Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди. Давлатимиз раҳбари аввало спортчиларимизнинг Париж Олимпиадасидаги улкан тарихий зафарлари билан бутун халқимизни чин қалбидан табриклади.
«Токио олимпиадасидан кейин яхши ният билан топ-15 га кирамиз деб, олдимизга катта мақсад қўйган эдик. 208 та давлат вакиллари қатнашган мусобақада спортчиларимиз юксак матонат, маҳорат ва ирода кўрсатиб, дунёда 13-ўрин, Осиёда 4-ўрин, туркий, мусулмон ва МДҲ давлатлари орасида 1-ўринни эгаллади. Бир йўла 3 нафар спортчимиз «икки карра олимпия чемпиони», деган юксак шарафли номга сазовор бўлди.
Бу Янги Ўзбекистон ёшлари нимага қодир эканини бутун дунёга кўрсатиб, уларнинг натижалари тарихимизда зарҳал ҳарфлар билан муҳрланди.
Барча спортчиларимиз, уларнинг ота-оналари, устоз ва мураббийлари Янги Ўзбекистоннинг чинакам қаҳрамонларидир! Улар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди, улар бизнинг ғуруримиз!», - дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирган Президент матбуот хизмати.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Париж-2024 Олимпиадасида 13та медал – 8та олтин, 2та кумуш ва 3та бронза билан ўз тарихидаги энг яхши натижага эришди.