Бугун, 13 август куни бокс бўйича Ўзбекистон аёллар жамоаси аъзоси, Париж-2024 Олимпиадаси иштирокчиси Ситора Турдибекова Самарқанд вилояти Булунғур туманида тантанали билан кутиб олинди. Бу ҳақда ҳокимлик ахборот хизмати хабар берган.
Туман ҳокими Самандар Астанов боксчи қизнинг Париждаги турнирнинг нимчоракфиналида тайпейлик рақибига аламли тарзда мағлуб бўлганига қарамай, мусобақада муносиб иштирок этиб, олқишларга сазовор бўлганини қайд этди ва унга янги уй совға қилган. Шунингдек, боксчининг ота-онасига эсдалик совғалар топширилди.
Эслатиб ўтамиз, Париж-2024 Олимпиадаси аёллар ўртасидаги бокс баҳсларининг -57 кг вазн тоифасида Ситора Турдибекова тайпейлик Лин Ю Тинга мағлуб бўлиб, турнирни кўзда ёш билан тарк этганди. Унинг рақиби якунда Олимпиада чемпионига айланганди.
Аввалроқ, Халқаро бокс ассоциацияси IBA президенти Умар Кремлев Олимпиадада адолатсизликка учраган боксчи қизларни ҳам 1-ўринга бериладиган пул маблағлари – 100 минг АҚШ доллари миқдорида мукофотлаши ҳақида эълон қилганди.