Ўзбекистон чемпионати 17-туридан ўрин олган «Локомотив» — «Қизилқум» ўйини санаси яна ўзгарди.
«Бунёдкор» стадиони чимини миллий жамоанинг КХДРга қарши ўйинига сақлаш мақсадида беллашув 24 август куни «Дўстлик» стадионида ўтказилиши маълум қилинганди.
Бироқ шундан кейин Лига ҳамда Sport телеканалига боғлиқ бўлмаган ўзгаришлар рўй берди. Хабарингиз бор, айни вақтда Ўзбекистон футзал бўйича жаҳон чемпионатини ўтказишга пухта ҳозирлик кўрмоқда. Мусобақа телетрансляцияси муҳим аҳамият касб этади ва буни амалга оширишга тайёргарлик кўриш жараёнида телерадиокомпаниянинг ҳиссаси бор.
Суперлига учрашувида эса VAR техникасининг фаолият олиб бориши муҳим аҳамият касб этади. Бунинг учун беллашув суратга туширилиши лозим. Шундан келиб чиқиб, телеканал ҳамда Лига ўзаро келишган ҳолда ҳар икки клуб билан музокара олиб бориб, якунда учрашувни яна 1 кунга суришга қарор қилди.
Шунингдек, «Қизилқум» клубининг U-21 жамоаси аъзолари Тошкентга келиши учун аллақачон чипталар харид қилинганидан келиб чиқиб, ўринбосарлар ўртасидаги ўйин санасига ўзгартириш киритилмади. Келишувга кўра, асосий ва U-21 жамоалари баҳси 25 aвгуст куни параллел равишда бўлиб ўтади. Асосий беллашув 18:00да старт олади.
Лига мавжуд ҳолат учун футбол жамоатчилигидан узр сўрайди. Айни вақтда биз Суперлига учрашувларини белгиланган тартибда ўтказиш учун барча воситани ишга солиб келмоқдамиз. Бироқ Лигага таалуқли бўлмаган бошқа масалалар ҳам борки, охир-оқибат улар билан ҳисоблашишимиз лозим. Умид қиламизки, жамоатчилик вазиятни тўғри тушунади», — деб ёзади ПФЛ матбуот хизмати.