17.08.2024 15:20
2377
Гвардиола шогирдига қарши, Германияда суперкубок, «Барса»да қийин сафар. Ҳафта ўйинлари анонси

Европада миллий чемпионатлар аллақачон бошланиб, ҳатто баъзи топ-клублар ўз ўйинларини ўтказиб ҳам бўлишди. «ПСЖ» сўнгги дақиқалардаги алмаштиришлар ҳисобига йирик ғалабага эришган бўлса, айнан захирадан тушган ҳужумчи «Манчестер Юнайтед»га ҳам уч очко тақдим этди. Бугундан эса тўлақонли футбол кечалари бошланади. Аслида бирор ўйинни ажратиш ҳам шарт эмас, футболни соғинган мухлислар ҳар бир жамоанинг янги мавсумдаги илк ўйинларини кўришга ошиқади. Шундай бўлса-да, анъанамиздан воз кечмадик ва эътиборингизга қизиқарли ўйинлар анонсини ҳавола этамиз.

ВЕСТ ҲЭМ – АСТОН ВИЛЛА (17 август, 21:30)

Ўтган мавсумнинг энг яхши жамоаларидан бири бу сафар унинг натижаларини такрорлаши мумкин бўлган бошқа бир жамоа меҳмони бўлади. Ҳақиқатан ҳам, «Вест Ҳэм» айниқса трансфер бозорида жуда фаол ва салоҳиятли трансферларни амалга оширмоқда. Аввало, классик, прагматик футбол тарафдори бўлган Мойес ўрнига испаниялик Лопeтегининг келиши ҳам катта ўзгариш. Тўғри, унинг АПЛдаги аввалги фаолияти («Вулверҳэмптон») у қадар эсда қоларли бўлмаган, аммо мураббий тўғри хулоса чиқарган бўлиши табиий. Сотиб олинган номлар ҳам ўзига яраша катта. Масалан, Жан-Клер Тодибога шу ёзда бир қатор топ-клублар, хусусан «МЮ» ва «Ювентус» томонидан қизиқиш бўлган. Манчестерликларга «Ницца» билан бир хил инвесторга эга экани туфайли тўсиқ қўйилган бўлса, «Вест Ҳэм»нинг футболчи учун рақобатда «Ювентус»ни ортда қолдиргани алоҳида эътирофга арзийди. Бундеслига юлдузи, Еврода ҳам ўзини кўрсата олган Фюллкруг, «МЮ»дан Аарон ван Биссака, «Лидс»дан Саммервил харидлари, табиийки, жамоа савиясини ошириши мумкин. Кучли тўққизликдан жой олган ўтган мавсумдаги таркибни сақлаб қолган ҳолда бу даражада аниқ трансферлар билан лондонликлар юқорига кўтарилишга умид қилиши аниқ. Тепада эса, фақат катта жамоалар.

«Астон Вилла» ўтган мавсумда ўша катта жамоалар сафига қўшилди ва бу йил на «Челси», на «МЮ» иштирок этадиган Чемпионлар Лигасида қатнашади.Кўпчилик Эмери жамоасига «Нюкасл» тақдирини, яъни бир неча фронтда курашиш оқибатда панд бериши мумкинлигини тахмин қилаётган бўлса-да, Эмерида еврофутбол тажрибаси каттароқ ва у ёз бўйи айнан жамоани кенгайтириш билан шуғулланди. Англияда трансферларни энг эрта бошлаган ва режадаги таркиби билан кўпроқ шуғулланган жамоалардан бири — айнан «Астон Вилла». Демак, илк турларда ҳам жисмоний, ҳам тактик жиҳатдан анча юқори тайёргарликка эга бўлиши шубҳасиз. Онана, Баркли, Матсен каби футболчилар келган бўлса, асосийлардан Дуглас Луис, ҳамда Филиппе Коутинио «Вилла»ни тарк этди.

Ўтган мавсумда «Астон Вилла» ўз майдонида йирик ҳисобда ғалаба қозонган бўлса-да, айнан Лондонда ўтаётган беллашувларда мезбонлар ҳеч қандай имконият қолдирмаяпти. «Астон Вилла»нинг «Вест Ҳэм» майдонидаги охирги ғалабаси 2011 йилда содир бўлган. Шундан буёғига 13 йил ичида «Вилла» фақат 5 марта, ҳаммасини ўз майдонида, ғалаба қозонган. Бу даврда лондонликлар қозонган ғалабалар сони — 9 та. Демак, меҳмонларнинг муваффақиятли ўйини узоқ йиллик анъанага чек қўйиши мумкин.

Таркиблар борасида тахминлар кўпинча оқламайди, зеро мавсум бошида мураббийлар жисмоний ҳолатга ва йиғинлардаги ўйинларга қараб хулоса қилган ҳолда асосий таркибни танлайди. Маълум томони — «Астон Вилла»да Мингз ва Камара ўтган мавсумда узоқ муддатга сафдан чиқишган ҳамда камида яна икки ой уларни майдонда кўрмаймиз. Мезбонлар таркибида эса Курт Зума ва Алваресда кичик муаммолар бор. Аарон ван-Биссака эндигина таркибга қўшилгани учун илк дақиқаларни захира ўриндиғида бошлаши мумкин.

БАЙЕР – ШТУТГАРТ (17 август, 23:30)

Бундеслиганинг бешликдаги бошқа лигалардан фарқи, у ерда 20 эмас, 18 жамоа иштирок этади, яъни 4 турга камроқ. Бу эса чемпионатни кечроқ бошлаш, эртароқ якунлаш, ҳамда қишда қўшимча дам олиш ҳафтасига эга бўлиш учун шароит яратади. Германияда чемпионат келаси ҳафта бошланса-да, расмий ўйинлар йўқ дегани эмас. Кечадан мамлакат кубоги баҳслари бошлаб юборилди, юқори лигадаги баъзи жамоалар, жумладан, «Бавария» ҳам ўз ўйинини ўтказиб улгурди.

Агар ўтган мавсум охирида, «Байер»нинг чемпионлигидан сўнг Германиядаги футболни кузатишни ташлаб қўйган бўлсангиз, сизга хабаримиз бор – охирги турларда «Штутгарт» ҳам «Бавария»ни қувиб ўтган ва иккинчи ўринни қўлга киритган. Мамлакат кубогини ҳам «Байер» ютгани сабабли, Суперкубокда леверкузенликларга айнан иккинчи ўрин соҳиби рақиблик қилади. Яна бир қизиқ факт: 2011 йилдан бери илк маротаба бу мақомдаги учрашувда «Бавария» иштирок этмайди.

Жамоалардаги ўзгаришларга келсак, «Байер» кўпчилик учун кутилмаганда, таркибини сақлаб қолишни уддалади. Алонсо ҳам шу ерда, ўтган мавсум қаҳрамонлари ҳам бошқа топ клубларга тарқаб кетишмади, ҳатто «Бавария» бир неча ойдан бери Жонатан Тани ўз сафига қўшиб ололмаяпти. Бунинг устига «Ренн»дан Терре ва Белосяннинг, айниқса, «Жирона»да зўр мавсум ўтказган Алеиш Гарсиянинг келиб қўшилиши леверкузенликларни кучайтиргани аниқ. Фақат кичик хавотир — «Байер» мавсумолди назорат ўйинларида у қадар ишончли кўринмаётгани. Тўрт ўйинда фақат қуйи лига вакили «Эссен» мағлуб этилди холос, «Арсенал»га қарши баҳсда эса 1:4 ҳисобида мағлубият кузатилди. Ўша ўйинда аксарият асосий таркиб футболчилари майдонга тушганини ҳам таъкидлаш лозим.

«Штутгарт»да йўқотишлар кўпроқ. Жумладан жамоа сардори Антон, тўпурар Серу Гирасси ва асосий ҳимоячи Ито тарк этди. «Байер» ҳатто Европа миқёсида ҳам ўз таркибини сақлаб қолган бўлса, «Штутгарт» етакчи футболчиларини айнан немис жамоаларига қўйиб юборишга мажбур бўлаётгани бироз хавотирли. Аммо Суперкубок ўйини тенг курашларда кечишини ҳозирдан айтиш мумкин. Сабаби, «Штутгарт» ўтган мавсумда «Байер» билан ўйинларда муносиб кўринган. Лигада ҳар икки ўйин дуранг билан тугаган бўлса, кубок чоракфиналини ҳам яхши эслаймиз – икки марта ҳисобда олдиндан борган «Штутгарт» охирги дақиқада мағлуб бўлганди. Умуман чемпионат доирасидаги охирги уч ўйин дуранг билан тугаган, ундан аввал, «Байер» қаторасига 4 ўйинда ғалаба қозонганди.

«Штутгарт» мамлакат Суперкубогини ўз тарихида атиги бир марта, 1993 йилда қўлга киритган. «Байер»да эса бундай соврин ҳалигача йўқ.

ВАЛЕНСИЯ – БАРСЕЛОНА (18 августга ўтар кечаси, 00:30)

«Реал»нинг «ёввойи» харидлари, мавсумни яна бир соврин билан бошлагани, умуман ҳаммаси жойида экани «Барселона» мухлисларига бироз пессимистик руҳият бераётгани эҳтимол, аммо Испанияда мувозанат бироз бошқача бўлиши мумкинлигини ҳам яхши биламиз. Ҳатто ўртоқлик Эл Класикосида каталонияликларнинг қўли баланд келгани, катта трансферлар бўлмаса-да, ёш футболчиларнинг ҳар бири янги юлдузга айланиш салоҳиятига эга экани ҳали ҳаммаси олдинда эканини кўрсатади. Ноқулай томони, Европа чемпионатида ғолиб чиққан Испания таркибида «Барселона»нинг асосий футболчилари кўп, жумладан ўша ерда жароҳатланган Педри, турнир қаҳрамони Ямал ва янги сотиб олинган Олмо. Олимпиадада олтин медалга эга бўлган Испания жамоасида Фермин ва Кубарси ҳаракат қилди. Яъни айни вақтда «Барселона» илк турларни уларнинг ёрдамисиз амаллаши керак бўлади. Бунинг устига Гави, де Йонг, Араухо ва Фатида ҳам жароҳат бор. Қолганлар билан назорат ўйинларида «Барселона» бироз беқарор кўринганини ҳам таъкидлаш керак. Тўғри, «Реал» мағлуб этилди, аммо «Милан» билан дуранг, айниқса, «Монако»дан қабул қилинган йирик мағлубият (0:3) бироз хавотирга солади. Илк турлардаги рақиблар эса, анойилар эмас, доим «Месталия»да хавфли бўлган «Валенсия», кейинги турда эса «Атлетик».

Ҳамма соғайган тақдирда ҳам, «Барселона» трансферлари ҳали поёнига етмагандек туюлмоқда. Қўшимча бўлсаям вариант бўлган Ромеу кетди, бу дегани, марказда чинакам таянч футболчиси қолмаганини англатади. Шундоқ ҳам ижрочилар етарли бўлган олдинги чизиққа Олмони сотиб олишдан кўра бир неча йилдан бери кузатилиб келинган Субимендига ҳаракат қилиш мантиқлироқ эканини кўп мутахассислар қайд этишди. Зеро Олмога тўланган пул бемалол баск яримҳимоячисини олишга етарди. Балким клуб Марк Касадога умид боғлаётгандир? 20 ёшли «Ла Масия» тарбияланувчиси назорат ўйинларининг деярли ҳаммасида майдонга тушди ва анча илиқ таассурот қолдирди. Катта эҳтимол билан «Валенсия»га қарши ўйинда айнан у марказда Кристиансенга шерик бўлса керак. Шундай бўлган тақдирдаям, мавсумга фақат Ямал, Кубарси, Касадо, Олмо каби футболчиларга ишониб кириш, ҳар бир чизикда элит даражадаги ижрочилар билан тўлдирилаётган «Реал» олдида бироз анойилик туюлмоқда. Тўғри, Ла Лига доирасида ҳар қандай ўйинда «Барселона» фаворит мақомида бўлади, табиийки, «Атлетико» ҳам, «Барселона» ҳам узоқ вақт турнир жадвалида «Реал»га муносиб қаршилик кўрсатиши мумкин. Аммо бу ерда муҳим фарқ шундаки, бу ҳолатда саналган жамоалар ўз очколарини қийинчилик билан, катта меҳнатлар эвазига олса, «Реал» ортиқча куч сарфламай ўша натижаларни қўлга киритиши мумкин. Бу эса, чемпионатнинг ҳал қилувчи палласида, еврокубокларда мадридликларга қўшимча устунлик тақдим этади.

ЧЕЛСИ – МАНЧЕСТЕР СИТИ (18 август, 20:30)

«Биз дастлабки турларга етарлича тайёр бўлмаймиз, «Манчестер Юнайтед» ва «Челси»дан бироз орқада бўлишимиз табиий» – деганди Пеп Гвардиола жамоа илк расмий ўйинларини айнан шу рақибларга қарши ўтказиши аниқ бўлгач. Чемпионат форматидаги турнирларни ютиш хадисини олган Гвардиола энг муҳими кеч куз ва баҳордаги ўйинлар экани, августдаги хатолар кейинчалик жамоа формасига салбий таъсир кўрсатишини жуда яхши тушунади. Яъни таркибдаги кўп ўйинчилар Европа чемпионатида қатнашишди, чарчоқ бўлади. Гвардиола тайёргарликни шунга кўра режалаштирди, бир қатор етакчи футболчиларга ортиқча таътил ҳам тақдим этди. Буни биз ўтган ҳафта Суперкубок учун баҳсда ҳам сездик – «МЮ» имкон қадар барча тайёр футболчилардан фойдаланишга уринган бўлса, «Сити» таркибида Родри, Фоден кабилар қайдномада йўқ эди, Кевин де Брюйне ҳам фақат сўнгги дақиқаларда майдонга тушди.

Родри — жамоанинг энг муҳим ўйинчиси, Европа чемпионати финалида жароҳат олган ва катта эҳтимол илк турларда шерикларига ёрдам бера олмайди. Камида август ойида майдонга туша олмаслиги аниқ. Бу — биринчи муаммо. Бундан ташқари, назорат ўйинларида ўзини жуда яхши кўрсатган ва бу мавсумда фаол равишда кўпроқ жамоага ёрдам бериши кутилган Оскар Бобб оғир жароҳат олди ва бир неча ойга сафдан чиқди. Трансфер ойнасида анча сокин кўринган ва фақат Савиони сотиб олиш билан чекланган «шаҳарликлар» кейинги ҳафталарда таркибни тўлдириш учун ҳаракат қилиши шубҳасиз. Нима бўлгандаям, «Челси»ни юта оладигаи таркиб барибир Пеп Гвардиолада бор ва албатта, меҳмонларни ғалабадан бошқаси қониқтирмайди.

Пепнинг шогирди Энцо Марескани олиб келган «Челси»да эса таркиб тўртта. Боули жуда кўп футболчиларни сотиб олди ва олишда давом этмоқда. Шу даражага етдики, трансфер ойнаси тугагунча клуб ўнлаб футболчиларни сотиши, ижарага бериши, қисқаси, келажагини ҳал қилиши керак. Бу «Челси» учун дастлабки тур ўйинларидан ҳам қизиқроқ жараёнга айланиб кетиши турган гап, ахир мухлислар ҳам айнан кимлар билан мавсумни ўтказиш ҳақида тасаввурга эга бўлиши керак-ку? Сўнгги назорат ўйинларидан келиб чиқсак, Нкунку, Мадуэке, Мудрик, Лавия, Энцо, Колвил каби футболчиларга илк турлардан кўпроқ ишонилади. Табиийки, Палмер ҳам қайтди ва «Интер» билан ўйинда бир тайм ҳаракат қилди. «Интер», «Реал» ва «Манчестер Сити» – лондонликлар спарринг рақиб сифатида анчайин кучли жамоаларни танлашди, айтиш керакки, бу ўйинларда ғалаба қозонилмаган бўлса-да, «Челси» анча рақобатбардош ва муносиб кўринди.

Ўтган йили ўзаро ўйинларда «Челси» Пеп Гвардиола жамоасига муносиб қаршилик қила олган кам сонли жамоалардан бири бўлганди. Ҳатто «Этиҳад»даги ўйинда дуранг қайд этилган. «Стемфорд Бриж»даги 4:4 эса мавсумнинг энг яхши ўйинларидан бири бўлгани шубҳасиз. Шунингдек, Англия кубоги яримфиналида ҳам шу жамоалар тўқнаш келган ва ўйин минимал ҳисобда манчестерликларнинг ғалабаси билан тугаганди.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

17 август. Испвич – ЛИВЕРПУЛ (16:30), АРСЕНАЛ – Вулверҳэмптон (19:00), НЮКАСЛ – Саутҳэмптон (19:00), Женоа – ИНТЕР (21:30), МИЛАН – Торино (23:45)

18 август. Верона – НАПОЛИ (21:30), Каляри – РОМА (23:45), Маллорка – РЕАЛ (19 августга ўтар кечаси, 00:30)

19 август. ЮВЕНТУС – Комо (23:45), Лестер – ТОТТЕНҲЭМ (23:55), Вилярреал – АТЛЕТИКО (20 августга ўтар кечаси, 00:30).

Қаҳрамон Асланов

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар