Суперлига 17-тури доирасидаги «Металлург» - «Динамо» (0:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида дастлаб Вадим Абрамов иштирок этиб, журналистларнинг ғалабали ўйин, дарвозабоннинг ғалати четлатилиши, ўйин олди машғулотга рухсат берилмагани ва Суперлигадаги майдонлар ҳолати ҳақидаги саволларига жавоб қайтарди.
- Табрик учун раҳмат! Ғалати вазият, ўз-ўзимизга муаммолар яратяпмиз. Биринчи бўлимда ёмон ўйнамадик ва ҳисобда устунлик билан чиқдик. Иккинчи бўлимда фақат тўғри ўйнашимиз кифоя эди. Бироқ биз ўзимизга муаммо яратдик ва вазиятни қийинлаштирдик. Якунда қаҳрамонларча ғалабани курашиб сақлаб қолдик. Шунга қарамай, йигитларга охиригача курашгани учун раҳмат дейман.
- Биринчи даврадаги ўйинда ҳам четлатиш кузатилган ва «Динамо» камбэк қилиб, ғалабани илиб кетганди...
- Ҳа, ўша ўйинга ўхшаб кетди. Бугун қандай жамоага қарши тўп сураётганимизни билардик ва қийин ғалабага эришдик.
- Равшан Ягудиннинг оддий вазиятда қизил карточка олиб майдонни тарк этиши тушунарсиз ва футболда уникал ҳодиса бўлди...
- Билмадим, ҳакамдан сўраганимда у «дарвозабон тўпни дарҳол тепиб юборганида сариқ карточка бўларди, аммо у ҳужумчи келишини кутди ва кейин тўпни тепиб юборди», деди.
Эҳтимол, у тўпни дарҳол тепиб юборганида ҳеч ким бу вазиятга эътибор қаратмасди, балки. Очиғи, вазиятни бир кўришда унча тушунмадим, бу мен учун тушунарсиз бўлди. Янги қоидалар кўпайиб кетгандек... Яхшиямки, ўша вазиятда пеналти белгиланмади. Вазият қандай талқин қилинаётгани тушунарли эмас.
- Ўйиндан бир кун аввал «Динамо»га ушбу майдонда машғулот ўтказишга рухсат берилмагани бугунги учрашувга қай даража таъсир қилди?
- Бу ҳолат аввало, бизга нисбатан чиройли муносабат эмас. Негадир биз билан шундай ишлар кузатиляпти. Аввалги сафар ўйинида «Нефтчи» билан баҳс олдидан Фарғонада машғулот ўташимиз учун майдон чими ўрилмаган, ёмон ҳолатда эди. Энди эса ўйиндан бир кун аввал учрашув ўтадиган майдонга машғулот ўтказишга қўйишмади. Регламент бор, аммо негадир уни бошқалар буза олаяпти... Очиғи, билмадим, бу савол менга бўлмаса керак, шунчаки бу чиройли ҳолат эмас.
- Суперлигадаги майдонлар ҳолати, жамоаларнинг ўз уйида эмас, бошқа шаҳарлардаги стадионларда тўп суришга мажбур бўлаётгани ҳақида кўп гапирилмоқда...
- Стадионлар масаласида бераётган саволингиз бўйича кўпчилик мураббийлар гапиришди, бу борада биринчи эмасман. Аксарият стадионларни ёпиб, 2-3та жамоани битта майдонда қандай ўйнатиш мумкин? Буни қайси майдон кўтара олади? Келинг, Самарқанддаги ўзимизни майдон мисолида гапирсам. Янгиланган майдонимизга жуда кўп зарур кимёвий ўғитларини бериб бориш, алоҳида парваришлаш керак. Бу майдонга қараш, парваришлаш учун катта маблағ талаб этилади. Ҳозирча майдонни янгилаган фирма ишчилари парваришламоқда, ўз вақтида уруғи, кимёвий қўшимчаларини беришмоқда. Аммо улар кетгач нима бўлади? Буни сақлаб туришнинг ўзи бўлмайди. Ўзи бизда кўркам майдон бор эди. Шунчаки олиб ташладилар. Ҳозирги майдон қанча вақт талабга жавоб бериши ўйлантиради. Кейинги мавсумда бу масалага тўхталса бўлади. Бу фақат биздаги майдон билан боғлиқ эмаслигини кўряпмиз. Майдонларга чим ётқизилаётганда, маҳаллий иқлим шароитини ҳам ҳисобга олиш керак. Ҳар ҳолда Нукусдаги иқлим Тошкентдагидан фарқ қилади ёки айтайлик, Қарши учун яхши бўлган майдон Самарқандда ҳам яхши бўлади, дегани эмас. Шу боис майдон масаласида ҳамма ўз иши билан шуғулланса, ҳаммаси яхши бўлади. Аммо ҳозир кўриб турибсиз, аксарият жамоалар қаерда ўйнашни билишмаяпти. Ниманидир яхши қилишни истаяпмиз, аммо якунда ундай бўлмаяпти.
- Энди миллий жамоалар ўйинлари сабабли Суперлигада катта танаффус юзага келади. «Динамо»нинг ҳозирги таркибидан кимларни миллий жамоага тўп суришга муносиб дея оласиз?
- Бу масалада гапиришни истамасдим. Миллий жамоамизда бош мураббий бор. Улар кимни таклиф этишни, қаерда ўйнатишни яхши билишади. Шу боис бу савол менга эмас.
- «Динамо»нинг етакчи ўйинчилари билан кейинги мавсум учун шартномани узайтириш масаласи кўриб чиқиляптими?
- Кўрамиз, ҳали мавсумни якунлаб олишимиз керак. Бу масалага ҳали тўхталамиз, - дея Вадим Карленовичнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.