26.08.2024 17:05
2491
«Танам бошимдан юрагим қадар дарз кетди». Нойернинг хайрлашув мактуби

Бир неча кун аввал Германия миллий жамоасидаги фаолиятини якунлаган Мануэл Нойернинг хайрлашув мактуби «The Players’ Tribune» сайтида эълон қилинди. Футбол тарихидаги энг яхши дарвозабонлардан бирининг сўнгсўзига қулоқ тутамиз.

«Азиз Германия, аслида, бундай ишлардан йироқ, ўта сирли одамман. Аммо миллий жамоадан кетар эканман, шунчаки «инстаграм» пост билан чекланишни истамадим. Сизларга Германия мен учун нимани англатиши, футбол ҳаётимда нечоғлиқ ўринга эга эканлигини тушунтирмоқчиман. Боиси, бу қарор, ҳақиқатан ҳам, жуда қийин бўлди. Танам бошимдан юрагим қадар дарз кетди. Юрагим: «Сен буларни соғинасан: ўз Ватанинг шарафини ҳимоя қилиш ғурурини ва жамоадошларинг билан елкадош бўлишни». Аммо оилам билан маслаҳатлашгач, бу кетиш учун энг мақбул палла эканлигини англаб етдим.

Мен Европа чемпиони сифатида хайрлашишни мақсад қилгандим. Аммо турнирда бўлишнинг ўзи ва халқимизнинг янги авлод жамоасига тиргак бўлиб турганини кўриш ажойиб бўлди. Чунки қандай ҳолатдан миллий жамоага етиб келганимни унутмаслигингиз керак.

18 ой олдин «ўзи энди футбол ўйнай оламанми?» дея ўзимга савол берардим. Оёғимни синдириб олган дастлабки лаҳзаларда хотиржам эдим. Вертолёт келади, мени шифохонага олиб боради ва докторлар ёрдамида тезда оёққа туриб, майдонга қайтаман, деб ўйлаётгандим. Аммо маълум бўлдики, бу оддий оёқ синиши эмасди ва футболчилик фаолиятим жиддий хавф остида эди. Энг қийини — хавотир ичида яшаш эди. Бироз аввал чанғида учаётган эдинг, энди эса касалхона деворларига қараб, ҳаётинг мазмунига айланган машғулотни сендан тортиб олишлари мумкинлигини ўйлаб қийналасан.

Мен жуда қўрққандим. Менимча, ҳаммада шундай бўларди. Бир ҳафта шифохонада ётдим. Кейин эса терапист ва доктор ҳар куни уйимизга кела бошлади. Улар барчаси ўз ҳолига қайтиши мумкинлигини айтганларида қандай енгиллик ҳис қилганимни сўз билан таърифлаб бера олмайман. Ўша йилги янги йил байрамига доктор ва унинг оиласини бизникида қаҳва ичишга таклиф қилгандик. Муолажалар ўз якунига етгач ҳам оилавий кечки овқат учун бизнинг уйимизда жам бўлдик. «Бавария» тиббий бўлими вакилларининг ҳам бу борадаги ёрдами катта бўлди.

Бир неча ойлардан сўнг мен босқичма-босқич оёққа тура бошладим: яна қадам ташлай бошладим, яна югурдим, яна машғулотларга киришдим, яна майдонга тушдим… Ўзим соғинган ҳамма нарсани қайтариб олдим.

Мени энг кўп фахрлантирадигани — таслим бўлмаганим. Оилам, дўстларим ва яқинларим ёрдами билан Еврога 7 ой қолганда майдонга қайтдим. Турнир учун қайдномада исмимни эшитгач, чексиз ғурур ҳисини туйдим. Кичик мўжиза содир бўлганди.

Албатта, кўпчилик менинг яна биринчи рақамли дарвозабон бўла олишимга шубҳа билан қарашди. 38 ёшда эдим ва 1 йилча майдонда бўлмадим. Бироқ мураббийлар штаби менга асосий ўрин учун курашишим кераклигини айтишди ва мавсумнинг қолган қисмида ёмон ҳаракат қилмагандим. Ўзимга ўзим «балки ёшим 35дадир, жароҳатлар ўғирлаган вақтимни айириб ташласак, 35 ёш бўламан», деб айтардим. Биринчи ўйинимиз бошланиши билан катта мусобақада курашиш қувончини ҳис қилдим. Ҳамма нарсани унутдим. Мен Ер юзида ўзимга манзур бўлган энг бахтли нуқтада эдим… Устунлар орасида, давлатим шарафини ҳимоя қилаётгандим.

Ва мен яна мухлисларда жамоани қўллаб-қувватлашга бўлган иштиёқни кўрдим. Буни қайтариш учун жамоадошларим билан қанчалик кўп ҳаракат қилганимизни билсангиз эди. Миллий жамоа ва мухлислар орасидаги ришталар, биз бир мамлакат сифатида майдонга чиқаётганимизни ҳис қилишни жуда соғингандик ва буни Евро-2024да яна ҳис қилдик. Барчасини турниролди машғулот йиғинига жам бўлганимиздаёқ сезиб турардик. Жамоадаги ҳар бир футболчи нима учун курашаётганини яхши англарди. Ҳатто энг муваффақиятсиз даврларимизда ҳам жамоамиздаги атмосфера ажойиб даражада эди. Болалик пайтимизда мактабни тугатсак, олдимизда ўртоқларимиз билан ўйнаш учун бутун бошли ёз турганини ўйлаб қандай қувонган бўлсак, йиғиндаги хуш кайфият ҳам худди шу даражада эди. Турли ўйинлар ўйнардик: қарта, дартс, бочча, стол тенниси… Мен «Cornhole»да (америкача ўйин) ҳаммани ютардим. Муаммо шунда эдики, мен ҳамма ўйинларда рақобат қилишни яхши кўраман. Ҳатто ўйинлар аввалидаги танга ташлашда ҳам доим ютишга ҳаракат қиламан. Мағлубиятга нисбатан бетоқатман ва жамоамизда худди шундай ҳарактерли яна бир йигит бор эди: Томас Мюллер. У мен билан «cornhole» ўйнамасди. Чунки ютказишини биларди ва ҳатто мени ғирромлик қиляпти, деб ҳисобларди. «Сен улоқтиришда жуда кучлисан», дерди. Бу — Томас, нимаям қила олардингиз?!

Албатта, чоракфиналда ютказиш аламли бўлди. Аммо ушбу ёзда биз янги бир нарсага эришдик. Энди бизнинг ёш жамоамиз бор ва уни бутун Германия бор вужуди билан қўллаб-қувватлайди. Биз яна бир жамоага айландик ва бир мунча вақт буни уддалай олмагандик. Ўйлашимча, немис футболи тарихида янги саҳифани бошлаб бердик.

Таътилга чиқар эканман, менда позитив руҳ ҳукмрон эди. Ҳамма менинг ўйинимдан хурсанд эди ва ҳиссиётларим мени миллий жамоадаги фаолиятимни давом эттиришга ундаётганди. Менга бу жамоа билан ўйнашда давом этиш жуда хуш ёққан бўларди, чунки уларга ишонаман ва улар билан кўп вақт бирга бўлганман. Лекин давом этадиган бўлсам, Жаҳон чемпионати тайёргарлигига қўшилиб кетаман. 2026 йилда эса 40 ёшда бўламан. Ҳозирда танам «барчаси жойида» демоқда, аммо келажакни олдиндан билиб бўлмайди.

Беш ой аввал, Евро олдидан мен биринчи бор ота бўлдим. Дўстларим ва оилам билан маслаҳатлашгач, барчаси аниқ бўлди: мана шу — энг тўғри вақт. Агар яхши хотиралар кўп бўлса, хайрлашувлар ҳам осонроқ бўлар экан.

Яқинда 2014 йилдаги Жаҳон чемпионатининг 10 йиллик юбилейи ўтди. Бу — ўша таркибдаги собиқ жамоадошларим билан суҳбатлашганда энг кўп эслайдиган мавзуларимиздан бири. Лекин биласизми, ушбу чемпионат ҳам биз учун бироз нохуш бошланганди. Биринчи турда Португалияни мағлуб этгандик, аммо Пепе қизил карточка олган ва бизнинг ўйинимиз у қадар яхши чиқмаганди. Байядаги машғулот базамиз ҳам ғалати бўлганди. Мен ўз хонамда ётганимда шифтдан чакки ўтаётганини кўрардим. Ухлаётганимда деразам олдида ҳар хил ёввойи ҳайвонларнинг ириллаши, қичқириғи эшитиларди. Ўзимни ёввойи табиат ҳақидаги ҳужжатли филмга тушиб қолгандек ҳис қилганман. Ҳатто қушлар ҳам мени тинч қўйишмасди. Ганага қарши иккинчи беллашувда дуранг қайд этганимиздан сўнг бир дўстимга хат жўнатгандим. Ёзганларимни телефон орқали жўнатиб юборсам ҳам бўларди, лекин хат ёзишнинг ўзига яраша гашти бор. Хатжилд устида денгиз ва соҳил сурати бор эди. Ичига тахминан қуйидаги сўзларни ёзгандим: «Менимча, турнирни жуда эрта тарк этамиз. Ҳозирги ҳисларимни тўлақонли ижобий деб бўлмайди. Лекин қаттиқ ишлаяпмиз…».

Ҳозир бу сўзларни ўқиш ғалати туюлиши мумкин, лекин ростдан ҳам ўшанда менда шундай ҳислар ҳукмрон эди. Футбол — мана шундай ажойиб спорт тури. Кейин биз бир неча хунук ғалабалар билан гуруҳдан чиқдик ва тез орада яримфиналда Бразилияга тўқнаш келдик. Улар Неймарни йўқотишганди, аммо биз ҳам яхшигина босим остида эдик. 7:1 ўзимиз учун ҳам сюрприз бўлганди. Учрашувдан сўнг бразилиялик футболчиларни бағримизга босдик, чунки улар нимани ҳис қилаётганини Европадаги ўйинларимиз орқали яхши ҳис қилардик ва бу вазият ҳақиқатан ҳам жуда оғир эди. Мезбонларга қарши бундай тарздаги ғалабамизга қарамай, финал баҳси учун бразилиялик кўплаб мухлислар қўлловига эришдик. Уларнинг бизга нисбатан қандай муносабатда бўлгани — турнир ҳақидаги энг ажойиб хотираларимдан бири. Ва финал…

Биласизми ғалабаларда энг кўп нимани ёқтираман?! Финал ҳуштагини! Ҳуштак чалингач, сен ўз ютуғингни, ваниҳоят, нишонлашинг мумкин. «Маракана» майдонлари бўйлаб бир-биримизни қучиб, қандай хурсандчилик қилганимизни ҳалигача яхши эслайман. Германияда буни «шок лаҳзаси» деймиз ва бунда бир неча сониялар абадиятдек туюлиб кетади. Ҳозир ҳам худди ўша сонияларга қайтиб қолгандек ҳис қиляпман ва барчаси кўз ўнгимда гавдаланяпти.

Эсимда, 4 ёшимда «Шалке» машғулотида майдонга тушиб келгандим. Болалардан ҳеч ким дарвозага туришни хоҳламади ва мураббий: «Мануэл, сен дарвозада ўйнайсан», деди. Эсимда, онам ҳар икки йилда кир ювиш машинамизни янгилашга мажбур бўларди. Сабаби, менинг либосларим лой майдонда дарвозам томон тепилган тўпларга ўзимни отаверганим учун жуда ҳам кир бўлиб кетарди. Худди лойга беланган кучукдек уйга кириб келардим. Эсимда, машғулотлардан кейин чарчаган бўлсам ҳам, кўчада ўртоқларим билан футбол ўйнаш учун яна чиқиб кетардим. Чунки фақат ўша ерда мени яримҳимояга қўйишар ва тўпни оёқларимда кўпроқ ҳис этардим.

Эсимда, оилам ва дўстларимни академияда ўйнаш учун ташлаб кетишга мажбур бўлгандим. Ўша ётоқхонада ёлғизликдан қийналган пайтларим ўзимга дердим: «нега ўзим учун ҳаётни бунчалар қийинлаштиряпман? Қилаётган қурбонликларим нимагадир арзийдими ўзи?» Ҳа, Ману, арзир экан. Сен барчасини ўша финал ҳуштагини эшитганда туйган ҳисларинг учун қилган экансан.

Балки, Еврони ҳам ютишим мумкин эди, аммо афсусда эмасман. Фарзандим улғайганда одамлар унга отаси Германия шарафини ҳимоя қилганини айтишади. Умид қиламанки, мендан қолган мерос қўрқувсиз ўйнаш ва жамоадошларимга майдонда ҳар куни янада яхшироқ футболчи бўлишларига ёрдам берганим бўлади. Агар одамлар ҳам мен ҳақимда шуларни гапиришса, жуда хурсанд бўламан.

Энди «Бавария»ни ўзи мансуб бўлган ўринга қайтаришга бор эътиборимни қаратса бўлади. 38 ёшимда ҳамон футболга болаларча меҳрим ўзгармаган. Агар 20 метр нарида тўп турганини кўрсам, унинг олдига боришдан ва уни бир-икки тепишдан ўзимни тўхтата олмайман. Уни тинч қўёлмайман. Бу — футболга нисбатан жиноят. Мураббийларим мени тўп тепишни энди ўрганган боладек қувонишимни кўриб кулишади, лекин мен ростдан ҳам бутун умр худди ўша бахтни ҳис қилиб яшаяпман. Ўша сал наридаги коптокка томон югурмай қўйган куним мен учун бутунлай тўхташ вақти бўлади.

Энди миллий жамоа ўйинларини мухлислар сафидан томоша қиламан. Йигитлар, барчангизга бирга сарфлаган меҳнатингиз, ёрқин хотиралар, ҳазиллар ва кулгилар учун раҳмат айтаман. Сизни соғинаман. Бошлаган ишимизни давом эттиринг ва иштиёқингизни сўндирманг. Барчаси учун раҳмат. Посбонингиз — Ману».

Абдулбасит Валихонов таржимаси

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар