«Байер»нинг ҳакам томонидан қўшиб берилган 11- дақиқада ғалаба голини уриб, ўз услубидаги ғалабаси билан Германия чемпионати ҳам бошланди ва кучли бешлик таркиби тўлиқ бўлди. Францияда эса «ПСЖ» Мбаппесиз ҳам хукмронлигини намойиш қилмоқда ва рақиблар дарвозасига жавобсиз 6 та тўп йўлламоқда.
Булар футбол ҳафталигига ўзига хос чигалёзди эди. Бугундан эса, Европа бўйлаб байрам давом этади.
БРАЙТОН – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (24 август, 16:30)
АПЛ навбатдаги турида ғалаба қозониш имконияти бир-бирига энг яқин бўлган жуфтлик. «Брайтон» биринчи турни янги мураббий билан жуда юқори савияда ўтказди ва сафарда «Эвертон» устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонди. «Манчестер Юнайтед» эса «Фулҳэм»ни минимал устунлик билан енгган бўлса-да, умумий ўйин сифати бўйича ўтган йилгидан кескин фарқ қилишини кўрсата олди. Янги қўшилган футболчилар, жароҳатларнинг камайиши ҳеч бўлмаса икки йил олдинги рақобатбардош «иблислар»ни тақдим этса ажаб эмас.
АПЛ доирасидаги охирги беш ўйиндан тўрттасида «Брайтон»нинг қўли баланд келган. «МЮ» фақат май ойида, ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган сўнгги тур ўйинида ғалаба қозона олди, холос. Айниқса, мавсум бошларида анъанавий тарзда «Брайтон» жуда яхши спорт формасида бўлади ва бир муддат турнир жадвалини бошқарган даврлар бўлган. Айнан тен Ҳаг даврида ҳар икки мавсум бошида «Брайтон» «Олд Траффорд»да ғалаба қозониб кетганди. Жумладан, тен Хагнинг «МЮ» бошқарувидаги илк ўйини ҳам айнан «Брайтон»га қарши бўлиб ўтганини эсласангиз керак. Айни дамда Фабиан Ҳурзелер шогирдлари қаторасига беш ўйиндан бери фақат ғалаба қозониб келишмоқда – беш ғалабадан учтаси йирик ҳисобда.
Таркибларга келадиган бўлсак, ҳар икки томонда ҳам йўқотишлар бор. Меҳмонлардан ҳамон Расмус Ҳойлунд лазаретда. Шунингдек, чап қанот ҳимоячилари Шоу ва Маласия катта эҳтимол билан бир ойдан кейин майдонга қайтишади. Шунингдек, Эрик тен Ҳаг Линделёфнинг тикланиб улгурмаганини матбуот анжуманида ошкор қилди. Мавсумолди ўйинларнинг энг яхши футболчиси Амад эса, бошқа сабаблар билан шерикларига ёрдам бера олмаслик эҳтимоли катта. Кеча футболчининг онаси вафот этди. «Брайтон» сафида ҳам жароҳатланганлар руйхати жуда узун ва уларнинг кўпчилиги ўтган мавсумдан бери сафга қайтгани йўқ. Хусусан, Фергюсон, Эступинян, Лэмпти каби футболчилар ўтган мавсумда оғир жароҳат олишганди. Энсисо эса жароҳатдан тўлиқ фориғ бўлганди, аммо Париждаги олимпада ўйинларида яна бир ойга сафдан чиқди. Шундай бўлса-да, бу йўқотишлар анчадан бери мураббийлар штабига маълум бўлиб, албатта, илк турлардан «Брайтон» ўзининг оптимал таркибида ҳаракат қилаётганини ҳам айтиш мумкин.
АСТОН ВИЛЛА – АРСЕНАЛ (24 август, 21:30)
Англиядаги шанба кунги ўйинларни ЕЧЛнинг икки иштирокчиси бўлмиш пешқадамларнинг ўзаро баҳси тугатиб беради. Бирмингҳэмликлар ўтган мавсумда «Арсенал»га қай тариқа муносиб қаршилик кўрсатганини ва уйда ғалаба қозонганини эсласангиз керак. Эмери шогирдлари ўз юришларини янги мавсумдан ҳам давом эттирмоқчи эканини илк турда Лондонда исботлашди ва анча кучайган «Вест Ҳэм» устидан ғалаба қозонилди. Ҳақиқий имтиҳон эса бугун бўлиб ўтади. Энг муҳими — «Астон Вилла» «Нюкасл»нинг ўтган мавсумдаги ҳолатига тушиб қолмасликка уриниши табиий. Икки фронтда ўйнай бошлаган Эдди Ҳау жамоаси якунда ҳар икки турнирда ҳам муваффақиятсизликка учрагани тажрибаси Эмерига дарс бўлгани шубҳасиз. Балким шунинг учун «Астон Вилла» трансфер бозорида фаол бўлди ва приоритет сифатида қандайдир юлдузларни сотиб олиш эмас, таркибни кенгайтириш билан шуғулланди. Савия жиҳатидан бир бирига яқин бўлган бир неча футболчиларнинг бўлиши ўз вақтида ротация қилиш имконини бериш билан бирга ҳар бир позиция учун рақобат муҳитини яратади.
«Арсенал» эса баъзи мутахассислар наздида ҳатто «Манчестер Сити»дан ҳам кўпроқ фаворит сифатида тилга олинаётгани сир эмас. Артета уч йилдан буён айни йўналишда иш олиб бориб, жамоани аста-секинлик билан ўстириб келяпти ва амалга оширилаётган трансферлар ҳам табиийки, умумий ҳолатни кучайтиради. Ўтган мавсумни тўлиғича ўтказиб юборган Тимбер, шунингдек Калафиорининг ҳимоя чизиғига келиб қўшилиши ўйиндаги ранг-барангликни оширса, «Сосиедад»дан сотиб олинаётган Микел Мерино майдон марказида қўшимча опциялар тақдим этиши турган гап. Хуллас, «Астон Вилла» ва «Арсенал»нинг энг ўхшаш тарафи – янги мавсумга кириб келиши умуман сезилмаган, яъни биринчи турда худди ўтган мавсум давомидек майдонга тушиб, ўзини кўрсата олган жамоалардир.
Юқорида фақат Бирминҳэмдаги учрашувни эсладик, аммо агар яхшилаб эътибор берилса, ўтган мавсумда «Арсенал»ни чемпионлик орзусига асосий зарбани айнан «Астон Вилла» берганди. Айнан «Вилла»га қарши Лондондаги ўйинда кутилмаганда бой бериб қўйган «Арсенал» очколар бўйича «Манчестер Сити»ни ўтказиб юборган ва шундан сўнг Пеп Гвардиола ўз ўйинларини ютиб навбатдаги чемпионликни қўлга киритганди. Демак, бу жамоада «Арсенал»нинг жуда катта алами бор ва қасос кечикмаслиги керак. Қизиғи, шу эсланган икки мағлубиятдан аввал «Арсенал» қаторасига тўрт ўйинда бирминҳэмликлар устидан ғалаба қозонганди.
БАРСЕЛОНА – АТЛЕТИК (24 август, 22:00)
Испанияда Эл Класико фақат «Реал» ва «Барселона» ўртасидаги ўйинлар эмаслигини яхши биласиз. Билбао жамоасининг бу жамоаларга қарши ўйини ҳам шундай номланади, сабаби, чемпионат тарихида қуйи лигага тушиб кетган уч жамоа айнан шулардир.
«Атлетик» ўтган мавсумда ўзига яраша сакрашни амалга оширди ва Ла Лигада бешинчи ўринни қўлга киритди. Агар «Жирона»нинг сюрпризи бўлмаганда ёки испан жамоалари еврокубокларда яхшироқ қатнашиб, бешинчи ЕЧЛ йўлланмасини ҳам ўзлариники қилиб олишганда, билбаоликлар бу мавсумда ушбу нуфузли турнирда қатнашган бўлардилар. Бундан ташқари, «Атлетик» Қироллик кубогини ҳам қўлга киритди. Эътиборли тарафи, «Атлетик» ушбу турнирда «Барселона»ни ҳам мағлубиятга учратганди. Ҳали янги йил бошида бу рақиблар Испания Суперкубоги финалига чиқиш учун баҳсда ҳам ўзаро тўқнаш келади. Хуллас ўз вақтида «Барселона»ни бошқариб, истеъфога чиқарилган Эрнесто Валвердеда собиқ клубидан ўч олиш учун имкониятлар бўлди ва яна бўлади ҳам. Шунингдек, Нико Уилямснинг Барселонада ўзини қай тариқа намойиш қилиши ҳам қизиқ бўлса керак. Европа чемпионати тугаганидан буён кичик Уилямснинг «Барса»га келиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишлар тинмаяпти. Айни дамда бу мавзу бироз тинчиган бўлса-да, трансфер ойнаси охиригача ҳар нарса бўлиши мумкин.
Меҳмонлар оптималга анча яқин бўлган таркибда ташриф буюришмоқда ва жамоа ўзагини ташкил қиладиган деярли барча футболчилар ўйинга тайёр. Фақатгина Испания миллий жамоаси посбони Унаи Симонда кичик жароҳат бор ва унинг майдонга тушиши сўроқ остида. Дастлабки турда ҳам билбаоликлар дарвозасини Агирресабала қўриқлаганди. Дарвоқе, 1-турда «Атлетик» ўз майдонида «Хетафе» билан 1:1 ўйнади, «Барселона» эса сафарда «Валенсия» устидан 2:1 ҳисобида иродали ғалабага эришди.
Мезбон жамоа таркибида йўқотишлар кўпроқ. Гави ва Ансу Фати катта эҳтимол билан келаси ой бошида сафга қайтишса керак. Френки де Йонг эса камида икки ой шерикларига ёрдам бера олмайди. Дани Олмони ниҳоят турнирга заявка қилиш имкони туғилди, зеро Илкай Гундўған «Манчестер Сити»га йўл олганидан хабарингиз бор. Аммо 26 ёшли яримҳимоячининг жисмоний ҳолатида муаммолар бор, у ҳам навбатдаги ўйинда майдонга туша олмайди. Яна бир жароҳатланган футболчи Роналд Араухо – у ҳатто бу йил ўйнай олмаслиги мумкин. Шундай бўлса-да, «Ла Масия»нинг имкониятлари кенг эканини сўнгги йилларда кўриб келяпмиз – хусусан, биринчи турда Касадо ва Бернал каби ёш футболчилар майдон марказида хукмронлик қилишди.
НАПОЛИ – БОЛОНЬЯ (25 август, 23:45)
Бу жамоалар учрашуви нафақат ўтган йиллардаги пешқадам жамоалар бўлганликлари учун, балким бу мавсумга қай ҳолатда кириб келаётганини кўриш учун ҳам қизиқарли. Масалан, «Болонья» шов-шув кўтариб, Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритган бўлса-да, ўзгаришлар катта – аввало бош мураббий. Шунингдек, Калафиори, Зиркзе каби етакчи футболчилар ҳам тарк этди. Сўнгги уч йилни «Фиорентина»да ўтказган Винченцо Италианодан Моттанинг ўрнини босишни кутмасак ҳам, ҳар холда ЕЧЛ иштирокчиси мавсумда қандай бўлиши қизиқарли. Биринчи турда ўз майдонида «Удинезе» билан дуранг, ягона гол ҳам пеналтидан киритилгани гўёки «Болонья»ни «қоғозда» нурсиздек кўрсатса-да, аслида ўйин тамоман бошқача сценарийда ўтди. «Болонья» рақиб дарвозасига 22 маротаба зарба берди, 5 та ўта хавфли вазиятга эга бўлиб, атиги биттасидан фойдаланди. xG бўйича биринчи турнинг энг яхши кўрсаткичи ҳам айнан «Болонья»да. Аммо рақиб атиги битта вазиятдан гол уриб, очко олиб кетди.
«Наполи»га келсак, Антонио Контедек шахснинг келиши, табиийки, алоҳида эътиборни жалб қилади. Мураббий шу пайтгача Италияда ўзи ишлаган жамоаларни чемпионлик шоҳсупасига олиб келган ҳам. Одатда Конте жамоалари айниқса, дастлабки турларни жуда кучли бошлаб, турнир жадвалида устунликни қўлга киритиши керак эди ҳам. Аммо кутилмаганда, «Верона»дан йирик мағлубият қабул қилиб олинди. Айнан мана шу натижа ҳам «Наполи»нинг навбатдаги ўйинига қизиқишни ошириши турган гап. Контенинг бу мағлубиятга реакцияси албатта, кўпчилик учун қизиқ. Майдонда қандай жавоб бўлишини энди кўрамиз-у, трансфер бозорида ўз таъсирини кўрсатди. «Наполи» Лукаку бўйича «Челси» билан келишувга эришди ва Конте яна ўз ҳужумчиси билан бирлашди. Албатта, «Болонья»га қарши ўйинда Лукакуни кўра олмаймиз, аммо бошқа харидни — «Бенфика»дан 25 миллион еврога сотиб олинган Давид Нерес майдонга тушиши мумкин.
Ўтган мавсумда айнан Неаполда бўлган учрашувда меҳмонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Биринчи даврадаги ўйинда эса ҳисоб очилмаган.
АТЛЕТИКО – ЖИРОНА (26 августга ўтар кечаси, 00:30)
Испанияда яна бир қизиқарли тўқнашув Мадридда бўлиб ўтади. Ўтган мавсум кашфиёти «Жирона» бу йил ҳам ўз даражасини ушлаб тура оладими? Ўтган мавсумда кучли учликка киришда катта ҳисса қўшган Довбик, Алеш Гарсия, Савио каби футболчиларнинг ўрни қай даражада билинади? Келганлар қай даражада таркибга мослашиб кета оладилар? Бир қатор эътиборли харидларни амалга оширган «Атлетико»чи? Сёрлот янги Мората бўла оладими? Алверес-чи? Галлаҳерга қандай вазифа топиб бериш мумкин? Саволлар кўп ва биринчи турда кўп масалалар очиқ қолганини ҳам эътироф этиш лозим. «Атлетико» «Вилярреал» майдонида дуранг ўйнаган бўлса, «Жирона» «Бетис» билан сафарда очколарни бўлишиб олди. Яъни ҳар икки жамоа ҳам анча қийин ўйинда мағлубиятга учрамади. Бу жамоаларнинг охирги 5 та ўзаро ўйинида дуранг қайд этилмаганини ҳам инобатга олсак, анча курашларга бой тўқнашувни кутишга ҳаққимиз бор. Умуман ҳаммаси бўлиб, ўзаро 10 ўйиндан атиги биттасида каталонияликларнинг қўли баланд келган – беш учрашув дуранг билан якунланган. «Жирона»нинг ўша ягона ғалабаси ҳам кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Ўтган мавсумда жамоа ўз майдонидаги ўйиннинг ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларида гол уриб, ҳисобни 4:3 га етказганди.
Яна бир эътиборли жиҳат, «Атлетико»нинг янги харидлари, хусусан — Ле Норман, Галлаҳер, ҳамда Алварес ҳам июлда тугаган қитъа чемпионатларида ўз миллий жамоалари билан финалгача боришди. Яъни машғулотларни анча кеч бошлаб, деярли назорат ўйинларида майдонга тушишмади. Фақатгина Ле Норман «Ювентус» билан бир тайм ўйнаб, кейин 1-турда тўлиқ ҳаракат қилди. Алварес умуман назорат ўйинларисиз атиги 12 дақиқага майдонга тушган бўлса, Галлаҳер умуман Евродан кейин ҳали футбол ўйнагани йўқ. Бу футболчиларда жароҳат бўлмаса-да, Симеоне уларни эҳтиёткорлик билан таркибга киритиб бориши талаб этилади. Демак, катта эҳтимол билан «Жирона» билан ўйинда ҳам Вилярреалдагига яқин таркибни кўрсак керак.
БОШҚА ЎЙИНЛАР
24 август. МАНЧЕСТЕР СИТИ – Ипсвич (19:00), ТОТТЕНҲЭМ – Эвертон (19:00), Лион – Монако (20:00), Парма – МИЛАН (21:00), БОРУССИЯ Д – Айнтрахт (21:30), ИНТЕР – Лечче (23:45),
25 август. Борнмут – НЮКАСЛ (18:00), Вулверҳэмптон – ЧЕЛСИ (18:00), Волфсбург – БАВАРИЯ (18:30), РЕАЛ – Валядолид (20:00), ЛИВЕРПУЛ – Брентфорд (20:30), Торино – АТАЛАНТА (21:30), РОМА – Эмполи (23:45)
Қаҳрамон Асланов