06.08.2024 22:49
4388
Теглар
Россияда Ҳабиб Нурмагомедовнинг мол-мулки ҳибсга олинди

У солиқ ва жарималардан жуда катта миқдорда қарздор экани таъкидланмоқда.

Россияда Суд ижрочилари UFC собиқ чемпиони Ҳабиб Нурмагомедовнинг 79 млн рублга (≈11,6 млрд сўм) тенг мулкини хатлади. Бунга спортчининг Федерал солиқ хизмати (ФСХ) олдидаги 302 млн рубл (≈44,3 млрд сўм) миқдоридаги қарзи сабаб бўлган.

Суд ижрочилари томонидан олиб қўйилган мулклар рўйхатида Нурмагомедовнинг Доғистондаги уйи, шунингдек, 6 та қимматбаҳо автомобили: Ferrari California T, Mercedes-Benz AMG GTS, Mercedes-Benz S-Class, BMW 7, Toyota Land Cruiser ва Toyota Tacoma бор.

Аввалроқ, ФСХ Ҳабиб Нурмагомедовнинг солиқ, пеня ва жарималарни тўламагани учун банк ҳисоб рақамларини ҳибсга олган эди. Бундан ташқари, солиқ хизмати спортчининг бир қанча компанияларини, жумладан туризм фаолияти билан шуғулланувчи «Hikmet Travel»ни ёпди. Бунга расмий ҳужжатлардаги ишончсиз маълумотлар сабаб бўлгани таъкидланмоқда.

Айни дамда Ҳабиб Нурмагомедов Дубайда яшаяпти. У ва унинг жамоаси яқин вақт ичида Доғистонга учиб кетиши режалаштирилган.

Ҳабиб Нурмагомедов 35 ёшда. У аралаш яккакурашларда бирорта ҳам мағлубиятга учрамаган (29 та ғалаба, 19 та жангни муддатидан аввал якунлаган).

Нурмагомедов 2018 йилда ирландиялик Конор Макгрегорни мағлуб этиб, чемпионлик унвонини муваффақиятли ҳимоя қилди. Уларнинг баҳси MMA тарихидаги энг юқори даромад келтирган жангга айланди (умумий даромад 200 миллион доллардан ошиқ).

2020 йил октябр ойида Нурмагомедов фаолиятини якунлаганини эълон қилди. 2022 йил июл ойида у UFC Шон-шараф залига киритилди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар