам, «ПСЖ»нинг янги лойиҳаси ҳам юқори потенциалга эгалиги кўриниб турибди.
7. «Атлетико Мадрид»
Хулиан Алвареснинг кутилмаган трансферига 95 миллион евро сарфлаган «матрасчилар» ёзги бозорнинг энг серхарж иштирокчиларидан бирига айланди. Аргентиналик ҳужумчи Ла Лигада ўзини кўрсатиб улгурганича йўқ, лекин ёзда бирга келган шериги Александр Сёрлот билан тандемда у келгусида Ла Лига тўпурарлиги учун курашиши мумкин. Икковлонга вазиятларни яратиб беришни эса Гризманн бажонидил ўз бўйнига олади.
«Челси» мухлисларининг севимлиси — Конор Галлаҳернинг трансфери ҳам Диего Симеоне яримҳимоясини яна бир жангчи билан тўлдирди. Робин Ле Норманнинг харид қилиниши жамоа ҳимоясидаги етишмовчиликларни қисман ёпди, бироқ муаммо тўлалигича бартараф этилмади. Жоау Феликснинг 45 миллион фунт эвазига «Челси»га сотилиши эса клуб президенти Энрике Серезони анча мамнун қилган бўлса, ажабмас.
6. «Манчестер Юнайтед»
Клуб бошқарувига янги қўшилган INEOS компанияси дастлабки ёзнинг ўзидаёқ аямай пул ишлатди ва бунда жамоанинг ўтган мавсумни буткул омадсиз тарзда — 8-ўринда якунлаши ҳам асосий сабаб бўлиб хизмат қилган бўлса керак. Техникаси юқори ҳисобланувчи Жошуа Зиркзе клуб хоҳлаётган даражани тақдим қила олишини исботлашига тўғри келади. «Бавария»дан олиб келинган Нуссайр Мазрауи ва Маттейс Де Лигт ҳимоядаги хилма-хиллик ва сифатни ошириши турган гап. Мануэл Угартенинг тўпларни ютиш қобилияти жамоанинг марказдаги муаммоларига ечим вазифасини ўташи керак. Лени Йоро ҳам жароҳатдан қайтгач, нима сабабдан унга «Реал» қизиққанини кўрсатиб бериши керак.
Сотувлар масаласида ҳам янги спорт директори Ден Эшворт амалга оширган кампания жуда муваффақиятли бўлди. «Қизил иблислар» сафини Арон Ван-Биссака, Мэйсон Гринвуд, Скотт Мактоминей ва Жейдон Санчо яхшигина трансфер суммалари эвазига тарк этишди.
Трансферлардаги муваффақиятга қараб «Манчестер Юнайтед»нинг мавсумдаги порлоқ истиқболини башорат қилишга шошилманг. Сўнгги йилларда манкунианлар харидларга пул сарфлашда ҳам, иқтидорларни сўндиришда ҳам «устаси-фаранг» бўлиб кетди. INEOS, дарҳақиқат, клубдаги дастлабки ёзги трансферлар ойнасини муваффақиятли ўтказганидан қувонса арзийди. Бироқ Эрик Тен Ҳагга ғолиб жамоа қуриши учун яна қанча пул ва вақт керак бўлар экан?!
5. «Арсенал»
«Тўпчилар» ажойиб трансфер ойнаси ўтказа олди ва бундан ўзлари ҳам, мухлислар ҳам мамнун бўлса керак. Иккитагина трансферда улар бир қатор муаммоларни бартараф этишди, чунки олиб келинган футболчилар ғоят кўп функцияли.
Ҳимояга Рикардо Калафиори олиб келинди ва унинг ҳимоя марказидаги комплекс маҳорати Артетага жуда қўл келади. Микел Меринонинг майдон марказида бажарадиган ишлари кўламини таърифлашга эса бутун бошли мақола ҳам етмаслиги мумкин. Ушбу трансферларнинг яна бир ижобий тарафи уларнинг харажатларини клубнинг иккинчи эшелон футболчилари: Эмил Смит-Роу, Эдди Нкетиа ва Аарон Рэмсдейлни сотиш орқали қоплай олинганида бўлди. Натижада, Микел Артета янги мавсум учун янада хилма-хил таркибга эга бўлди. Ҳужумга кўмак учун Раҳим Стерлинг ижарага олинган бўлса-да, спорт директори Эду бу сафар ҳам соф марказий ҳужумчи билан шартнома имзолашни уддалай олмади.
4. «Бавария»
Мюнхенликлар аллақачон Бундеслигани бошлаб улгурган бўлишса-да, янги мураббий Венсан Компани мураббийлиги остидаги жамоа мавсумни қандай ўтказиши ҳамон номаълум. Томас Тухелни алмаштириши кутилган номзодлар орасида анча орқа қаторлардан чиқиб келган белгиялик мутахассиснинг гранд жамоа бошқарувида нималар қила олиши ҳаммани қизиқтирмоқда. Лекин бир нарса аниқки, «Бавария» ёзда яхши кураш олиб борди.
«Штутгарт»да зўр мавсум ўтказган Ҳироки Ито, иккинчи уринишда амалга оширилган Жоау Палиня трансфери ва ёзги харидларнинг энг ёрқини — Майкл Олисе ўтган мавсум Германия биринчилигида бронза медалларини қўлга киритган жамоанинг трансфер операцияларидир. Бу харажатлар Манчестерга Мазрауи ва Де Лигтни жўнатиш эвазига ёпилди.
3. «Реал Мадрид»
Флорентино Перес, ниҳоят, узоқ йиллик мақсадига эришди. Футбол тарихидаги энг катта трансфер машмашаси ўз ечимини топиб, «Реал»га кўчиб ўтди. У билан бирга жамоа ихтиёрига келиб қўшилган Эндрик билан «қироллик клуби» номлар жиҳатидан дунёнинг энг кучли ҳужум чизиғига эга бўлди, десак бўлади. Анчелотти учун ёқимли «бош оғриғи» дейилаётган олд чизиқ танлови росмана ёқимли бўлиб қолиши қийинга ўхшамоқда, сабаби, бу каби катта юлдузлар армиясини хурсанд ҳолда жамоада ушлаб туриш анча қийин кечади. Бироқ италиялик мутахассис тактик билимидан ҳам кўра, футболчиларни яхши бошқара олиши билан ном чиқарган ва унинг бу борадаги маҳоратига шубҳа йўқ.
Ёзда ва мана кузга ўтди ҳамки, клуб мухлислари ва мутахассисларни биргина савол ўйлантирмоқда: Кросснинг ўрнини қандай ёпиш мумкин. Бу саволга ўзи ҳам жавоб топа олмаган «Реал» раҳбарияти бозорда беҳуда сарф-харажат қилишдан ўзини тийди. Хилма-хилликни сақлаш учун эса Дани Себаллос жамоада олиб қолинди.
2. «Ювентус»
Жамоага ўтган мавсумда спорт директори этиб тайинланган Кристиано Жунтоли қайта қуриш режасини ишлаб чиқди ва биринчи қадам сифатида Массимилиано Аллегри билан хайрлашди. Янги лойиҳага эса анчайин истиқболли мураббий — Тиаго Мотта олиб келинди. Янги мураббий трансфер бозорида қўллаб-қувватланди ва Кефрен Тюрам, Дуглас Луис, Тюн Копмейнерс каби футболчилар жамоага олиб келинди. Бу уч яримҳимоячи клубда сўнгги йилларда ҳаракат қилган марказ футболчилари орасида анча яхши сифатга эгалиги билан ажралиб туриши айтилмоқда. Адриен Рабионинг кутилмаган тарзда, эркин агент сифатида клубни тарк этиши трансфер ойнасидаги муваффақиятсизликлардан бири бўлса-да, янги келганлар француз футболчисининг ўрнини билдирмаслик салоҳиятига эга.
Шартномани узайтиришни рад этган Федерико Кьезанинг «Ливерпул»га пулланиши ортида юзага келадиган ҳужумдаги бўшлиқларни ёпиш учун Франсишку Консейсау ва Нико Гонсалес билан шартнома имзоланди. Дарвоза чизиғида Микеле Ди Григорио Шесни ўрнига олиб келинди. Жунтолининг таҳсинга сазовор ишларидан яна бири, ваниҳоят, Мойзе Кендан қутилгани бўлди. Дуглас Луис трансфер келишувига эса асосий таркибда ўрнини тополмаган Самуэл-Айлинг Жуниор ва Энсо Барренечеа қўшиб юборилди. Барча ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, «кекса синьора» Мотта қўл остида янгидан туғилишини тахмин қилиш мумкин.
1. «Манчестер Сити»
Катта иқтидорга эга Хулиан Алваресни жамоада сақлаб қолиш Пеп Гвардиолага ёққан бўларди, бироқ аргентиналик ҳужумчи кетишга шахсан қарор қилди. Ушбу трансфернинг ижобий томони «шаҳарликлар» асосий таркибда муқим ўрни бўлмаган футболчи учун яхшигина пул олишганида бўлди.
Манчестерликлар ўзаро ҳамкорликдаги «Труа»дан Савиони 21 миллион фунтга харид қилишди. Ўтган мавсум «Жирона» билан Ла Лигада шов-шув кўтарган бразилиялик иқтидор аллақачон бир қатор ўйинлари билан қанот ҳужумида ажойиб вариант эканлигини исботлаб улгурди. Ёз давомидаги энг катта ютуқлардан бири требл ютилган мавсумда жамоага сардорлик қилган Илкай Гундўғаннинг бир фунт ҳам тўламай клубга қайтарилгани бўлди.
Шунингдек, Саудия клублари томонидан катта қизиқиш билдирилган Кевин Де Брюйне ва Эдерсон Манчестерда олиб қолинди. Гвардиолага кераксизлиги 1,5 мавсумдан бери маълум бўлган Жоау Канселу эса қарийб Савиньога сарфланган пул эвазига «Ал Ҳилол»га сотилди.
«Goal» рейтинги асосида Абдулбасит Валихонов тайёрлади