24.08.2024 16:19
8045
10 фактор. Нима учун Пеп ва «Сити» Гундўғанни қайтарди?

«Манчестер Сити»да Пеп Гвардиола ҳадеганда трансферларга шахсан аралашавермайди, бироқ каталониялик мураббий Манчестердаги собиқ қўшнисини клубга қайтаришга ўзи бош-қош бўлди. Қуйида Илкай Гундўғаннинг «шаҳарликлар» сафига қайтишидаги асосий факторларга назар ташлаймиз.

1-фактор. Пеп Илкайни қадрлайди. Ушбу трансфер ойнаси якунида ва қишки трансферлар ойнасида манчестерликлар янги футболчиларни жамоага олиб келишмаса ҳамда мураббий «Сити» билан ушбу мавсум якунида тугалланувчи шартномасини узайтирмаса, Илкай Гундўған Гвардиоланинг клубдаги илк ва сўнгги трансферига айланади.

Бундай бўлмаган тақдирда ҳам, бир неча кун аввал Германия миллий жамоасидаги фаолиятини якунлаган яримҳимоячининг Пеп томонидан қай даражада қадрланиши — исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат.

Илкай Манчестерга илк бор келган пайтда кўпчилик унинг жароҳатга мойил футболчилигини хавотир билан эътироф этганди ва бу ўз исботини топиб, Гундўған дебют мавсумини деярли жароҳат сабаб ўтказиб юборганди. Аммо мана 34 ёшга кирди ҳамки, испаниялик мураббий уни яна жамоасига трансфер қилишни рад этмаяпти.

2-фактор. «Шаҳарликлар» ёз давомида фақат бир трансфер — Савио харидини амалга оширди ва Пеп унинг ягона янгиланиш бўлиб қолишини айтиб келаётганди. Аммо баъзи сотувлардан сўнг вазият ўзгарди ва Гвардиола 2 та позицияга футболчи кераклигини гапира бошлади: «Агар Ҳоланд ва Родрига ўринбосар бўла оладиган, ўнта ўйиннинг иккитасида уларни алмаштира оладиган 2 нафар футболчи трансфери билан ойнани ёпсак, ўзимизни муваффақиятли кампания ўтказганимиз билан табрикласак бўлади. Ҳозирда таркиб бирмунча мўрт, бизга балансни ушлаш учун заҳира вариантлари керак. Лекин кимнидир харид қилсак, буни қатъий ўйланган нарх эвазига амалга оширамиз. Акс ҳолда, катта трансферлар қилишдан мантиқ йўқ».

Гундўған — Пеп хоҳлаётган профилдаги футболчи: у Родри позициясида ҳам ўйнай олади, Ҳоланд ўрнида майдонга тушиб, «алдамчи тўққизлик» сифатида ҳам иш бера олади. Иккинчидан, у эркин агент сифатида Манчестерга келди. Ва ниҳоят, германиялик футболчи, ёшидан келиб чиққан ҳолда, асосий таркибни талаб қилмайди.

Албатта, футболчининг Каталониядан кетиши кутилмаганда содир бўлди, аммо бу «Сити»нинг трансфер бозорида ақл билан ишлаётганини кўрсатади.

3-фактор. Гундўғаннинг келиши «Сити»нинг Родри масаласидаги хавотирларини бартараф этади. Ўтган мавсумда «шаҳарликлар» 5 маротаба мағлуб бўлишди ва уларнинг 4 тасида Родри таркибда бўлмаганди. Испаниялик футболчининг Пеп ихтиёрида бўлиши кафолатланмаган ва уни давомий равишда алмаштиришсиз ўйнатиш жисмоний зўриқиш ҳамда жароҳатларга сабаб бўлиши мумкин. Ўтган мавсум охирида Родри жуда чарчади ва шахсан ўзи «Лутон»га қарши беллашувда мураббийдан дам беришини сўради.

Ушбу мавсум Родрида бу каби дам олиш кунлари янада кўпайиши мумкин, чунки ёзги йиғинда ҳам Гвардиола унга Евро финалида унга қарши ўйнаган Фоден, Уокер ва Стоунсга қараганда кўпроқ таътил берди. «Челси»га қарши АПЛ очилиш учрашувида ҳам яримҳимоячи заҳирада қолдирилди.

Таъкидлаш керакки, Илкай Родрининг тўғридан тўғри дублёри бўла олмайди, аммо кўп йиллик тажрибаси эвазига унинг майдонда йўқлигини яхши ёпиши мумкин бўлади. У манчестерликлар сафида олдин ҳам таянч яримҳимоясида ўйнаган ва Пепнинг фикрича, 2018-2019 йилги мавсумда Гундўған жароҳатланган Фернандинионинг ўрнини ёпмаганида, уларнинг чемпион бўлиши имконсиз бўлиб қоларди.

4-фактор. Ковачични ушбу трансфердан энг кўп зарар кўрган футболчи, деб аташмоқда. Аслида-чи? Бир тарафдан, хорватиялик футболчини ростдан ҳам бевосита Илкайнинг ўрнига олиб келишганди. Интервюларидан бирида Матео янги мавсумда таянчдаги ўйинини яхшилаб, Родрига кўпроқ ёрдам беришга ҳаракат қилишини айтганди. Бунинг учун Родрининг ўйинидан видеоларни Пеп билан бирга кўриб чиққани ва испаниялик мутахассис ундан майдонда қандай янги функцияларни хоҳлашини кўрсатиб бергани хабар қилинганди.

«Энди мендан ҳимояланиш пайтида яхшироқ позиция танлаш, ўз зонамни ушлаш ва ҳужумга кўп ҳам қўшилавермаслик сўралмоқда. Тўпни ўзида кўп ушлаб турувчи футболчи учун бу каби хусусиятларни ўзлаштириш осон бўлмайди», — деганди Ковачичнинг ўзи майдондаги янги вазифалари ҳақида.

Янги ролдаги дастлабки ўйинларидаёқ яримҳимоячи бу масалада ҳам иқтидорли эканини кўрсатмоқда. Ҳа, хатолар бор, аммо ўйин амалиёти билан уларни ҳал қилиш мумкин. Бироқ Гундўғаннинг қайтиши бунга имкон берармикан? Ҳа дейиш ҳам, йўқ дейиш ҳам мумкин. Ковачичнинг ўсиши учун фойдали тарафи энди унда рақобат бўлади. Аммо шу билан бирга, хорватиялик Илкайни ўзига бевосита рақобатчи сифатида кўрмайди. Боиси, у таянч зонасида, асосан, шерик билан ўйнамоқда. Балки, Пепнинг ҳам режаси кези келганда уларни жуфтликда майдонга ташлашдир.

5-фактор. Бу трансфердан «Сити»да кимдир ютказган бўлса, бу — Матеуш Нунеш. Ўтган мавсум у соғлом бўлишига қарамай, майдонга жуда кам майдонга тушди. Янги мавсумда эса яримҳимояда унинг 5 нафар рақобатчиси бўлади: Гундўған, Родри, Ковачич, Бернарду ва Де Брюйне. Дарвоқе, «Сити» академиясидан чиқаётган ёш иқтидорларни ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди.

Ўтган мавсум Гвардиола уни ноилож тарзда қанот яримҳимоясида ҳам ишлатди, бироқ бил йил вингерларда ҳам рақобат яхшигина. Чапда Грилиш ва Доку ўйнаса, ўнгда Фоден ва Савио кураш олиб боради.

Умуман, Нунешни «Сити»нинг таянч зонасига «янги Родри» излашдаги навбатдаги муваффақиятсиз миллионлари деб аташ мумкин. «Шаҳарликлар» ўз вақтида Келвин Филлипс учун ҳам яхшигина пул тўлашганди.

6-фактор. Инглиз нашрларининг ёзишича, «Манчестер Сити» Ҳоландга ўринбосар ҳужумчи харид қилиш бўйича ишламоқда ва «стол устидаги» вариант «Селтик»нинг япониялик ҳужумчиси Кёго Фуруҳаси бўлиб турибди. Хулиан Алвареснинг «Атлетико»га трансферидан сўнг норвегиялик ҳужумчи олд чизиқдаги ягона танловга айланди ва бу таҳлид мавсумга кириб бориш жуда хавфли.

Шу ўринда Фуруҳаси трансферини ҳал қилинган келишув сифатида кўрмаслик керак ва «шаҳарликлар» биргина Ҳоланд билан мавсумни бошлаши эҳтимолини истисно этиб бўлмайди. У ҳолда Илкай Гундўған трансфери Гвардиолага қўл келиши мумкин. Ҳа, у клуб тўпурарини тўғридан тўғри алмаштира олмайди, аммо Пеп марказий ҳужумчисиз ўйнашни биладиган ва ҳатто қойиллатадиган мураббий эканини унутмаслик керак. Шу билан бир қаторда германиялик футболчига марказий ҳужумчисиз жамоада ҳужумларни якунлашда қатнашиш бегона эмас. Унинг ушбу қобилиятини мураббий ҳам жуда қадрлайди: «У доим ҳам жарима майдончасига киравермайди. Аммо агар у ерда пайдо бўлиб қолса, ўта аниқлик билан ва жуда тез ҳаракат қилади. Бир сонияга ҳам, бир дақиқага ҳам адашмайди. Доим тезлик олиш учун тўғри вазиятни танлай олади. Шу туфайли, саросимага тушмайди ва хотиржамлик билан барчасини ҳал қилади».

7-фактор. Гундўған ва Ҳоланд боғлами «Сити»нинг треблга эришган мавсумида энг қадрланмаган элементлардан биридир. 34 ёшли яримҳимоячининг ўзи бу ҳақида гапирганда ҳимоячиларнинг эътибори Эрлингга қаратилгани боис уни қўриқламасликларини ва у бундан фойдаланиб кетишини айтиб ўтганди. Ҳоланд ҳам атрофида Илкайдек шерик бўлган пайтда ўзини яхшироқ ҳис қилиши аниқ. «Сити»даги сўнгги мавсумида Гундўған норвегиялик форвард берадиган пасларнинг асосий манзилига айланганди.

Ўтган мавсумда кўплаб вазиятларда Эрлинг ҳужумда ёлғиз қолиб кетди. Хусусан, «Арсенал»га қарши ўйиндан кейин Пеп ўйинни таҳлил қилар экан, Ҳоланд ҳимоячилар томонидан ёпиб ташлангани ва уни олдинда қўллаб-қувватлаш учун ҳеч ким бўлмаганини эътироф этганди.

8-фактор. 2023/2024 йилги мавсумда «Сити»га нима етишмади? Жавоби қуйидаги графикда!

Кўриб турганингиздек, сўнгги мавсумда «шаҳарликлар» сезиларли даражада кўп қарши ҳужумларда голлар ўтказиб юборишни бошлашди. Жадвалдаги 2-ўриндаги кўрсаткич ҳам Гундўған жароҳат сабаб ўтказиб юборган мавсумга тўғри келади. Пеп бир эмас, бир неча маротаба Илкайнинг ҳужумда ўйин ритмини яхши ҳис қилиши ва шунга кўра, ҳужумни тезлаштириш-секинлаштириш ишларини бошқаришини мақтаган. Айнан мана шу типдаги футболчи ўтган мавсум жамоада топилмади.

Ҳа, германиялик футболчининг кетиши ягона сабаб эмасди. Гвардиола футболчиларини икки типга ажратади: назорат қилувчи ва динамика берувчилар. Биринчи типдагилар сафидан Риёз Маҳрез ҳам клубни тарк этди ва Жек Грилиш барқарор равишда асосий таркибда бўлмади.

Афтидан, Гундўғаннинг бирламчи вазифаси механизмни ўз изига солиш бўлади. Чунки мавсумнинг дастлабки учрашувларида ғалабага эришилган бўлса-да, «Манчестер Юнайтед»га қарши баҳсда ҳам, «Челси» билан ўйинда ҳам хатоликлар кузатилди.

9-фактор. Маълум қилинишича, Пеп ушбу мавсумда янги услубдаги позицион ҳужумлардан фойдаланмоқчи. Дастлабки беллашувларда «Сити» ҳужумга ўтаётганда плеймейкер зонасида бирданига 3 нафар футболчи кўриниш бера бошлади.

Гундўған эса Германия миллий жамоасида Евро-2024да худди шу типдаги вазифани бажарганига гувоҳ бўлдик. Бу позицияда Илкай нафақат ҳужумларни ташкиллаштириш, балки уларни якунлашда ҳам қатнаша олади.

Ҳозирда «Сити» футболчилари ушбу схемага секин-асталик билан кўникма ҳосил қилиб бормоқда ва бу борада тажрибали футболчининг таркибда бўлиши жараённи осонлаштириши аниқ. Педагогик тарафлама ҳам ривожланиб бораётган Гундўған (мураббийлик лицензияси учун ўқимоқда) жамоадошларига услубни тушунтиришда ҳам фойдаси тегади.

10-фактор. Илкайнинг мавсум якунида «монстр режими»ни ёқиши ҳақида Кайл Уокер интервюларидан бирида айтиб ўтганди ва бу хислат янги мавсумда «шаҳарликлар»га асқатади. Боиси, бу гал уларнинг қаршисида нафақат мавсум якунидаги тиғиз тақвим, балки клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ҳам бор.

«Манчестер Сити»га ўтган мавсум «сюрприз эффекти» етишмади ва Илкайда бу хусусият мавжуд. Айниқса, «Реал» ва «Манчестер Юнайтед» каби жамоаларга қарши муҳим ўйинларда у ўзини анча яхши кўрсата олади. Бу каби баҳсларда германиялик футболчи Пеп қўлидаги яширин картадек ишларди. Гундўған суғурталайдиган жиҳат голлар эмас, аммо у билан ҳужумлардаги ранг-баранглик ошиши кафолатланади.

Албатта, унинг қайтишини қўлловчи аргументларни хўб келтирдик. Аммо хавотирлар ҳам йўқ эмас. Энг асосий савол шуки, Илкайнинг оёқлари бундан буён ҳам мияси буюрган ишларни бажариб бера оладими? Гвардиолада бу борада Фернандинио билан кузатилган аламли тажриба бор. Бразилиялик футболчи шу қадар қўпол хатоларга йўл қўя бошлагандики, Пеп уни хайрлашув учрашувининг танаффусидаёқ заҳирага олишга мажбур бўлганди. Бу борада бир тинчлантирувчи ҳолат борки, Илкай олмонлар миллий жамоасидаги фаолиятини якунлади ва бор эътиборини клубга қаратади. Унинг жамоадаги тўлдирувчи роли ортиқча энергия ва чидамлилик талаб қилмайди. Шу факторларни инобатга олган ҳолда, «Манчестер Сити» афсонасини ўзига мос ҳурматда клубдаги фаолиятини тугатишини тилаб қоламиз.

Вячеслав Палагин мақоласи,
Таржимон — Абдулбасит Валихонов

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар