29.08.2024 19:48
4252
Теглар
«Барса»дан жиддий старт. Флик чемпионлик учун курашишини баралла эълон қилди

Испания Ла Лигасида дастлабки 3 та турни ҳам фақат бир жамоа ютишга муваффақ бўлди. Бу — Фликнинг «Барса»си. Германиялик мураббийнинг Каталония клубидаги муваффақиятли стартида нималар асосий омилга айланмоқда. Қуйида Ҳанси ечган муаммолар ва ҳали олдинда ечимини кутаётган масалалар ҳақида фикр юритамиз.

Испания миллий жамоаси Европа чемпионатида иштирок этаётган бир пайтда Германиянинг Донаушинген шаҳридаги машғулот базасида ўтказилган Ла Лига қуръаси натижаларидан «Барселона» мухлислари бироз хавотирга тушган бўлишса, ажаб эмас. Сабаби, янги мураббий қўл остида ишлашни бошлайдиган жамоани дастлабки уч турда ўта қийин беллашувлар кутиб турарди. «Валенсия» асрнинг учинчи декадасида етакчилар қаторидаги ўрнини йўқотиб қўйган бўлса-да, айни пайтда яна юқори поғоналар учун рақобат қиладиган жамоага айланган. Ўтган мавсум «Месталя»даги баҳсда каталонияликлар очко йўқотганди ва 2024/2025 йилги мавсумни бу стадионда бошлаш уларга анчагина қийин бўлишини тахмин қилиш қийин эмасди. Иккинчи баҳс — класико, Испания Ла Лигаси тарихида 2-дивизионга ҳеч қачон тушиб кетмаган уч жамоанинг бири «Атлетик» Билбаодир. Баскларга қарши тўқнашувлар доим оғир ўтиши билан бирга, Эрнесто Валверде шогирдлари ўтган мавсумда «кўк-анорранглилар»ни Қирол кубогидан чиқариб юборган, иккинчи даврадаги баҳсда дуранг ўйнаб, икки очкодан маҳрум қилишни ҳам уддалаганди. Учинчи рақиб «Райо Валекано» эса ўз майдонида Испаниянинг исталган грандидан очко олиши мумкин. Жумладан, «Барса» Валекасда сўнгги уч учрашувда ғалаба қозона олмаганди. Аммо буни қарангки, Ҳанс Дитер Флик қўл остидаги жамоа юқорида номлари санаб ўтилган ҳар учала рақибни мағлубиятга учратиб, 100 фоизлик натижа билан турнир жадвалида якка пешқадамга айланиб олди. Ҳар учала баҳсда ҳам жамоа ирода намойиш этиб, бир хил — 2:1 ҳисобидаги ғалабаларни қайд этди.

Флик ёз давомида атиги бир янги футболчини жамоага олиб келди — Дани Олмо. Ҳа, Пау Викторнинг трансфери ҳам амалга ошди, бироқ у ўтган мавсумни «Барса Атлетик» билан ўтказиб, Испания 3-дивизиони тўпурари бўлганди ҳамда унинг «Жирона»дан ижара шартномасида 3 млн еврога сотиб олиш имконияти назарда тутилганди. Каталон клуби фақат сотиш, кетказиш ва ижарага бериш ишлари билан машғул бўлмоқда. Боиси, клубнинг Ла Лига молиявий фейр-плэй қоидалари бўйича маош лимити анчайин чекланган ва Ҳанси янги трансферларни амалга ошириш уёқда турсин, ихтиёридаги футболчиларни ҳам рўйхатдан ўтказа олмаяпти. Натижада германиялик мутахассис ўзидан олдин ишлаган Хави сингари «Ла Масия» ёрдамида импровизация қилишга мажбур бўляпти. Мавсумнинг дастлабки 3та турида ундан таркибдаги ўзига хос ечимларни кўрдик. Жоау Канселу ва Маркос Алонсо кетгач, заҳирасиз қолиб кетган чап қанот ҳимоясини ўринбосарлар вакили Жерар Мартин билан тўлдирди ва 22 ёшли футболчи «Райо»га қарши баҳсни асосий таркибда бошлашга ҳам муваффақ бўлди. Таянч зонасида академия тарбияланувчилари Бернал ва Касадодан фойдаланмоқда. 17 ёшли Марк Бернал мадридликларга қарши баҳсда хочсимон пайларини узиб олди ва узоқ муддатга сафдан чиқди. Демак, Френки Де Йонг ва Андрес Кристенсен сафга қайтгунича Флик ихтиёрида фақат Марк Касадо қолмоқда. Ўтган мавсум ўринбосарлар таркиби сардори бўлган 20 ёшли футболчи ушбу кампания учун асосий таркиб рўйхатидан ўтказилган ва мураббий уни режаларига киритганини дастлабки турда «Валенсия»га қарши бошланғич таркибда майдонга ташлаши биланоқ кўрсатиб бўлди.

Яна бир янгилик — ўнг қанотдаги Ямалнинг феноменал ўйини натижасида захирада қолиши ёки сотиб юборилиши кутилаётган Рафинянинг ҳужумчи ортига ўтказилиши бўлди. Таъкидлаш керакки, бразилиялик футболчи янги позициясида ажойиб ҳаракат қилмоқда. Бироқ бу нуқтада ҳам уни Дани Олмо билан рақобат кутяпти. Кристенсеннинг жароҳати важи билан Ла Лига рўйхатидан ўтказилган Евро тўпурари «Райо»га қарши иккинчи бўлим аввалида майдонга туширилди ва мағлубиятга учраётган жамоасининг ўйинини ўзгартира олди.

Клуб олдида ҳамон битта футболчи учун фейр-плэйда жой ажратиш вазифаси турибди, зеро ҳозирги ҳолат бўйича январ келганда яна Олмо ёки Кристенсендан бири клубнинг Ла Лигадаги қайдномасидан ўрин ололмай қолади.

Флик келишидан аввал тахмин қилинганидек жисмоний тайёргарлик бўйича машғулотларни янги даражага олиб чиқди. Бунинг натижаси жамоа ўйинларида ҳам кўрина бошлади: «Барса» урган 6 голнинг 4 таси иккинчи бўлимда урилди. Жамоа ҳисобда ортда бораётган пайтда ҳам курашиш учун куч топа оляпти ва жисмоний устунлик эвазига ўйиннинг охирги қисмида рақибини ожиз қолдиряпти. Бунда Жулио Тус бошчилигидаги жисмоний тайёргарлик штабининг ўрни беқиёс. Улар таркибнинг жисмоний тайёргарлиги масаласини биринчи планга қўйишди. Хави даврида бошланғич таркибда ҳаракат қилган футболчиларга кейинги куннинг аввалидаги машғулотларида дам олиш имконияти берилган бўлса, ҳозирда улар ҳам ўйиннинг эртасигаёқ тикловчи-фаоллаштирувчи машғулотларда қатнашмоқда.

Ҳанси ўзгартирган яна бир жиҳат — жамоа ўйинида ўрта ва узоқ масофаларга бериладиган паслар миқдори кескин ошганлигида. Германия миллий жамоасининг собиқ мураббийи вертикал футболни ёқтириши барчага маълум. Рақиблар эса одатда горизонтал узатмалар билан рақиб ҳимоясига яқинлашиб келадиган «Барса»дан кутилмаган кроссларни кўриб, гангиб қолишмоқда. Қанот футболчилари тез-тез ўзаро кросслар алмашинуви орқали ҳужумни кўчиришмоқда. Мавсумдаги дастлабки гол ҳам Балденинг Ямал томонга юқоридан узатмаси ва 17 ёшли футболчининг Левандовскини бўш дарвоза олдига олиб чиқиши билан урилди.

ФИФА кунларидан аввал «Барса» мавсум дебютанти «Валядолид»ни ўз майдонида қабул қилади. Ҳанси Флик олдида мана шу ўйиндан талафотларсиз ўтиб олиш вазифаси турибди. Чунки ҳимоя маркази ва таянч яримҳимоясидаги ресурслар етишмовчилиги жамоани анча танг ҳолатга солиб қўйиши мумкин. Сентябр ойи аввалида эса Френки Де Йонг сафга қайтиши кутиляпти. Шунингдек, оёғида ноқулайлик сезаётган Эрик Гарсия ҳам 5-турдан эътиборан 100 фоиз жисмоний тайёргарлик билан беллашувларда иштирок эта олиши мумкин бўлади. Уларнинг сафига Ансу Фати ҳам қўшилиши ва Флик қўл остидаги дастлабки машғулотларда ижобий таассурот қолдирган футболчи чап қанот ҳужумида ранг-барангликни таъминлашга ёрдам бериши мумкин.

Асосий рақобатчилардан «Атлетико» 3-турда дебютант «Эспанол» билан дуранг ўйнаб, 5 очко билан қолиб кетди. «Реал»ни «Лас Палмас»га қарши баҳс кутиб турибди. «Қироллик клуби»да каталонияликларнинг Мадриддаги ғалабасидан сўнг босим ортгани аниқ. Улар ғалаба қозонган тақдирда ҳам «Барса»га ета олмайди, бироқ ФИФА кунларига асосий рақобатчини сезиларли фарқ билан олдинга қўйиб юборган ҳолда кириб боришни хоҳламасликлари аниқ.

Хуллас, муаммолар гирдобига тушиб қолган жамоага келганига қарамай, Ҳанс Дитер Флик Лапортага берган ваъдасининг устидан чиқиб, ихтиёридаги таркиб билан натижа кўрсатмоқда. Бу шунчаки омадли сериями ёки «кўк-анорранглилар» росмана кучайдими — буёғини вақт кўрсатади.

Абдулбасит Валихонов

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар