Париж-2024 Олимпиадасида эркин кураш баҳсларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиб олтин медалга эга чиққан Разамбек Жамалов чемпионликдан сўнг таассуротлари билан ўртоқлашиб, Ўзбекистон миллий жамоаси сафида Олимпиадада иштирок этиш имкониятини яратгани учун Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодировга миннатдорчилик билдирди.
«Ушбу ғалабам учун Алҳамдулиллаҳ!
Бугун Олимпия ўйинлари олтин медалини ғурур билан қўлимга тутиб, энг аввало бу қийин ва машаққатли йўлни босиб ўта олганим учун Аллоҳга шукроналик келтираман. Нимага эришган бўлсам, барчасига Унинг изни билан эришдим.
Шунингдек, менга бор билими, тажрибаси ва чин юракдан борини берган мураббийларимга чуқур миннатдорчилигимни билдираман. Айнан сизнинг донолигингиз, сабр-тоқатингиз ва менга бўлган ишончингиз ушбу ғалаба йўлидаги барча тўсиқларни енгиб ўтишимга ёрдам берди.
Ўзбекистон миллий жамоаси сафида Олимпия ўйинларида иштирок этиш имкониятини яратиб берган Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Ахматовичга ҳам алоҳида миннатдорчилигимни билдираман.
Ва, албатта, барча мухлисларга катта раҳмат! Сизнинг ишончингиз ва ёрдамингизни ҳар қадамда ҳис қилдим. Сиз ҳар қандай вазиятда нима бўлишидан қатъи назар ишонч билан олға юришим учун куч бердингиз.
Бу медал – биргаликдаги меҳнат ва ишончнинг самарасидир. Яратган бизни янги ютуқ ва муваффақиятларга эриштирсин. Омин!», - дея ёзади Разамбек Жамалов инстаграмидаги саҳифасида Ўзбекистон, Доғистон ва Чеченистон сўзларини тег қилиб.
Аввалроқ, Ҳабиб Нурмагомедов ўз юртдошини Олимпиада ғолиблиги билан табриклаганди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган доғистонлик курашчи Олимпия ўйинлари эркин кураш баҳсларида -74 кг вазн финалида япониялик Даичи Такатанини мағлуб этиб, олтин медалга эга чиқди. Чечен миллатига мансуб курашчи аввалги босқичларда Олимпиада финалчиси Магомедҳабиб Нурмагомедов (нейтрал), 4 карра Европа чемпиони Таймураз Салказанов (Словакия), Албания вакили Чермен Валиев ва тожикистонлик Валентин Рассадиндан устун келганди.