16.08.2024 10:43
688
Теглар
Лоғондан Парижга йўл — футболчи бўлишни орзу қилиб, боксда Олимпиада чемпиони бўлган Лазизбек Мулложонов уйидан репортаж

Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган XXXIII Ёзги Олимпиада ўйинлари ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталари учун омадли келди. Фарғоналик боксчи Лазизбек Мулложонов мазкур баҳсларда 92 килограммгача бўлган вазн тоифасида рақибларига имконият қолдирмади. Олтин медални қўлга киритган боксчи куни кеча ўзи туғилиб ўсган қишлоқ – Фарғона туманининг Лоғон қишлоғига, ота-онаси бағрига қайтди. Kun.uz мухбири чемпион хонадонида бўлиб, спортчи ва унинг яқинлари билан суҳбатлашди.

Оддий қишлоқнинг оддий хонадони бугун меҳмонлар билан тўлган. Чемпион йигитни қутлаш учун ташриф буюрувчиларнинг кети узилмайди.

Лазизбекнинг онаси Дилафруз Ҳусанованинг асли касби ўқитувчи. У чемпион ўғлининг ёшлик дамлари, спортга кириб келиши ҳақида сўзлаб берди:

Гавдаси катталиги учун бешикка сиғмаган

“Уч фарзанд онасиман. Лазизбек иккинчи ўғлим. Каттагина, паҳлавон туғилган, бўйи 54 см эди. 9 ойлик бўлганида вазни 17 кгга чиқди, унга бошқа қўшимча овқат бермасдим. Боламни 5 ёшигача кўкрак сути билан боққанман. Гавдаси катта бўлгани учун бешикка боғламаганман, сиғмаган ҳам.

Дилафруз Ҳусанова, чемпионнинг онаси

Лазиз жуда эркатой бола эди. Футболга жуда қизиқарди. Ўғилларим оталари билан бирга дам олиш кунини стадионда ўтказишарди.

Ҳамон ёдимда. Лазизбек ўшанда 3-синфда ўқирди, ўғлим йўлдан ўтаётганида “Дамас” ҳайдовчиси тўсатдан чорраҳада бола чиқиб қолганини кўриб уриб юбормаслик учун мувозанатни йўқотиб, ўрик дарахтига урилиб, машинасининг ойнаси синган экан. Ўғлим қўрқиб кетганидан ҳайдовчидан қочиб, мактабга келиб, мени излаб топиб, орқамга бекиниб олди. Дамас ҳайдовчиси кўз ўнгимда боламни ургани учун жуда жаҳлим чиқди. Ундан хафа бўлдим. “Урманг боламни” дея уни ҳам койиб бердим. Ҳайдовчига “отаси машинангизни тузатиб беради, лекин боламни урманг” деганман ўшанда.

Ва ўшанда англаб етдимки, бола доим ўзини ҳимоя қилишларини хоҳлар экан. Ҳар қандай бола ўзини ҳимоя қилишни билиши муҳим экан. Мана шу воқеа ўғлимнинг боксчи бўлишига туртки берган бўлса ажаб эмас.

Лазизбек боғчага борганида 2 ёш эди, аммо 4 йил 6 ёшлик болаларнинг гуруҳида тарбияланган. Чунки жуда шўх эди. Кейин 6 ёшида мактабга берганмиз. Баҳор-ёз ёки қиш бўлмасин, фақат мактаб стадионида куни ўтарди. Кейинчалик турмуш ўртоғимнинг жияни жаҳон чемпионати совриндори Шерзод Ҳусанов Лазизбекнинг боксга бўлган қизиқишини сезиб боксга йўналтирган.

Фарзандингиз зарба еганда ёки мағлубиятга учраганда барибир эзилар экансиз. Боксда кимдир ютқазади ёки ютади. Аммо Ҳиндистонда бўлиб ўтган турнирда Лазизбек ютқизиб қўйди. Хуллас турнир тугади, ҳеч ким менга бу ҳақида гапирмади, аммо телеканалда кўрсатувни кўриб ютқазиб қўйганини билиб қолдим.

Ўғлим жангдан келди, сўрашдим-у лекин унинг кўзларига қарай олмадим. Чунки унинг руҳан эзилганини сездим. Унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасини кузатиб турардим ва руҳий ҳолати ёмон эканлигини билиб сиқилганман жуда. Бу она учун жуда оғир нарса аслида.

Лазизбекнинг зарба ейишини кузатиб тура олмайман. Жанг бўлаётганида чиқиб кетаман доим. Ўйиннинг охирида уйга кираман. Мана бугунги ўйинда боламнинг машаққатли меҳнатлари ўз самарасини берди, ўғлим ғалаба қозонди. Ҳаммамиз бундан хурсанд бўлдик, буни сўз билан таърифлаш қийин.

Мана ўғлим чемпиони бўлди, дунёни забт этди. Энди уни уйлантиришимиз керак”, дейди Лазизбек Мулложоновнинг онаси Дилафруз Ҳусанова.

Жароҳатдан қўрқиб Лазизбекни футболга бергандим – Ҳасанжон Ҳусанов

“Ҳар бир спортчининг ота-онаси фарзандининг жаҳон чемпиони бўлишини хоҳлайди албатта. Мана Лазизбек ҳам жаҳон чемпиони бўлди. Бизнинг оиламиз спортчилар оиласи бўлгани учун Лазизбекнинг спорт соҳасига қизиқишини вақтида англаб етганмиз.

Ҳасанжон Ҳусанов, чемпионнинг отаси

Шунингдек, катта акамнинг фарзанди ҳам спорт соҳаси бўйича юртимиз байроғини жаҳон ареналарида анча йиллардан бери юқорига кўтарилишига сабабчи бўлиб келаётган ёшлардан. Шароф Ҳусанов, Шерзод Ҳусанов ҳам жаҳон чемпионати, олимпиада қатнашчиси ҳисобланади. Лазизбек ва Азизбекни ёшликларида футболга йўналтирганман. Улар бир муддат футболга қатнаб юришди ва жияним Шерзод Лазизбекнинг боксга қобилияти борлигини айтган эди. Бошида қарши бўлганман бунга, лекин кейинчалик рози бўлдим. Қаршилик қилганимнинг сабаби боксда жароҳат олиш жуда хавфли. Яна ўғлимнинг футболга таланти бор деб ўйлаб юрардим. Лекин мана ҳозир жаҳон чемпиони бўлиб, ишончни оқлади.

Ота-она сифатида фарзандининг жанг қилаётганини кўриш жуда қийин нарса. Буни фарзанди боксчи ёки спортчи бўлган ота-оналар яхши тушунишади. Ўғлим жаҳон чемпиони бўлди, бундан жуда хурсанд бўлдим. Ростини айтсам хурсандчилигимнинг чеки йўқ. Бу ҳиссиётни гапириб сўз билан таърифлай олмайман.

Лазизбек чемпион бўлгунча машаққатлар чекди. Мағлубиятларга учради. Шунингдек Лазизбек 105 ёки ундан ортиқ вазн билан юрарди. Олимпиада иштирокчиси бўлиш учун 92 кг вазн эгаси бўлиши керак эди ва у 15 кггача вазн ташлашига тўғри келди. Ва бу вазнни ушлаб туриши ҳам керак эди. Бу анча қийин масала аслида. Лекин буни уддалади. Бу ғалабани қўллаб-қувватлаган ҳукуматимизга, президентимизга, Бокс федерациясига, мураббийлар қўмитасига миннатдорчилигимни билдираман. Қимматбаҳо совғалар билан тақдирлашди. Бу эътиборлардан чексиз миннатдормиз”.

Шоҳсупада кўзёшимни тия олмадим...”

“Болалигимда футболчи бўлишни орзу қилардим, кейинчалик боксга қизиқа бошладим. Амаким футбол жамоавий ўйин, бу орқали бир натижага эришиш мураккаброқ, футболни 11 киши ўйнайди, боксда ўзинг учун ҳаракат қиласан деганлар.

Лазизбек Мулложонов

Шу сабабли якка спорт йўлидан кетдим. Бошида қизиқмаганман, аммо кейинчалик машғулот жараёнларига қатнашиб юриб, бокс мусобақаларига қизиқишим ортди. Ғалабага эришиб бошлаганимда яна ҳам боксга бўлган қизиқишим ортиб борди. Шерзод акам мени кейинчалик бошқа мураббийга топширдилар, Алишер Тўйчиевга. Биз улар билан анча вақт ўз устимизда ишладик, Осиё чемпионатларида, Ўзбекистон чемпионатларида ва мана жаҳон чемпионатида ҳам ютуқларга эришиб кемоқдамиз. Бундан жуда мамнунман. Ва ота-онам ҳам бунда менга ҳар қандай шароитни яратиб беришган, уларга бунинг учун ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ишончларини оқлаётганимдан хурсандман.

Аслида 92 кгдан юқори вазнда жангда олиб борар эдим, аммо Сербиядаги чемпионатда мағлубиятга учрадим, лекин худди шу вазнда Осиё чемпиони бўлдим. Мураббийлар қўмитаси шу вазнда Баҳодир Жалоловни жаҳон чемпионатига чиқарадиган бўлишди ва менга 92 кг вазнга қайтишинг керак дейишди. Рози бўлдим ва 15 кг вазн ташлаш учун ҳаракат қилдим. Бу албатта осон бўлмади. Шу вазнни ушлаб тургандан кейин яна жангда ҳам қатнашиш керак эди. Менга федерация томонидан шароитлар яратиб берилди ва Тошкентда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 3-ўринни олдим. Бу ўйинни муҳтарам президентимиз ҳам кўрган экан. Олимпиада ўтганидан кейин президентимиз билан телефон орқали суҳбатлашдик ва ўшанда улар менга ишончларини билдирдилар, мен бундан жуда хурсанд бўлдим. Ва олимпиадада ҳам шу вазнда курашдим ва олтин медални қўлга киритдим.

Олимпиадага боргунимгача руҳий стресслар кечди, бунда рақибдан қўрқиш эмас, ватан шаънини ҳимоя қила оламанмикан, деган ҳаяжон бўлади одамда. Бунинг устига 13 кг вазн ташлаш, буни ушлаб туриш анча мураккаб масала рости. Финалда ғалаба қозонганимдан кейин ўзимни ушлаб туришга ҳаракат қилдим, лекин шоҳсупага кўтарилганимда кўплаб давлатлардан келган мухлислар олдида ватанимиз байроғи энг юқорига кўтарилганда, мадҳиямиз янграшни бошлаганда ўз ҳиссиётларимни ушлаб тура олмай кўзимга ёш келди. Бу албатта, халқимиз, президентимизнинг менга ишончи орқали бўлди. Қишлоғим, ватаним учун курашдим”.

Ғалабага эришиш осон бўлмади

«Оилада 3 фарзандмиз, мен тўнғич ўғилман. Куни кеча олимпиадада укам биринчи ўринни олди. Бу даражага эришиш осон бўлмади, чунки бирин-кетин жуда кучли рақибларга дуч келди.

Азизбек Ҳусанов, Лазизбек Мулложоновнинг акаси

Укам 13 ёшидан катта боксга қатнашни бошлаган. Бошида футболга бориб юрардик, кейин боксга ўтганмиз. Орада 3-4 та профессионал жангларда қатнашдик ва кейин мен бошқа соҳага қизиқдим. Тадбиркорлик қила бошладим ва укамга спорт билан шуғулланиши учун шароит қилиб бердик. Мана ҳозир жаҳон чемпионига айланди.

Бу ғалабага эришиш йўлида қийинчиликларга дуч келдик. Лекин ота-онам бизга яхши шароит яратиб бериш учун ҳаракат қилишган доим. Бизнинг биринчи мураббийимиз ўзимизнинг акамиз, Шерзод Ҳусанов ҳисобланади. Улар ҳам бокс бўйича жаҳон чемпиони бўлган. 2 марта олимпиада қатнашчиси бўлган. Мен ҳам тадбиркорлик билан бир қаторда профессионал жангда қатнашиб тураман. 3 та жангда қатнашган бўлсам барчасида ғолибликни қўлга киритганман”, дейди чемпионнинг акаси Азизбек Ҳусанов.

Лазизбек ишончни оқлади” – Шерзод Ҳусанов

“Жияним Лазизбекнинг боксга кириб келишига ўзим сабабчи бўлганман, 2010 йилдан бери бокс бўйича катта мураббий бўлиб ишлаганимда катта жияним Азизбек олдимга келган.

Шерзод Ҳусанов, чемпионнинг қариндоши

Кейинчалик Лазизбек ҳам бунга қатнаша бошлаган. Шунда футбол машғулотларига қатнашаётган жиянларимни яширинча боксга олиб кетардим, чунки амаким бунга қарши эдилар. Аммо мураббий сифатида уларда боксчи қобилиятини кўрдим ва бунга уларни қизиқтирдим. Амаким жуда кўп қаршилик билдирган, шунда ҳам уларни Қувасойга олиб бориб шуғуллантирар эдим. Мана кўп чемпионатларда иштирок этиб, болалар яхши натижаларга эришишмоқда. Ҳозирда амаким ҳам, келинойим ҳам раҳмат айтишади. Ўшанда боксга олиб кирганингиз учун ҳам раҳмат дейишади. Ёшим 44 да эканини инобатга олиб, жияним учун мураббийликни Алишер Тўйчиевга топширганман, улар 6-7 йил мобайнида бирга шуғулланишади. Жаҳон чемпионатига ҳам биргаликда тайёргарлик кўришди, натижа ҳам шунга яраша бўлди”.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Оператор ва монтажчи: Сардор Мамиров

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар