Самарқанддаги «Динамо» стадиони прожекторлари ёритиш даражаси 1174 люксни ташкил этгани сабаб стадионда Суперлига баҳсларини ўтказишга рухсат берилмаётган эди.
ПФЛ хабарига кўра, стадионда таъмирлаш ишлари олиб борилганидан кейин янги лампалар олиб келиш бўйича шартнома имзоланган.
«Бироқ янги чироқларнинг келтирилиши белгиланган муддатдан бироз кечикди. Куни кеча «Динамо» стадиони учун буюртма қилинган янги ёритгичлар юртимизга етиб келди ва сўнги икки кун давомида Самарқандда янги лампаларни ўрнатиш ишлари олиб борилди. Кеча янги лампаларнинг дастлабки қисми ўрнатиб бўлинди. 11 август куни тунда Лига комиссари «Динамо» стадиони ёритиш тизимини ўлчаш ишларини олиб борди ва ҳозирда «Динамо» стадиони прожекторлари ёритиш даражаси 1665 люксни кўрсатмоқда.
Стадионга янги чироқларнинг иккинчи партиясини ўрнатиш ва сўнгра уларни созлаш ишлари яна 4 кун давомида олиб борилади ва якунда стадионнинг ёритиш даражаси Лига талаб қилганидек 1800 люксга етказилади», - дейилади ПФЛ хабарида.
Эслатиб ўтамиз, ПФЛ 3 август куни Суперлига доирасидаги «Динамо» - «Навбаҳор» учрашувини Самарқандда ўтказишга рухсат бермаган эди. Бугун, 12 август куни «Сурхон» - «Қизилқум» ўйини Самарқандда бўлиб ўтади.