Бир неча кун аввал Криштиану Роналду ўз «YouTube» саҳифасида собиқ жамоадоши Рио Фердинанд билан суҳбатлашди. Унда португалиялик юлдуз фаолияти аввалидаги қийинчиликлар, Саудия Арабистонига кўчиб ўтиш қарори ва Евро атрофидаги воқеалар ҳақида гапириб берди.
Рио Фердинанд: Хўш, Криштиану, менга студиянг ёқди. Кел, Саудияга кетишинг ҳақида гаплашамиз. Сенинг бу давлатга кўчиб ўтишинг футболда катта ўзгаришларга сабаб бўлди. Бу қарорнинг энг қийин жиҳати нимада эди?
Роналду: Рио, сен мени биласан, ҳаётим саргузаштлардан иборат. Мен 11 ёшимдаёқ катта шаҳарга кўчиб ўтиш учун ўз уйимни ташлаб чиққанман. Шунинг учун бу менга осонроқ туюлади. Давлатма-давлат яшаб юриш ҳаётимнинг бир қисми ва бу менга қийинчилик туғдирмайди. Очиғини айтаман, бу мен учун осон кечган. Сен дин борасида, об-ҳаво масаласида сўрашинг мумкин, аммо ҳеч бир мамлакат мукаммал эмас. Шундай экан, менда мослашиш бўйича ҳеч қандай муаммо бўлмади, деб бемалол айта оламан.
Рио: Ҳеч бир мамлакат мукаммал эмас, деган гапингга қўшиламан. Сен кетаётганингни биринчи бор эшитганимда ҳам шундай ўйлагандим. Сенинг Саудияга кетишингни айримлар негатив қабул қилган ва бу ердаги ҳаёт ҳақида салбий фикрлар билдирганди. Ўшанда ўзимга, хўш, биз қандаймиз, бизда ҳаммаси зўрми, муаммоларимиз йўқми, деб савол бергандим. Ҳаммада муаммо бор, оғайни, гап унга қандай қарашинг ва ёндашишингда. Шундай эмасми?
Роналду: Менинг фикримча, ҳар бир давлатнинг ўзига яраша муаммолари бор. Саудияда ҳам ажойиб жойлар бор, оилам билан зўр яшаяпмиз, дея оламан. Қизил денгиз бўйидаги яшаш жойимиз менга ўз уйимдек бўлиб қолган. Денгизнинг олмос каби мавжланиши ақлбовар қилмас даражада чиройли. Албатта, сени ва оилангни у ерга таклиф қиламан. Ишончим комил, сизларга жуда ёқади. Сенга шуни иккиланмай айта оламанки, бу — мен бўлган энг гўзал жойлардан бири. Саудиянинг бошқа бир қисмида Алула номли жой бор, у ерни таърифлашга тил ожиз.
Рио: Ҳа, мен у ерда бўлганман. Таърифлашга тил ожиз қоладиган даражадаги чиройли жойлар. Бир дўстим билан боргандик ва у гўзалликни кўриб йиғлаб юборганди.
Роналду: Ҳа, чунки бу — муқаддас жой. У ерда бўлганингда самовий қувватни ҳис қиласан. Ўзим ҳам буни ҳис қилганман. Саудия тоғларида қор ҳам топа оласан. Одамлар ишонмаслиги мумкин, лекин бу — ҳақиқат. Хуллас, Саудия — ажойиб мамлакат ва мен у ерда оилам билан бахтлиман. Айтиб ўтганимдек, мослашиш ҳам у қадар қийинчилик туғдирмаган.
Рио: Лигалар орасидаги фарқ қандай? Бизда одамлар Саудия лигасини осон деб ўйлашади.
Роналду: Ҳар бир лиганинг ўзига хосликлари бор. Ўйлашимча, одамлар билганларидан кўпроқ нарсаларни гапириб юборишади. Ҳар бир лиганинг ўзига яраша қийинчиликлари бор ва мендан бошқа футболчилар билан ҳам интервю олиб кўрсанг, буни тасдиқлашади: Саудия пролигаси осон чемпионат эмас. Лига қийин бўлиши билан бирга ҳаво жуда иссиқ ва бу ҳолатда бир хил даражани ушлаб қолиш анча оғир кечади. Саудия чемпионати жуда яхши даражада ва яна ўса олади. Мен ушбу лигага ўз хоҳишим билан келиб, ривожланишига ҳисса қўша олганимдан хурсандман.
Рио: Ҳа, худди Бекс (Бекҳэм) бир пайтлар МЛСга юлдузлар оқимини бошлаб бергандек, сен ҳам катта ҳаракатни бошлаб юбординг. Биринчи мегаюлдуз сифатида ушбу лигага келиш ва қолганларни ўзингнинг ортингдан эргаштириш қанчалик босимга сабаб бўлди?
Роналду: Биласан, ёшлигимдан бошқача ҳарактердаги инсон бўлганман. Мен нафақат футболда, балки бошқа барча жабҳаларда ўзимга ишонаман. Ростини айтсам, менда умуман босим йўқ эди. Мен учун босимдагилар — урушдаги одамлар: ейишга ҳеч вақоси йўқ, тунда бошлари устидан учиб ўтаётган ўқлар ичида яшашга мажбур — мана шулар, менинг назаримда, босим остида яшайдилар. Олдин айтганимдек, уйимни 11-12 ёшда тарк этганман, ҳар кечаси оиламни соғиниб йиғлардим. Саудияга келишда мендаги босим кўрсаткичи нолга тенг эди. Албатта, профессионал жиҳатдан қабул қилаётган қароринг мантиқлими ёки йўқ — шуни ўйлайсан, эплаб кета олармиканман, деб ўйлайсан. Бошқа тарафдан, мен ўзимни жуда эркин ҳис қилдим. Қаерда ўйнаган бўлсам, ўзимни кўрсата олганман. Қаерда бўлмай, лига даражаси ошишига ва футболчилар менинг ортимдан эргашишига ишонардим. Билардимки, Саудияда ҳам ёлғиз қолмайман. Қароримда пул асосий роль ўйнагани табиий, лекин мен аввалдан Саудия Арабистонида футбол маданияти яхши шаклланганини билардим. Бу ерда дўстларим ўйнаган, португалиялик бир қатор мураббийлар ишлаб кетган. Ҳа, юлдузлар бу қадар тез фурсатда келишини кутмагандим, бироқ менинг таъсирим остида лига ривожланишига ишонардим.
Рио: Мен 11 ёшлигингда уйингдан кетиб, тунлари йиғлаб чиқишингни миямдан чиқариб юбора олмаяпман. Чунки, онанг сен учун нималарни англатишини яхши биламан. Кимки, мендан сен ҳақингда сўраса, уларга сени оиласига меҳр қўйган йигит, деб таърифлайман. Бизни кузатаётган ёш йигитлар учун айтиб бер, қанчалик қийин бўлганди онангни уйда қолдириб, бошқа шаҳарда яшаш?
Роналду: Мен учун бу ҳаётимнинг бурилиш нуқтаси эди. Менимча, ўшанда жуда кўп қийинчилик кўрганим ҳисобига оғир вазиятларда ўзимни йўқотиб қўймасликни ўрганганман. Албатта, 11 ёшимда уйимдан кетган вақтда менга жуда қийин бўлган: онамсиз, отамсиз, ака-ука, опа-сингилларимсиз. 11 ёшли болангнинг сендан кетиб, Лондонда яшашини тасаввур қилиб кўр.
Рио: Буни тасаввур қилиш қийин. Ҳозир болаларим кунига 1 соат футбол ўйнаш учун уйдан чиқиб кетишади ва мен улар қайтгунича ақлдан озай дейман.
Роналду: Албатта, бу жуда қийин. Лекин отам ва онам менга доим айтиб келишган: «Қулоқ сол, Криштиану, агар орзуларингга ростдан эришмоқчи бўлсанг, сенга ҳам, бизга ҳам қийин бўлади. Аммо биз сенга имконият бермоқчимиз». Ва мен уйни тарк этдим. Аммо мен Яратганга шукр айтаман, чунки, ҳаётимнинг айнан ўша қийин даври сабабли бугун қийинчиликларни қандай енгиб ўтишни биламан.
Рио: Кел, Евро-2024 ҳақида гаплашамиз. Бу турнирни ёдингга солаётганим учун кечирасан. Лекин орадан бир мунча вақт ўтди ва менимча, энди сен ҳам бўлиб ўтган ишларга муносабат билдира оладиган ҳолатдасан. Сен йиғлаганингни кўриб, айримлар буни нотўғри талқин қилишди. Аслида нима бўлганди ва ҳозир бу воқеани қандай эслайсан?
Роналду: Биласанми, танқид қилиш осон. Медиа қандай ишлашини яхши биламиз. Яхши фикрлар ёзсанг, уни сота олмайсан. Агар Криштиануни танқид қилсанг, сен бош саҳифадасан. Бу — нормал. Ахир, мен дунёда энг кўп обуначига эга инсонман. Ҳаммаси менинг чиройли юзим натижаси (кулади). Нега Криштиану дунёдаги энг кўп обуначига эга инсон деб ўйлайсан? Футбол, титуллар, голлар, оила, ҳаёт тарзи ва бошқалар. Мени одамлар яхши кўришини биламан. Танқидлар эса доим бўлади, бу — бизнесимизнинг бир қисми. Йиғлаганим ҳақида савол беряпсан. Агар сен қилаётган ишингни чин дилдан бажарсанг, туйғуларинг ҳақида қайғуриб ўтирмайсан. Мен пеналтидан гол ура олмаган куним йиғладим ва фикримча, Облак фантастик сейв амалга оширди. Пеналтидан гол ура олмаганимдан сўнг, агар Португалия кейинги босқичга чиқа олмаса, дунё менинг устимга ёпирилишини ўйлаб йиғлаганим йўқ. Агар шундай ўйлаганлар бўлса, мени билмас эканлар. Ўйлаб кўр, сен сўнгги 27 та пеналтидан фойдалангансан ва айнан шу нуқтада гол ура олмадинг. Стадионга эса сенинг онанг, болаларинг, қаллиғинг келган ва сен улар ҳақида ўйлайсан. Мен агар ютказсак, Португалияда мени деб кейинги босқичга чиқа олмаганимиз ҳақида гапира бошлайдилар, деб ўйламадим ҳам. Буни қасам ичиб айтишим мумкин. Мен ўзимга босимни оладиган инсонман, биласан. 11 ёшимдан бери ўзимга: «Криштиану, сен дунёнинг энг зўр футболчисисан», деб келаман. Бунинг ўзига яраша босими бор. Ишинг юришиб турсаку, хўп-хўп, лекин барчаси ўхшамай қолиши ҳам мумкин. Мен ўзимга ўзим босимни ошириб юборадиган инсонман. Йиғлаганимда ўзимдан ранжиб йиғладим, одамларни деб эмас. Оилам ҳақида ўйлаб йиғладим, матбуотдан қўрқиб эмас.
Рио: Менимча, экранда онангни кўрганинг ҳам сенга қаттиқ таъсир қилди. Чунки мен ҳам Жаҳон чемпионатида мадҳиямиз янграётганда уйда уни баралла куйлаётган оиламни хаёл қилиб, йиғлаб юборганман.
Роналду: Албатта, бу – унутилмас лаҳзалар. Сен ўзлигингни намоён этишинг керак, ўз-ўзингни яшириб яшай олмайсан. Агар сен ҳисларингни яширсанг, демакки, ўзингни алдаяпсан. Кимдир танқид қилса, 40 ёшимда ўзимни ўзгартираманми? Йўқ, албатта. Ёқтирсанг ёқтирасан, ёқтирмасанг — йўқ. Бу — ҳаётнинг бир қисми. Ҳа, одамлар мени ёши ўтиб қолган дейишади, уларнинг фикрича, мен аллақачон фаолиятимни тугатиб бўлганман. Лекин худди шу мусобақа саралашининг ўзида 10 та гол урдим. Турнирдан аввал Ирландияга 2 та тўп киритдим. Еврода гол урганимда ҳам ҳозирги Криштиану заррача ўзгармасди. Бугун гол ура олмадимми, кейингисида ҳаракат қилиб кўраман. Гол уролмаётганим менга таъсир қилмайди, мен доим дарвозани ишғол қилишни хоҳлайман. Мен Францияга қарши ўйнайманми, «Ал Иттифоқ»қа қаршими — фарқи йўқ, мақсадим дарвоза бўлиб қолаверади.
Рио: Гол ура олмаганингда ўзингни қандай ҳис қиласан. Ёдингдами, Рууд ван Нистелрой гол ура олмаган куни даҳшатли тушга ўхшарди. Биз 3:0 ютган бўлсаг-у, у бирорта голни ўзиники қилмаган бўлса, кийим алмаштириш хонасида қовоғини уйганча ўтираверарди. Сенда бундай вазият қандай кечади?
Роналду: Жамоамиз ютса, барчаси яхши. Жамоамиз ютса ва мен гол урган бўлсам, бироз кўпроқ хурсанд бўламан, очиғини тан олишим керак. Лекин гол урган бўлсанг-у, жамоа ютказса, сен ўзингни унинг бир бўлагидек тутишинг керак. Лекин мен профессионал сифатида бир нарсани ўрганганманки, ютказдингми, буни қабул қилиб, ҳаётни давом эттириш керак. Ўтмиш қайтиб келмайди ва ҳозирги лаҳза ҳаётда олаётган энг катта туҳфамиздир. Ҳеч биримиз эртага нима бўлишини билмаймиз.
Рио: Хўп, мағлубиятдан кейин қанча вақт асабий ҳолатда давом этасан ва ўша ўйин кайфиятида бўласан?
Роналду: Ўйинлар ва уларнинг муҳимлик даражаси ўртасида фарқ бор. Мисол учун, Францияга қарши пеналтилар сериясидаги мағлубиятдан ўзимга келишимга 2 кун вақт кетган. Учинчи куни эса залга қайтишинг керак, айтганимдек, ҳаёт давом этади ва ҳали кўрсатишинг керак бўлган нарсалар кўп. Ҳаётни шундайлигича қабул қилиш керак. Мана шу — мен йиллар давомида англаб етган ҳақиқат. Оғир вазиятлар ҳаёт давомида доимо содир бўлиб туради. Ҳеч нарса осмондан тушмайди, сен барчасига меҳнатинг билан эришасан.
Рио: Португалиянинг Европа чемпионатидаги иштирокини қандай баҳолайсан. Мен учун мусобақани ютиш учун асосий фаворитлар қаторида эдингиз.
Роналду: Бу мавсумда 3та мусобақани пеналтиларда ютказдим. Ким билади, балки, бу мавсум 3 та титул ютарман. Бу — футбол. Франциядан аввал биз ҳам пеналтиларда ютиб чиққандик. Агар пеналтиларни ютганимизда, яримфиналга чиққан бўлардик. Испания билан ўйин қандай кечишини билиб бўлмасди ва нима бўлган тақдирда ҳам, одамлар буни яхшироқ қабул қилган бўлардилар. Лекин биз Францияга қарши устунлик билан ўтказган беллашувимизни серияда ютказдик. Фикримча, ўртача мусобақа ўтказдик, яхшироқ ўйнашимиз мумкин эди. Бу — келажак учун яна бир дарс.
Рио: Евро давомида телевидениеда ишладим ва одамлар сенинг тўлиқ ўйинни майдонда ўтказишинг ҳақида эътирозлар билдиришганди. Сенинг бундай фикрларга муносабатинг қандай?
Роналду: Танқидлар доим бўлади. Одамлар мен мусобақада 2 та гол урганимни эсламаяпти. Мен гол урсам ҳам, уролмасам ҳам шу ерда бўламан. Пеналтини уролмасам ҳам, яна тепавераман.
Рио: Сен жамоадошларингга ҳам шундай дейсанми? Уларга ишонч бериш учун буларни гапирасанми?
Роналду: Ҳа, мен доим шундайман. Ҳеч қачон ўзимни панага олиб қочмайман. Ёшлигимдан мени яхши биласан. Пеналтиларда ўзини олиб қочадиган йигитлардан эмасман. Баъзилар пеналтиларда нуқтага келиб, тўпни тепишда ўзига нисбатан камроқ ишонч сезади ва мен буни тўғри тушунаман. Уларни ҳурмат қиламан, лекин Криштиану ҳеч қачон бундай қилмайди. Мен муваффақиятсизликдан қўрқмайман. Одамлар эса ёмон тарафини кўрсатишни ёқтирадилар. Хўп, ўйиндан гол уролмадим, мен ҳам хоҳлардим, лекин бўлмади. Хўш, бир четда қўл қовуштириб туришим керакми? Йўқ, албатта. Мухлислар мени мана шу хислатларим учун ёқтиришади ва бу менга мотивация беради. Ҳеч ким мендан уларнинг меҳрини тортиб ололмайди.
Рио: Сен билан гаплашиб ўтириб мазза қиляпман. Баъзида менга баъзи видео ёки расмларни жўнатиб, бундан яхшироғини қила олишингни айтасан. Мен эса ўзингни боссанг-чи, дейман. Лекин сенда рад этиб бўлмайдиган хоҳиш ва футболга нисбатан ўчликни кўраман. Сен одамларга янада яхшироғига қодирлигингни исботлашни яхши кўрасан.
Роналду: Лекин мен сўнгги йилларда исботлаш учун ҳаракат қилмай қўйдим. Улар билан ишим йўқ. Ҳозир кўпроқ фарзандларимга кўрсатиш учун ўйнаяпман. Улар менга иштиёқ беради. Чунки, болаларим ҳаммасини кўриб туради. Албатта, футболни, ўзим учун ўйнайман. 39 ёшимда 60 га яқин гол урдим ва ҳамон мени танқид қиладиган одамлар бор. Улар ҳақида камроқ ўйлашни ўргандим. Боиси, бундан яхшироқ бўлган пайтимда ҳам улар бўлган. Еврони ютганимда ҳам шундай давом этардим, ҳеч нарса ўзгармасди.
Рио: Оғайни, агар мен 39 ёшимда Еврони ютганимда катта сигара қўлимда, оёғим стол устида ва бир қўлимда виски билан тун-у кун байрам қилиб чиқардим. Ваҳоланки, мен сен каби элита футболида ўйнаганман ва шунда ҳам сенинг ҳар куни 18 ёшингда қандай бўлса, ҳозир ҳам худди шундай энергия билан тонгда ўрнингдан туришинг мени ҳайратга солади.
Роналду: Буни тушунтириш қийин. Мен одамларни хурсанд қилишни ёқтираман. Бутун дунёдаги мухлисларим мендан ўрнак олишини биламан. Мен гол урсам, улар кўчаларда яхши кайфиятда юришларини биламан, бу уларни хурсанд қилишини ҳис этаман.
Рио: Энди фаолиятингни якунлаш ҳақида гаплашсак. Шу ҳақида гапириб бер.
Роналду: Сўнгги йилларда, айниқса, ҳаётдан роҳат олишни, ҳар лаҳзани қадрлашни ўргандим. Биламан, ҳозир ҳолатим яхши, мен ҳалиям футболда кўп нарса қила олишимни ҳис қиляпман. Ўзимда ишлашга нисбатан иштиёқ йўқлигини сезган куним нарсаларимни йиғиштириб, машғулот базасини тарк этаман. Лекин ўзимни бундан анча узоқда ҳис қиляпман. Бу мавсумда 60 га яқин тўп киритдим, Еврода эса ўхшамади. Хўш, нима қилибди? Мен ҳалиям тарихидаги энг кўп гол урган футболчиман. Яқинда 900 та голлик маррани забт этаман ва ундан сўнг минглик довон сари юраман. Мен 1000 та гол урган футболчи бўлишни хоҳлайман ва бунга ҳаракат қиламан. Ҳеч нарсани олдиндан билолмаймиз. Агар жароҳатлар халал бермаса, бу рекордга, албатта, етиб бораман. Мен тарихда 1000 та гол урган биринчиси бўламан. Фарқим шунда бўладики, мен урган 1000 та голнинг барчаси видеоларда акс этган ва барчасини исботлай оламан. Пеле, Ди Стефано… Уларни ҳурмат қиламан. Аммо менда ҳатто машғулотлардаги голларимнинг ҳам видеолари сақланади. Мен бу маррани забт этиш ва ҳар бир голимни исботи билан тарихга муҳрлашни хоҳлайман.
Рио: Сен билан ёшликдан кўп вақт бирга бўлганмиз ва сени яхши биламан. Ҳаётдаги оддий масалалар юзасидан ҳам рақобатлашишни яхши кўрасан. Оддий ўйинларни ҳам ютиш учун ўйнайсан. Ҳали ҳам шундаймисан?
Роналду: Ҳа, мен умр бўйи шундайман. Бир неча кун аввал Қизил денгиз бўйида Криштиану Жуниор билан падел ўйнадик. Эсдан оғиш ҳеч гап эмас, шу қадар зўр ўйин бўлдики. Мана 2 кундан бери ютказиб қўйганига мен билан гаплашмай юрибди. Аммо мен унинг бу қадар рақобатсеварлигидан хурсандман, кичкина Матео ҳам худди шундай. Ютказиб қўйса, ўзини тўхтата олмайди. Болаларим ҳам ўзимга ўхшайди, уларни бунга ўргатмаганман, лекин менинг мисолимда ўзлари учун шундай хислатни ўзлаштиришган. Мен болаларим билан ҳам ғалаба учун ўйнайман, Жоржина билан ҳам. Мендан ҳеч нарсани шунчаки ютиб олиб бўлмайди.
Абдулбасит Валихонов таржимаси