ФИФА Ўзбекистонда ўтказиладиган футзал бўйича жаҳон чемпионати тимсолини расман эълон қилди.
Унга кўра, Ўзбекистон мезбонлик қиладиган жаҳон чемпионати расмий тимсоли дея Хон исмли Турон йўлбарси танланган.
«Куч-қудрат ва жасорат тимсоли ҳисобланган Турон йўлбарси юртимизда ўтадиган мундиалнинг расмий тимсоли этиб танланди.
Ўзига хос маҳорат билан чаққон ҳаракат қилиши ва унинг юқори тезлиги мазкур тимсолни футзал спорт тури билан боғлайди.
Ўрта Осиёнинг йўқотилган бойлиги дея таърифланадиган Турон йўлбарсини Жаҳон чемпионати тимсоли дея эълон қилиниши бутун дунёни ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишга яна бир бор ундайди», - дейилади ЎФА хабарида.
Эслатиб ўтамиз, футзал бўйича ЖЧ қуръа ташлаш маросими 25 май куни Самарқанддаги Регистон майдонида ўтказилганди. Турнир 14 сентябрдан 6 октябрга қадар Тошкент, Андижон ва Бухоро шаҳарларида ўтказилади.