Ўзбекистон бокс федерацияси куни кеча юрак хуружига учраган миллий жамоа бош мураббийи Тўлқин Қиличевнинг ҳолати ҳақида расмий маълумот берди.
«Бугун хорижий оммавий ахборот воситаларида жамоамиз бош мураббийи Тўлқин Қиличев билан боғлиқ хабарлар тарқалди.
Ҳаммангизга маълумки, мураббийлик фаолияти жуда мураккаб иш, айниқса бу даражадаги нуфузли Олимпия ўйинларида жамоани тайёрлаш, мусобақадаги иштирокдан сўнг ғалаба ва мағлубиятга кўникиш мураббийдан катта руҳий босимни, шу билан бирга бундай юқори даражадаги мусобақа одамдан кучли матонат ва руҳий зўриқишларни талаб қилади.
Куни кеча терма жамоамиз бош мураббийи Тўлқин Қиличев соғлигида бироз муаммолар кузатилган ҳамда спортчилар кийиниш хонасида ташкилий қўмита шифокорлари томонидан мураббийимизга зудлик билан биринчи ёрдам кўрсатилган. Ҳозирги кунда мураббийимизнинг соғлиги мўтадил, ўзини яхши ҳис қилмоқда. Бироз муолажалар олиши талаб этилади.
Ушбу ютуқларда, бутун дунё боксида биринчи бўлишимизда мураббийимизнинг жуда улкан ҳиссаси бор. Тўлқин Қиличевга соғлик тилаб, тезроқ сафимизга қайтишини кутиб қоламиз. Ишонамизки, тез кунларда жамоамиз сафига қайтиб, яна боксчиларимизни ғалабалар томон бошлаб боради», - дейилади расмий муносабатда.
Эслатиб ўтамиз, Тўлқин Қиличев Париждаги «Ролан Гаррос» аренасида Ҳасанбой Дўсматовнинг Олимпиада чемпионлиги нишонланганидан сўнг юрак хуружига учрагани, воқеа кийиниш хонасида рўй бериб, дастлабки ёрдам кўрсатилгач ҳам, у 2-3 дақиқада ўзига келмагани хабар қилинганди.
Ўша вақтда Британия жамоаси шифокорлари Ҳарж Сингҳ ва Робби Лиллис яқинроқда бўлишган. Улар зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатишган — дефибриллиатор ёрдамида Қиличевнинг ҳаётини сақлаб қолишган. Сўнг мураббий шифохонага юборилган.
Маълумот учун, хуруж сабаб мураббий шогирдлари — Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Лазизбек Мулложонов ва Баҳодир Жалолов иштирокидаги финалларни ўтказиб юборди.