Конор Галлаҳер «Атлетико»га трансферидаги муаммолар туфайли Лондонга қайтди.
«Челси» яримҳимоячиси кетиши кутилаётган жамоалошлари Трево Чалоба ва Ромелу Лукаку билан бирга клубнинг ёшлар жамоасида машғулотларни давом эттириши кутилмоқда.
Аввалроқ «Атлетико» англиялик яримҳимоячини 34 млн фунтга сотиб олиши хабар қилинганди, аммо «Челси» билан келишув ҳалигача ёпилмаган. Мадридликлар ҳужумчиси Саму Омородионнинг «кўклар» сафига трансфери муваффақиятсизликка учрагач, клублар келишувга Жоау Феликсни қўшиш имкониятини муҳокама қила бошлади.
Тиббий кўрикдан ўтган ва трансфер эълон қилинишини кутаётган Галлаҳер сўнгги беш кунни Мадриддаги меҳмонхоналардан бирида мустақил машғулотлар билан ўтказганди.
Ёз бошида 24 ёшли инглиз «Челси»нинг янги шартнома бўйича таклифини, шунингдек, «Астон Вилла»га ўтишни ҳам рад этганди. Энди у «Атлетико» трансферга қайтишини ёки бошқа клублардан таклифларни кутиши керак.