11.08.2024 23:20
6596
Теглар
Париж-2024. АҚШ медаллар жамғармасида сўнгги сонияларда Хитойдан пешқадамликни тортиб олди

Бунақаси ҳали бўлмаган эди. Бугун, 11 август куни Олимпиаданинг сўнгги кунида жаҳоннинг икки етакчи мамлакати Хитой ҳамда АҚШ медаллар жамғармасида 1-ўринни эгаллаш учун сўнгги сонияларгача кураш олиб борди ва аёллар ўртасидаги баскетбол бўйича финалда АҚШ мезбон Францияни мағлуб этиб, олтин медал эвазига чинларга етиб олиб, умумий медаллар сони бўйича турнирни 1-ўринда тугатди.

Олимпиаданинг мамлакатлар ичидаги норасмий чемпиони номи Париж-2024даги сўнгги кунда эмас, сўнгги турниридаги сўнгги сонияларда ҳал бўлгани ҳар тўрт йилликдаги энг йирик мусобақанинг қай даража қизиқарли ўтганини кўрсатиб турибди.

Баскетбол бўйича АҚШ – Франция финали бошланишидан олдин Хитой умумжамоавий медаллар жамғармасида 40та олтин билан 1-ўринда, америкаликлар эса 39та олтин билан 2-ўринда эди. Финалда эса америкалик қизлар сўнгги сонияларда ҳисобни 67:66га айлантириб, 40-олтин медал билан АҚШни яна 4 йилга спортдаги 1-рақамли мамлакат сифатида қолишини таъминлашди. Эътиборлиси, Токио-2020да ҳам Хитой 38та олтин билан аламли тарзда 2-ўринга тушган, АҚШ эса 39-медал билан спорт бўйича мамлакатлар рейтингида 1-ўринни эгаллаганди. Шу тариқа, Америка ўз тарихида 19-марта бу борада пешқадам бўлди. Улардан кейин 2-ўринда ҳамон 33 йилдан буён мавжуд бўлмаган давлат – СССР жой олган – 6 марта пешқадамлик.

Япония АҚШ ва Хитойдан икки баравар кам – 20та олтин ва жами 45та медал билан Париж-2024 Олимпиадасини учликда якунлади.

Мусобақанинг дастлабки кунларида медаллар жамғармасида ҳаттоки пешқадам ҳам бўлган Австралия якунда 18та олтин билан 4-ўринни эгаллаган бўлса, мезбон Франция 16та чемпионлик билан бешликни ёпиб берди. Аммо, қайд этиш жоиз французлар медаллар сони бўйича фақат АҚШ ва Хитойдан кейинги ўринда – 64та медал.

Нидерландия, Буюк Британия, Жанубий Корея, Италия ва Германия кутилганидек ўнликдан жой олди.

Ўзбекистон ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этиб, 8та олтин ва умумий 13та медал билан жаҳоннинг норасмий тарзда 13-спорт мамлакатига айланди. Бу жуда катта натижа экани дунёнинг етакчи ОАВлари томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Ўзбекистон медаллар жамғармасидаги ўрни билан – МДҲ мамлакатлари орасида 1-ўринда, туркий мамлакатлар кенгашига аъзо давлатлар ичида 1-ўринда, аҳолисининг катта қисми мусулмон бўлган мамлакатлар рўйхатида 1-ўринда, Осиёда 4-ўринда, Марказий Осиёда ҳам 1-ўринни эгаллагани мамлакатимиз минтақада йирик спорт давлатига айланганини яна бир марта кўрсатмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Қўшни мамлакатлардан Қозоғистон жами 7та медал (1та олтин, 3тадан кумуш ва бронза) билан умумжамоавий рейтингда 43-ўринни эгаллаган бўлса, Қирғизистон 6та медал (2та кумуш ва 4та бронза) билан 68-ўрин, Тожикистон эса 3та бронза билан 79-поғонани эгаллади. Туркманистон эса медалсиз қолди.

Париж-2024. Медаллар жамғармаси:

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар