Париж-2024да Ўзбекистонга энг кўп медал келтирган бокс турнири Олимпиада тарихида сўнгги марта ўтказилган бўлиши мумкин. Халқаро олимпия қўмитаси ва Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) ўртасида кузатилган сўнгги йиллардаги можаролар оқибатида бокс ҳозирча 2028 йилги Лос-Анжелес Олимпия ўйинларига киритилмаган. ХОҚнинг талаби аниқ ва унга кўра, бокс бўйича Парижда тенгсиз мамлакат эканини кўрсатган Ўзбекистонни ҳам олдинда қийин танлов кутиб турибди.
ХОҚ халқаро бокс ассоциациясини Олимпия оиласидан нега четлатилди?
2023 йилда Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) молия, бошқарув ва ҳакамлик билан боғлиқ муаммолар туфайли Халқаро бокс ассоциациясини (IBA) тан олиши ҳақидаги қарорини бекор қилди. ХОҚ фикрига кўра, 2020 йилда IBA ташкилоти раҳбарлигига келган россиялик Умар Кремлёв вазиятни яхшилай олмади. Оқибатда, тарихда биринчи марта Олимпия спортининг бошқарув органи Олимпия оиласидан чиқариб юборилди.
IBA четлатиш бўйича тавсияни «жирканч ва мутлақ сиёсий» деб атади ва Спорт арбитраж судига мурожаат қилди. Бироқ, суд тавсияни тўхтатиб туриш тўғрисидаги апелляцияни қабул қилмади. Натижада, IBA ташкилотини Олимпия оиласидан чиқариб ташлаш учун ХОҚ қарори қабул қилинишига ҳеч нарса тўсқинлик қилмайдиган бўлди.
«Бокс ва боксчилар билан ҳеч қандай муаммомиз йўқ. Агар муаммо бўлганида, Токио ва Париждаги мусобақалар ўтказилмаган бўларди. Биз боксни жуда қадрлаймиз, аммо, афсуски, бизда IBA раҳбарияти туфайли жуда жиддий муаммолар мавжуд. Биз боксни жуда қадрлаганимиз сабабли, боксчилар халқаро федерация томонидан адолатли ва шаффоф бошқарувга лойиқ деб ҳисоблаймиз», - деган ХОҚ раҳбари Томас Бах.
IBA бошқаруви 2020 йилда Россия бокс федерацияси раҳбари, россиялик амалдор Умар Кремлёвга ўтди. У 2021 йилгача ассоциациянинг барча муаммоларини ҳал қилишга ваъда бериб, буни амалда бажарди. 2023 йилги ҳисоботга кўра, IBA қарзларининг катта қисми ёпилган. Шунингдек, Рио-2016 Олимпиадасидан кейин пайдо бўлган ҳакамлик муаммоси ҳал қилинди. Аммо Кремлёвнинг далиллари ХОҚ расмийларини ишонтира олмади. Ўтган йил IBA Олимпия оиласига аъзоликдан бутунлай четлатилиши тўғрисида қарор қабул қилинган. ХОҚ ижро қўмитаси илгари ҳеч қачон олимпия спортининг бошқарув органига нисбатан бундай қарор чиқармаган эди.
Халқаро олимпия қўмитасини IBA ва Россиянинг «Газпром» компанияси ўртасидаги ҳомийлик шартномаси ташвишга солиб келаётган эди. Энергетика гиганти билан шартнома 2022 йилнинг охирида бекор қилинади. Бироқ, июн ойи бошида ХОҚ IBA фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эълон қилиб, Кремлёв декабр ўрталарида Абу-Дабидаги конгрессда ўз қўл остидагиларидан «Газпром» билан ҳамкорликни узайтириш имкониятларини сўраганини даъво қилди. Буларнинг барчаси ХОҚ раҳбариятини яна бир бор IBA молиявий шаффофлиги ва ишончлилиги ҳақида ўйлашга мажбур қилди. IBA ўз фаолиятини аудит қилган Ernst & Young ва PriceWaterhouseCoopers компанияларидан якуний хулосаларни ошкор қилмасликни сўраган. ХОҚ буни ҳам шубҳали ҳаракат деб ҳисоблайди.
Кремлёвнинг ХОҚга қарши юришлари
IBA президенти Кремлёв яқин ўтмишда бир қатор ғалати қарорларни қабул қилди. Масалан, IBA биринчи бўлиб россиялик ва беларуслик боксчиларга миллий байроғи остида халқаро мусобақаларда қатнашишга рухсат берди. Ваҳоланки, Украинадаги уруш бошланганида ХОҚ барча федерацияларга бу спортчиларни халқаро мусобақалардан четлатишни тавсия қилган эди.
Кремлёв қароридан кейин россиялик ва беларуслик боксчилар март ойида Деҳли (Ҳиндистон) шаҳрида ўтказилган аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатида, май ойида эса Тошкентда ўтказилган эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этди. Бир қанча хорижий федерациялар Кремлёвнинг бу қарорига қарши чиқди – ўнлаб давлатлар жаҳон чемпионатини бойкот қилди, уларнинг баъзилари жаҳон боксининг янги бошқарув органи тузилганини эълон қилди.
World Boxing ташкилотига аъзолар Олимпиадага борадими?
Ташкилотчилик ташаббускори нидерландиялик Борис ван дер Ворст бўлиб, у бир йил аввал «сайлов давридан ташқари ташвиқоти» туфайли IBA президентлик сайловидан четлатилганди. Кейинроқ амалдор Кремлёв бошқарувидан норози бўлган 18 та миллий ҳаваскор бокс федерациясини ўз ичига олган World Boxing ташкилотини тузди. Унинг мақсади «ҳаваскор бокснинг Олимпия келажагини сақлаб қолиш» деб аталди. Шу билан бирга, янги ташкилот ХОҚ таркибига кириш учун ариза юборди.
Расмий равишда World Boxing таркибига фақат иккита миллий федерация - АҚШ ва Швейцария киради. USA Boxing яқинда яна 28 давлат уларни ташкилотга кириш учун ариза бериш ниятида эканини ва яна 18 давлат ариза бериш жараёнини бошлашни сўраганини маълум қилганди. Лос-Анжелес-2028 ўйинларида ҳаваскор бокс World Boxing томонидан тақдим этилиши мумкин.
«Миллий федерацияси IBA аъзоси бўлган ҳар қандай боксчи 2028 йилги Олимпия ўйинларида иштирок эта олмайди»
Париж-2024 Олимпиадасидан олдин Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Халқаро бокс ассоциациясига (IBA) аъзо бўлган миллий федерациялар спортчиларига 2028 йилги ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этишни тақиқлади. Париж-2024 бокс баҳсларида етакчи бўлган Ўзбекистон ва яна бир қатор мамлакатлар ушбу ташкилот аъзоси саналади. ХОҚ қарори эса Ўзбекистон бокс федерациясини бу борадаги танлов борасида қийин ҳолатга солиб қўйиши мумкин.
«Ҳозир бокс 2028 йилги Олимпиада ўйинларининг спорт дастурига киритилмаган. ХОҚ бокс бўйича бундай олимпия мусобақасини бошқа ўтказа олмаслигини маълум қилди. Буни бартараф қилиш учун Олимпиада бокси ишончли ва яхши бошқариладиган халқаро федерация томонидан ташкил қилиниши керак. Миллий федерацияси IBA аъзоси бўлган ҳар қандай боксчи 2028 йилги Олимпия ўйинларида иштирок эта олмайди. МОҚ ишончли ҳамкор ташкилотисиз боксни Олимпия ўйинларида ташкил этмайди. Миллий федерациялар уларнинг боксчилари Олимпия медалига эга чиқишни истаса, унда ишончли, барча талабга жавоб бера оладиган, яхши бошқарувга эга халқаро федерация атрофида бирлашишсин», - дея Томас Бахнинг сўзларини келтирган МОҚ расмий сайти.
Бу баёнотлардан кўриниб турибдики, бокс Олимпиада ўйинлари дастурига киритилишига ҳали умид бор. Лекин кун сайин у тобора заифлашиб бормоқда. Ташкилотчилар спорт ареналари қуриш бўйича иш бошлаши, ҳомийларни жалб қилиши учун Олимпиада дастурининг тасдиқланган вариантига тезроқ эга бўлиши лозим. Ҳозирча ундан бокс жой олмаган. Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах бокснинг Лос-Анжелес-2028 Олимпиадасида бўлиш ёки бўлмаслиги ҳақида якуний қарор 2025 йилгача қабул қилинмаслигини айтган. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам Олимпиада умиди билан яшаётган, бунинг учун тиним билмай шуғулланаётган қанчадан-қанча боксчиларнинг орзуси тез орада саробга айланиши мумкинлигининг ўзи ҳам жуда ачинарли ҳолат.