Жуд Беллингҳэмнинг Ла Лига 1-тури доирасидаги «Маллорка»га қарши беллашув танаффусида стадион остидаги тоннелда ҳужумдаги учликка нисбатан эътирозлари тармоқда айланмоқда. Палма оролидаги баҳсда «Янги галактикос»даги майда деб ҳисобланган камчиликлар қандай муаммоларга сабаб бўлиши кўриниб қолди.
«Қироллик клуби» учун Испания Ла Лигаси очилиш ўйини кўнгилдагидек ўтмади, «қаймоқранглилар» «Маллорка» майдонида 1:1 ҳисобида дуранг қайд этишди ва турнирни очко йўқотиш билан бошлашди. Албатта, ваҳима қиларли ҳеч нарса йўқ, яна 37 та тур бор. Аммо яқинда 21 ёшни қарши олган ва Мадридга ўтган мавсум аввалида келган Жуд Беллингҳэмнинг фикри бошқача. У майдондаги ҳаракатлари билан жамоасини олдинга бошлашдан ташқари, кийим алмаштириш хонасида ҳам қандай овозга эга эканлигини «Сон Моикс» стадионидаги камералар орқали кўрдик. Танаффусдан кейин майдонга тушиш арафасида ҳужумдаги трио: Килиан Мбаппе, Винисиус Жуниор ва Родриго ҳимоячилар уларга бўшлиқ бермаётгани ҳақида гаплашиб туришганди ва шу жойга Жуд келиб: «Сизлар — учалангиз вазиятларни тезроқ якунламасангиз бўлмайди. Ҳужумдан сўнг орқага қайтавериш роса чарчатяпти», — деди.
Жуднинг гаплари статистикада ўз тасдиғини топди: «Реал» беллашув мобайнида 13 та зарба берди ва уларнинг атиги 5 таси аниқ эди. 90 дақиқа давомида дунёнинг энг кучли ҳужуми дея эътироф этилаётган йигитлар бирорта яққол голли вазият ярата олишмади. Родригонинг голи ҳам индивидуал маҳорат эвазига мураккаб вазиятдан киритилди. xG (голлар кутилмаси) кўрсаткичи борасида эса мезбонлар 15 карра Чемпионлар Лигаси ғолибларидан яхшироқ натижа қайд этди.
Хўш, муаммо нимада эди?
Энг асосий хато сифатида учала ҳужумчининг чап қанотга тиқилиб қолиши кўрсатилмоқда. Бу муаммо, аслида, Мбаппе келишидан олдин тахмин қилинган ва «Аталанта»га қарши беллашувда ҳам кузатилган бўлса-да, мана энди «Маллорка»га очко бой берилгач, кўпчиликнинг эътиборини тортди. Учала (Беллингҳэм билан 4 нафар) ҳужум вакили ҳам ўнгақай футболчилар. Ҳа, уларнинг жарима майдонигача бўлган масофани босиб ўтиш услубларида фарқ бўлиши мумкиндир, аммо ҳужумга қўшилиш жараёни чап тарафдан бошланаверар экан, рақибда ҳимоялаш керак бўладиган майдон ҳажми анчагина қисқаради ҳамда мадридликлар қаршисида 1-турда кузатилганидек анча зич ҳимоя чизиғи пайдо бўлади. Якшанба оқшомидаги баҳсда бир неча маротаба тўртала футболчининг 15 метр радиусга тиқилиб қолган вазиятлари кўзга ташланди.
Аммо юқоридаги фикрлар билан «Реал» ҳужуми буткул самарасиз ўйнади, дейишдан йироқмиз. Мадридликлар ҳужум чизиғидаги учовлон ва Беллингҳэм ўртасида нақ 83 та пас алмашинуви амалга ошди. Ҳужум учлиги ўзаро 368 та тегинишни амалга оширди ва бу Ла Лига биринчи турида исталган бошқа жамоанинг кўрсаткичидан камида 100 тага кўп дегани. Бироқ нега мана шундай ақлбовар қилмас рақамлар билан ҳам уларда рақиб ҳимоясини ёриб ўтиш бўйича муаммолар кузатилди? Бизнингча, бу — амалдаги чемпионларнинг Кроосдан кейинги даврга ўтиш жараёнида кузатилиши муқаррар бўлган муаммоларнинг юзага чиқиши. Федерико Валверде «Маллорка» билан идеал ўйнамагани рост, аммо ўзининг энг зўр ўйинида ҳам уругвайлик яримҳимоячидан рақиб зич ҳимоясини ёриб ўтишга қодир бўлган Кроосга хос пасларни кутиб бўлмайди: унинг устунлиги бошқа жиҳатларда. Тонининг кетиши ва Чуаменининг ўз позициясига қайтиши ортидан Феденинг вазифаларида ўзгаришлар кузатилади ва энди ундан кўпроқ ҳужумларни кескинлаштирувчи узатмалар кутилади. Албатта, Валвердега бу хислатлар бегона эмас, бироқ уларни рақамини мерос қилиб олгани — устози каби сурункасига бажариш катта тажрибани талаб қилади. Унгача эса «Реал» очко йўқотишда давом эта олмайди. Устига-устак, Лука Модричнинг ҳам ёши унга тўлиқ имкониятларини кўрсатишга тўсқинлик қиляпти. Қандай потенциал ечимлар бор? Албатта, Карлола вазиятдан чиқиш бўйича режалар борлиги аниқ. Улардан бири ўтган мавсумда фойдаланилган 4-4-2 (4-1-2-1-2) схемасига қайтиш. Бунда ҳужум учлигидан кимдир заҳирага ўтириши, марказга эса катта эҳтимол билан Камавинга туширилиши керак бўлади. Шунда Жуд Беллингҳэмнинг ҳимояга фаол тарзда ёрдамлашишига зарурат қолмайди ва у ўтган мавсум аввалида сермаҳсуллик келтирган 10-рақам позициясида ўйнаши мумкин бўлади. Бундан ташқари, яримҳимояда футболчиларни кўпайтириш Карвахалнинг ҳужумга қўшилиш имкониятларини оширган бўларди.
Шу ўринда Карло Анчелотти қўл остида юлдузли жамоани яна тизимлаштириш ва улар учун мос келадиган аниқ режа ишлаб чиқиш масъулияти ҳам турибди. Италиялик мутахассис фаолияти давомида кўп маротаба бу ишни уддалаган, айниқса, Мадридда. Унинг ўзи ҳам муаммоларини тушуниб турибди ва эътироф этмоқда.
«Биз яхшироқ ҳимояланишимиз керак. Бизга кўпроқ балансни сақлаш муҳим. Олдин ҳам буни айтгандик: биз жуда ҳам ҳужумкормиз ва бундай ўйин услубида балансни ушлай билиш ўта зарур», — дейди Карло ота.
Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, дурангдан фожиа ясашга ҳожат йўқ. Аслида, клуб юлдузлари ва уларга ҳаддан зиёд ишониб юборган футбол жамоатчилигининг бор-йўғи дуранг билан сергак тортиб қолиши яхшиликка ҳам хизмат қилиши мумкин. Ва шуниси аниқки, бу «галактикос» олдингисидан фарқли равишда ўсадиган ва жамоавийлик руҳини яхши ҳис қила оладиган иқтидорлар эвазига қурилган.
«Goal» ва «Тhe Athletic» маълумотлари асосида Абдулбасит Валихонов тайёрлади