19.08.2024 20:30
13126
Теглар
«Ўзбекча нокаут»: Қозоғистоннинг Олимпиададаги натижаси танқид қилиниб, Ўзбекистон билан таққосланди

Қозоғистон делегацияси Париж-2024 Олимпиадасида жами 7та медал – битта олтин, учта кумуш ва 3та бронза билан умумжамоа ҳисобида 43-ўринни эгаллагач, қозоғистонлик журналистлар мамлакат натижасини танқид қилиб, бу борада Ўзбекистон билан таққослашди.

Хусусан, Sportarena.kz нашри журналисти Леонид Юрьев Олимпиададан кейин «Ўзбекча нокаут: Қозоғистон Олимпиадада нега муваффақиятсизликка учради» - сарлавҳаси остидаги мақолада икки қўшни мамлакатнинг Париждаги натижаларини ўзаро таққослади.

«Ҳа, Токио-2020 билан таққослаганда, Париж-2024даги иштирокни муваффақиятли баҳолаш мумкин. Ҳозирда таҳлилларда, амалдорларнинг чиқишларида барча бу йилги натижани аввалги Олимпиада билан таққосламоқда, аслида эса натижаларимизга ўлчов энг ёмон иштирокимиз эмас, энг яхшиси бўлиши лозим. Бу борада ҳам Париж-2024 – Қозоғистон тарихида Токио-2020дан кейинги энг ёмон иккинчи натижа саналади. Ҳа, бир «олтин» ва 3 «кумуш» бор, аммо шунга қарамай медаллар сони уч йил аввалгидан-да кам бўлди.

Токио-2020даги даҳшатдан кейин журналистлар спортдаги амалдорларни жиддий танқид қилиб, «Қозоғистон турнирда расво иштирок этгани, Ўзбекистон эса қандай қилиб 3та олтин ютгани ҳақида савол билан мурожаат қилишганди. Уларнинг машҳур жавоби шундай янграганди: «Нима, ўзбек спорти қозоқ спортидан уч баравар кучлироқ демоқчимисиз?»

Ўтган давр ичида ҳеч ким, рақибларимиз бўлган қардош қўшниларнинг муваффақияти замирида нима ётгани, улар қайси йўналишда ривожланаётганини чуқур таҳлил қилгани ҳам, бунга урингани ҳам йўқ. Токиодаги Олимпиададан 3 йил ўтиб эса бизда янада тушкун манзара ҳосил бўлди: олтин медал билан таққосланса, спортимиз Ўзбекистон спортидан саккиз баравар паст экан.

Қўшнилар бизда давлат эътиборида бўлган ҳамда яхши молиялаштириладиган спортнинг барча турлари бўйича бизни ортда қолдиришди.

Қуйидаги натижаларга қаранг:

Бокс. Қозоғистонда битта кумуш ва битта бронза – Ўзбекистонда 5та олтин медал.

Дзюдо. Елдос Сметовда ягона олтин медал ва Қирғизбоевда бронза. Энг муваффақиятли спорт туримизда ҳам устунлик қўшниларда – битта олтин ва 2та бронза.

Таэквондо. Қозоғистонлик мураббий Тунисни бу борада энг кучли давлатлардан бирига айлантираётган паллада, қозоқ таэквондоси оғир аҳволда. Парижда бирорта ҳам медал йўқ. Аммо бу қўрқинчли эмас, ундан ҳам ёмони бу борада имкониятнинг ўзи умуман йўқлигидир. Ўзбекистонда эса Улуғбек Рашитов икки карра Олимпия ўйинлари чемпиони бўлди, Светлана Осипова эса кумушга эга чиқди.

Спорт курашлари. Демеу Жадриевга раҳмат айтиш керак, у курашчиларни омадсизликдан «қутқариб қолди». Аммо унинг кумуш медали ҳам қўшниларни ортда қолдириш учун етарли бўлмади. Қўшни мамлакат эркин курашчилари битта олтин ва бронзага эга чиқишди.

Оғир атлетика. Қозоғистонлик ушбу спорт тури вакиллари Парижгача етиб бора олишмаган бўлса, Ўзбекистон вакили Акбар Жўраев Францияга Олимпиада чемпиони сифатида борди ва кумуш медалига эга чиқди.

Ушбу Олимпиада фаолиятидаги сўнгги турнирга айланиши мумкин бўлган «фахрий»лар учун омадли кечди. Олтин медал олиб келган Сметов 32 ёшни қаршиламоқда, Қизибай 31да, Қирғизбоев 32да, Жадриев эса ноябрда 35 ёшни қаршилайди. Улар Парижда борларини беришди ва умумжамоа ҳисобида Токио-2020дан кейин амалдорлар бот-бот эътироф этаётган «ўсиш»ни таъминлашди.

Аммо Қозоғистонда Сметовга ўхшаган учта Олимпиадани муносиб ўтказган спортчилар нега етишиб чиқмаётганини ҳеч ким муҳокама ҳам қилмай қўйди. Ўзбекистонда эса якунланган Олимпиадада 4 нафар чемпион йўл олганди ва улардан 3 нафари муваффақиятини такрорлаган бўлса, яна бири «кумуш»га эга чиқди.

Хулоса шуки, Олимпиада бизга ўргатиши керак бўлган энг асосий нарса бу – тан олиш. Биз – спортда ортда қолаётганимизни. Олимпия ўйинлари – спортда давлат ажратаётган маблағлар қанчалик самарали сарфланаётгани, менежментнинг қай аҳволда экани, спортдаги бошқарув ва халқаро таъсири қанчалик эканини кўрсатувчи асосий мезондир.

Қўшниларимиз бизни ортда қолдираётганини тан олгач, танлов қилишимизга тўғри келади. Таслим бўлиб, қўл силтаб қўйиш ёки ўз келажагимиз учун курашни бошлаш керак. Бунинг учун, аввало натижаларни самарали таҳлил қилиб, бюджет маблағларини нотўғри сарфлаганларни қонун доирасида жавобгарликка тортиб, миллий жамоаларга спортчилар танловини шаффоф тизим асосида ташкил этиш шарт. Акс ҳолда яна 4 йилдан кейинги Лос-Анжелес Олимпиадасидан сўнг бугунги натижаларимиз кўзимизга ажойибдек кўринаверади», - дейилади қозоғистонлик журналистнинг мақоласида.

У.Ибодов таржимаси.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар