ЎФА мажлислар залида Ўзбекистон олимпия жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда мутахассис Испания (1:2) ва Мисрга (0:1) қарши ўйинлар ҳақида ҳам фикр билдирди.
«Испаниянинг охирги ўйинларини таҳлил қилдик. Албатта, ўзига яраша камчиликларимиз ҳам бўлди. Ўйинга қўйган стратегиямиз яхши ишлади, айниқса, биринчи бўлимда. Лекин иккинчи бўлимда Испанияга имконият бердик.
Уларга қарши тўғри прессинг қилиб, имкониятларга эга бўлдик. Бу ўйиндан кейин жамоа билан рақибларнинг ва ўзимизнинг ўйинимизни таҳлил қилдик. Биз ўша куни рақибдан кучсиз эмасдик, энг камида дуранг қайд этишимиз мумкин эди.
Умуман олганда, бундан кўпроғини кутгандик, бироқ бизга омад етишмади. Энг муҳими катта тажрибага эга бўлдик.
Жасур Жалолиддиновнинг Миср билан ўйинда алмаштирилиши? Ўша баҳсда у чарчади. Шу сабабли ўзгартирдик.
Биринчи ўйинда кўп куч йўқотгагдик. Миср эса қарши ҳужумларда бизга муаммо туғдирди. Улар зич ҳимояланишди, лекин етарлича имкониятларимиз бўлди.
Тақвим? Дастлабки ўйин кўп нарсага ойдинлик киритади. Биринчи ўйинда ютсангиз, кейингиларида босим бўлмайди. Бироқ тақвим бизга боғлиқ бўлмаган ҳолат эди. Рақибларимиз ҳам ўзига ярша кучли. Бу мусобақада кучсиз жамоа йўқ эди.
Албатта, бундан кўпроғини амалга ошира олардик. Ўйинларда етарлича вазият яратдик. Қаердадир босим ҳалақит берди», — дейди Кападзе.