Иняки Уилямс укаси Никони «Атлетик»да қолишга кўндиради.
«Барселона» футболчининг трансфер бўйича қарор қабул қилишини кутишда давом этмоқда, аммо клуб тобора пессимистик кайфиятда.
Испания миллий жамоаси билан Евро-2024да ғолиб чиққан Нико айни дамда оиласи ва яқинлари билан таътилда. Унинг акаси ва клубдаги шериги Иняки ёзда «Атлетик»ни тарк этмаслиги учун укасига жиддий босим ўтказмоқда, деб хабар беради Mundo Deportivo.
Билбао клубида эса Никонинг 12 август куни жамоа билан мавсумолди машғулотларига қўшилишини кутишмоқда. Баъзи манбалар яримҳимоячи қайтиб келганидан кейин уни қолишга кўндириш учун янги шартнома таклиф қилинишини ёзишмоқда.
Ўз навбатида «Барселона» Килиан Мбаппе билан шартнома имзолаган «Реал» билан рақобатлашиш ва жамоани кучайтириш учун кўп ишлашга тайёр. Шу билан бирга, Каталония клуби раҳбарияти футболчининг товон пули 58 млн евролигича қоладиган бўлса, келаси йилгача кутишга тайёр.