21.08.2024 15:51
2276
Уришқоқ боладан олимпиада чемпионлигигача — Асадхўжа Мўйдинхўжаев хонадонидан репортаж

Париж-2024 олимпиадасида ўзбекистонлик боксчилар дунёда тенгсиз эканлигини исботлади. Хусусан, -71 кг вазн тоифасида фарғоналик Асадхўжа Мўйдинхўжаев олтин медални қўлга киритди. Kun.uz мухбири чемпион туғилиб ўсган хонадонда бўлиб, унинг яқинлари билан суҳбатлашди. 

Асадхўжа Мўйдинхўжаев ёшлик дамлари, спортга кириб келиши, олимпиада мусобақаларидаги ҳиссиётларини сўзлаб берди:

Асадхўжа Мўйдинхўжаев

“Ёшлигимдан кикбоксингга қизиқардим, маҳалладаги ўзимиздан ёши катта болалар бизни жангга туширишарди. Икки қишлоқ наридаги спорт майдонига бориб шуғулланардик. Айнан кикбоксинг орқали боксга кириб келдим. Олимпия захиралари коллежида 6 йил ўқидим. Коллежда анча хотираларим қолган, биринчи мураббийим Ҳусанбой Қўчқоров эди. У ерда 3 карра Ўзбекистон, Осиё чемпиони бўлдим, жуда кўп жангларда иштирок этдим. Ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қатнашдим. Керакли лицензияни қўлга киритиб, Чирчиқ давлат университети талабасига айландим.

Асадхўжа Мўйдинхўжаев ота-онаси билан

Тўлқин Қиличев раҳбарлигида Тошкентда машғулотларни давом эттирдим. 2020 йил Ўзбекистон чемпиони бўлдим. Шундан кейин жаҳон чемпионатларида иштирок этишни бошладим. Сербияда ўтказилган жаҳон чемпионатига бордим, у ерда жароҳат олиб, бир йил давомида шифокор кўригидан ўтиб юрдим. Менимча, шу бир йил дам олганим ҳам ёрдам бўлди, боксни соғиниб туриб жангга кирдим. Осиё чемпионатида 3-ўринни эгалладим. Жаҳон чемпиони ҳам бўлдим. Аллоҳ пешонамизга шуни ёзган экан.

Ўзимдан катта чемпион болани кундалик ёзишини кўриб қолганман. У ҳар бир жангдаги ютуқ ва камчиликларини, жангдан кўзлаган ниятини ёзиб борар экан. Мен ҳам кундалик ёза бошладим. Қайд дафтаримга Париж-2024 ғолиби бўламан, деб ёзиб ҳам қўйдим. Ниятимга етдим мана. Айтмоқчиманки, ҳар бир спортчи ота-онасининг дуосини олиб, ўз олдига мақсад қилиб қўйса ва бу учун тинмай ҳаракат қилса, албатта, кўзланган натижага эришар экан.

Бу олимпиадага биз жуда қаттиқ тайёргарлик кўрдик. Ҳаяжонга келадиган бўлсак, жуда кучли ҳаяжонни ҳис қилдим. Осиё чемпионатини кўрдик, катта турнирларда иштирок этдик. Аммо олимпиада анча бошқача мусобақа экан. Чунки бу ерда фақат куч эмас, психологик ҳолат ҳам асосий ўринда тураркан. Орқангизда ватанингиз, халқингиз турганини ҳис қилиш анча масъулиятли жараён. Аллоҳнинг ўзи руҳий далда берди ва ўйинда ғолиб бўлдик.

Агар спортчи машғулотларни қанча яхши бажарса, ҳеч кимдан ҳайиқмайди. Менда шундай бўлган. Руҳан ўзимни рингда бошқара оламан, рақибдан ҳайиқиш бўлади, лекин бу жангга чиққунча бўлади. Жангга чиққач барча ҳаяжон қолиб кетади. Аммо шу вақтгача рақибларимдан чўчиш ҳолати бўлмаган.

Ота-онам болалигимдан боксга бўлган қизиқишимни кўриб, бу спорт тури билан шуғулланишимга рухсат берган. Аммо Сербиядаги жангда жароҳат олганимдан кейин онам мураббийлик қил деб, жангги тушишимга рухсат бермади. Аммо олдимга мақсад қўйганман дедим ва Аллоҳ мана шунга қодир қилган экан, эришдик. Ота-онамнинг дуосини олдим, уларга катта раҳмат, борларига шукур. Улар бор экан, биз мана шундай даражага етиб келдик. Ҳаммага биринчи навбатда ота-онасининг дуосини олишларини айтиб қолардим.

Қозоғистон боксчилари ҳам кучли, лекин бу олимпиада ким ҳақиқатан лидер эканини кўрсатиб қўйди. Биз 8 та олтинга эришдик, бу жуда катта натижа. Қозоғистонликлар ҳам бизни табриклашга ўтишди”.

Келаверинг, Асадхўжа ютди”, дейишганидан кейин уйга қайтиб кираман...

Юлдузхон Ҳусанова, чемпионнинг бувиси

“Аллоҳга шукурки, Асадхўжа доимо мусобақаларда рақибларини енгади. Лекин унинг жангини кўра олмайман. Юрагим дош бера олмайди. Ўйинга чиқишини кўраман, болалар “Келаверинг, Асадхўжа ютди”, дейишганидан кейин уйга қайтиб кириб томоша қиламан. Аммо Асадхўжа жангга кетса ҳаловатим йўқолади. Уйқуда ҳам, юрганимда ҳам Аллоҳ шу болани ўзинг қўллагин, деб тураман. Беш вақт намоз ўқиганимда ҳам дуодаман доим, лекин ўйини ҳеч томоша қила олмайман. Унинг жангга чиқаётган ҳолатини кўз олдимга келтириб, йиғлайман, дуо қиламан.

Ўша куни ҳам ҳокимлар, меҳмонлар келиб томоша қилишди ўйинни, лекин мен чидаб томоша қила олмадим. Уй ичига кириб, боламни шунча одамнинг олдида шарманда қилмагин, деб дуо қилиб турдим. Бу хонада овозлар келади, ўзимча Асадхўжа ютяпти деб ўйлайман. Болам билан фахрланаман.

Янги машинада Асадхўжанинг яна бир момоси билан айланиб келдик. Чемпион неварам баланд машинасида қишлоқ айлантиряпти.

Шароитлари жуда аъло даражада. Дунёга Ўзбекистон энг улуғ ва номдор юрт бўлиб танилаверсин”, дейди чемпионнинг бувиси Юлдузхон Ҳусанова.

Асадхўжа Мўйдинхўжаевнинг онаси Гулчеҳра Охунжонова яқин ойларда чемпионнинг тўйи бўлиши, ўғли билан фахрланиши ҳақида сўзлаб берди:

Гулчеҳра Охунжонова

“Асадхўжа кенжа фарзандим. Болалигидан тегирмонга тушса, бутун чиқадиган жуда шўх бола эди. Мактабда ҳам кўпинча болалар билан муштлашгани учун отаси мажлисларда қатнашиб, уялиб келарди. Шўхлиги сабабли, боксга қизиқди ва маҳалламиздаги болалар билан тўгаракларга қатнашиб, 6-синфнинг охиридан олимпиа захиралар коллежида ўқиди. Мана, ҳозир бокс бўйича фаолиятини давом эттирмоқда. Мактабда ўқиб юрган вақтида ўзидан катта болалар билан ҳам уришиб юриш одати бор эди.

Олимпиада ўйинларини томоша қилаётганимда қон босимим кўтарилиб кетди, ичимда “нима бўларкан?” деган ҳаяжон билан ўйинни томоша қилдим. Биринчи жанги ғалаба билан тугагандан кейин хурсанд бўлдик. Биринчи юриш яхши натижа билан бошлангани учун кейинги ўйинларини ҳам яхши кайфиятда кўриб бордик. Боламнинг жангини ўзим томоша қила олмайман, лекин уйда ўтирган отаси, опасидан сўраб тураман “Нима бўляпти жанг” деб, улар яхши жавобни айтишгандан кейин кўнглим хотиржам бўлди.

Мана, олимпиадани ўтказиб олдик, буёғига тўй қиламиз. Ўзининг ёқтирган қизига унаштириб қўйган эдик, Худо хоҳласа тўйнинг ҳаракатини бошлаймиз. Тўйни кузда ўтказишни режалаштиряпмиз.

Асадхўжани шу даражага эришиши учун меҳнат қилган устозларига раҳмат айтиб қоламан. Мен доим ўғлимга устоз отангдан улуғ деб айтиб келганман. Барча мураббийлар фарзандлари, шогирдларининг роҳатини кўришсин, илоҳим”, дейди чемпионнинг онаси Гулчеҳра Оҳунжонова.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Оператор ва монтажчи – Сардор Мамиров

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар