Узоқ йиллар давомида иқтидорли спортчиларни тайёрлаган, ҳакамлик ва назоратчилик фаолияти билан ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшган Сайфиддин Эрматов бугун, 14 август куни 71 ёшда вафот этди.
Сайфиддин Ғозиевич Эрматов 1953 йил 22 феврал куни Тошкентда таваллуд топган. Болалигидан футболга меҳр қўйиб, миллионлар ўйини билан шуғулланиб келган. Жумладан, ёшлик даврларида «Пахтакор», «Спартак» ва «Автомобилчи» жамоаларида тўп сурган. Шундан сўнг «Пахтакор» болалар-ўсмирлар спорт мактаби ва халқ орасида «Чиғатой» номи билан машҳур бўлган футбол бўйича Республика Олий спорт маҳорати мактабида ёшларга футболдан сабоқ берган. Кейинчалик футбол ҳаками ва инспектори сифатида самарали меҳнат қилган.
ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматовнинг отаси фаолияти давомида кўплаб истеъдодли ёш ҳакамларни тарбиялашда катта ҳисса қўшган. Шогирдлари орасида ФИФА рефериси, футбол мундиалларини бошқариш бўйича жаҳоннинг мутлақ рекордчиси Равшан Эрматов, шунингдек, Абдуҳамидулло Расулов каби таниқли ҳакамларни учратиш мумкин. Шунингдек, таркибида Сервер Жепаров, Шуҳрат Мирхолдиршоев, Ярослав Крушелниский, Юрий Никитов каби иқтидорларни жамлаган 1982 йилда туғилган футболчилардан иборат Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси бош мураббийи бўлган.
Tribuna.uz сайти Сайфиддин аканинг вафоти муносабати билан Равшан Эрматов ва марҳумнинг яқинларига чуқур ҳамдардлигини билдиради. Марҳумнинг охирати обод бўлсин.