20.08.2024 18:07
2731
Теглар
Тодд Боулидан футбол клубини қандай бошқармаслик бўйича қўлланма

Америкалик миллиардер 2022 йил май ойида клуб бошқарувини қўлга олганидан бери 35та трансфер учун 1 миллиард фунтдан кўпроқ маблағ сарфлади ва бу жараён давом этяпти, натижадан эса дарак йўқ.

Лондон ғарбига трансферлар оқими яқин орада тўхтайдиганга ўхшамаяпти. Ўтган ҳафтада «Вулверҳемптон»дан Педру Нетуни 54 миллион фунтга харид қилган «аристократлар» айни пайтда Жоау Феликс ва Виктор Осимҳен каби юлдузлар трансфери устида ишлаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Нетунинг иқтидори ва ўтган мавсум «бўрилар» сафида сермаҳсул ўйин намойиш этганини эътироф этган ҳолда айтиш керакки, 2 йил учун 35та трансфер жуда-жуда кўп. Бу рақамларга келгуси ёздаги трансфери аллақачон ҳал қилиб бўлинган Кендри Паэз ва Эстеваонинг қўшилишини ҳам ёддан чиқармаслик керак.

Шунча трансфер ортидан жамоа кўрсатаётган ўйин ўнгланса, харажатларни қисман тушуниш мумкин бўларди, бироқ «Челси»да барчаси тескари томонга қараб кетмоқда. Клуб мавсумолди йиғиндан ўрин олган 6та ўртоқлик учрашувининг атиги биттасида ғалаба қозонди. Куни кеча эса Англия Премьер-лигасидаги дастлабки турни «Стемфорд Бридж»да ўтказиб, «Манчестер Сити» қаршисида ожиз қолди. Ҳа, амалдаги чемпионларга илк турни бой бериш у қадар катта фожиа эмасдир, аммо Энцо Маресканинг «Интер»га қарши АҚШдаги сўнгги учрашувдан кейинги сўзлариёқ лондонликлар янги мавсумга, хусусан, «шаҳарликлар»га қарши беллашувга тайёр эмаслигини кўрсатиб қўйганди.

«Манчестер Сити»га қарши ихтиёримда кимлар бўлишини ҳам билмайман. Мавсумолди йиғин жуда тиғиз, доимий равишда бир шаҳардан иккинчисига кўчиб юрибмиз ва футболчиларни яхшироқ таниб олишга имкон бўлмаяпти. Турне якунланиши билан нормал иш режимига қайтамиз ва «Сити»га қарши баҳсга тайёргарликни бошлаймиз», — деган эди италиялик мутахассис.

Албатта, мавсумга трансфер ойнаси очиқ ҳолатда кирадиган исталган мураббийда таркибдаги ноаниқликлар бўйича муаммолар бўлиши табиий, бироқ асосий жамоаси ихтиёрида 43та футболчи бор жамоада таркиб бўйича муаммо бўлмаслиги керак. Аммо Маресканинг юқоридаги фикрига бир жиҳатдан қўшилиш мумкин: «Челси» ростдан ҳам ўта зич мавсумолди тақвими билан ўйнамоқда. Бу масалада 2022 йилнинг ёзида Томас Тухел ҳам эътироз билдириб, жамоа зўриқишлар билан мавсумга кираётгани ҳақида огоҳлантирган ва мавсумни муваффақиятсиз бошлаган германиялик мураббийни Тодд Боули жуда тез фурсатда ишдан олганди.

Жамоани харид қилгандан кейинги дастлабки ойларни истисно этганда, Тодд Боули ва унинг орқа планда медиа нигоҳига у қадар ташланмайдиган шериги Беҳдат Иқболи клубнинг спорт бошқаруви масалаларини директорлар Пол Уинстенли ва Лоренс Стюартга топширишган. Ва таъкидлаш жоизки, асосий катта трансферлар айнан уларнинг ижросида амалга ошди. Расман 2023 йилнинг январидан Лондон клуби спорт директорлари этиб тайинланган мутахассислар ўша ойнинг ўзида 290 миллион фунтлик харидларни амалга оширдилар: Энцо Фернандез, Михайло Мудрик ва Нони Мадуэке, шулар жумласидан. Худди шу йилнинг ёзида Уинстенли ва Стюарт бошчилигидаги спорт бўлими 400 миллион фунт харажат қилди. Булар орасида Коул Палмер Боули давридаги энг омадли трансферга айланиб кетгани рост. Аммо «кўклар» Моисес Кайседо ва Ромеу Лавиа учун курашда кўр-кўрона аукционда қатнашиб, фақатгина ҳар иккала таянч футболчиси учун даъвогарлик қилган «Ливерпул»ни қуруқ қўл билан қолдиришга ҳаракат қилгандек таассурот уйғотди. Амалда эса мерсисайдликлар мажбурликдан харид қилган Ватару Эндо «Челси»га 150 миллион фунтдан қимматроққа тушган икки футболчидан мазмунлироқ ўйин кўрсата олди.

Жамоада трансфер сиёсати кўплаб фронтларда мантиқсиз ҳаракатланяпти. Буни Англиянинг энг машҳур ва муваффақиятли футбол академияларидан бири ҳисобланган «Кобҳэм» футболчиларининг «Челси»дан қай тариқа кетаётганида яна бир бор кўрамиз. Ёзда клуб ўз тарбияланувчилари ҳисобланган Иан Маатсен, Омари Ҳатчинсон ва ўтган мавсум «Ньюкасл»да ижарада ўйнаган Льюис Ҳоллни «зағизғонлар»нинг ўзига тўлақонли трансфер асосида сотиб юборди. Жамоани ўтган мавсум олдинга етаклаган ва кўплаб учрашувларда сардорлик боғичи билан ҳаракатланган яна бир академия тарбияланувчиси Конор Галлаҳер ҳам Лондон клубини мажбуран тарк этмоқда. У тез орада «Атлетико» ўйинчисига айланиши кутилмоқда.

Клуб мутасаддилари ҳам Галлаҳер каби «Челси» тизимидан чиққан футболчиларнинг бу қадар ҳиссизларча жамоадан кетказилаётгани мухлисларнинг норозиликларини кучайтириб юборишини тушуниб турибди, аммо бу каби футболчиларнинг соф фойда эвазига бошқа жамоаларга сотилиши «аристократлар»нинг Премьер-лига молиявий фэйр-плей қоидаларини четлаб ўтишлари учун зарур. Гап шундаки, лондонликлар харид қилинаётган футболчилар билан узоқ йиллик шартномалар имзолаб, уларнинг трансфер суммасини йиллар кесимига бўлиб чиқмоқда (амортизация). Клуб тарбияланувчиларининг сотуви эса уларга молиявий фэйр-плейда соф даромад сифатида ёзилиб, лондонликларнинг бу борадаги ҳолатини яхшилашга ёрдам беради. Бироқ танганинг иккинчи томони борки, клуб академиясидан чиққан футболчиларнинг бу таҳлид сотувга қўйилиши академия ёшларида асосий жамоага ёриб киришга бўлган умидни сўндириши ва бундан дунё футболи юлдузларини тинимсиз етиштириб чиқарадиган «Кобҳем» катта зарар кўриши мумкин.

Клуб даромадларини яхшилаш учун бу каби академиядан чиққан иқтидорларни сотишдан кўра, тезроқ жамоага бош ҳомий топиш фойдалироқ бўларди. Мавсумолди йиғинларидаги баҳслар ўз йўлига, бироқ Премьер-лига 1-туридан ўрин олган «Манчестер Сити»га қарши баҳсда ҳам жамоа ҳомий логоси туширилмаган футболкаларда ўйнади ва бу ўз-ўзидан бир неча миллион фунт пул топиш имконияти ҳавога учирилди, деганидир. Мисол учун, «Арсенал» «Fly Emirates» логоси либосларининг олд қисмини безаб тургани учун компаниядан йилига 50 миллион фунт пул олади. Худди шундай реклама учун «Манчестер Сити» 40 миллион фунт ишлаб топади.

Устига-устак, сотилаётган футболчилар фақат академия вакиллари эмас. Боули келгач трансфер қилинган айрим футболчилар аллақачон сотувга қўйилишга ҳам улгурди. Кэрни Чуквуэмека «Саутҳэмптон»га ижарага бериб юборилди, Лавиа ҳам худди шу йўлдан боришга яқинлиги хабар қилинмоқда. Нони Мадуэке ва Жорже Петрович трансферга қўйилган ва уларга тартиб бўйича «Нюкасл» ва «Кристал Пэлас»дан таклиф бор.

Шунингдек, клуб бўйнида аввалги раҳбарият томонидан амалга оширилган айрим хатоликларни бартараф этиш вазифаси ҳам бор. Хусусан, Ромелу Лукакуни трансфер қилиш «Челси»нинг сўнгги йиллардаги доимий муаммосига айланган. Ҳозирда белгиялик ҳужумчига «Наполи» жиддий қизиқиш билдирмоқда ва 30 миллион фунт атрофида бадал пули тўлашга тайёр. Бу Ромелуни харид қилишда ишлатилган пулнинг қарийб чораги бўлса-да, лондонликлар ушбу трансфер имкониятини қўлдан бой бермаса керак.

Бен Чилуэлл бевосита Энцо Мареска томонидан жамоадан кетказилмоқда: мураббий унда «позиция танлашда хатолар бор», деб ҳисоблайди. Трево Чалоба ва Кепа Аррисабалага ҳам жамоадан кетиш ҳаракатида, шу боисдан ўринбосарлар билан машғулот ўтказмоқда. Раҳим Стерлинг «Сити»га қарши баҳс қайдномасига техник сабабларга кўра киритилмагани италиялик мураббий томонидан маълум қилинганидан сўнг, инглиз медиасида унинг трансфер рўйхатига қўйилгани ҳақида хабарлар авж олди, аммо «шаҳарликлар»га қарши ўйин вақтида англиялик футболчининг ўзи ижтимоий тармоқ орқали жамоа билан бирга эмаслигига асосий сабаб ўзини нохуш ҳис қилаётгани эканини таъкидлаб ўтди. Бу масалада ўйиндан кейин мураббий қуйидагича фикр билдирди:

«Мен Раҳим қандай маълумот берганини билмайман, ўйин атрофида бунга вақтим бўлмади. Аммо учрашувдан аввал айтиб ўтганимдек, Стерлингнинг қайдномада эмаслиги — техник сабаблар натижасида қилинган қарор. Мен 30 нафар футболчининг барчасини жамоамда кўришни хоҳлайман, лекин бунинг иложи йўқ, баъзи футболчилар билан хайрлашишга мажбурмиз».

Демакки, Стерлинг учун ҳам эшик очиқ. «Goal» нашрининг маълумот беришича, Армандо Броя, Давид Датро Фофана ҳамда Чезаре Касадеи ҳам «Челси»ни тарк этишга яқин.

Энцо Маресканинг таъкидлашича, ундан ҳеч ким Чемпионлар Лигасига йўлланма олишни талаб қилмаган. Италиялик мураббий «жамоа тўғри йўлга солиб олиш — асосий мақсад»лигини қайд этмоқда. Аммо унутмаслик керакки, иккинчи даврада ўйинлари яхшиланган эрсада, якунда Маурицио Почеттино клуб бош мураббийлигидан истеъфога чиқарилди. Шундай экан, Маресканинг ҳам ғарбий Лондондаги ўрни узоқ муддатга кафолатланмагани аниқ.

Алоҳида олганда, Боули жамоаси амалга ошираётган ҳар бир трансфер қойил қолдиради: улар ёш, истеъдодли ва ғалабаларга чанқоқ. Аммо миллиардга тенг таркибдан ҳанузгача кутилмаларнинг ярмини ҳам кўрмадик. Демак, энг яхши пианиночи, энг яхши гитарист, энг яхши скрипкачи ва ҳоказоларни бир ансамблга йиғсангу, уларни бир ҳармонияга айлантира олмасанг, «дирижёр»га вақт бермасанг, бари бекор. Боули – бир миллиардер футбол мухлиси клуб сотиб олиб, дунё даражасидаги футбол клуби яратиш учун сарфлаши керак бўладиган суммани сарфлашга улгурди. Энди ундан бир мунча тин олиб, ихтиёридаги футболчиларнинг қандай жамоага айланишини четдан кузатиб туриш талаб этилади.

Абдулбосид Валихонов таржимаси.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар