03.08.2024 00:53
6443
Теглар
Париж-2024да навбатдаги можаро: ўзбек қизи «тестостерони юқори» боксчига қўл беришни рад этиб, рингни кўзда ёш билан тарк этди

Париж-2024 Олимпиадаси аёллар ўртасидаги бокс баҳсларида италиялик боксчи Анжела Каринининг Иман Ҳелифга қарши жангни давом эттиришдан бош тортиши можароси совумай туриб, шунга ўхшаш навбатдаги ҳолат кузатилди. Бу сафар ўзбек қизи тайпейлик «тестостерони юқори» рақибига мағлуб бўлиб, турнирни кўзда ёш билан тарк этди. Ситора Турдибекова рақибга қўл узатишни ўзига эп кўрмади.

Ситора Турдибекова турнирни кўзда ёш билан тарк этди

Олимпиадада аёллар бокси бўйича -57 кг вазн тоифасида Ситора Турдибекова турнирдаги иккинчи учрашувини ўтказди.

Ўзбекистонлик 22 ёшли боксчи Хитой Тайпейи вакили саналмиш икки карра жаҳон чемпиони 28 ёшли Лин Ю Тинга қарши рингга кўтарилди. Чоракфинал йўлланмаси учун бўлиб ўтган баҳсда Ситора «тестостерони юқори» бўлган рақиби билан баҳсдан сўнг турнирдаги иштирокини якунлашга мажбур бўлди.

Лин Ю Тин – можароли чемпион

Хитой Тайпейи мамлакати вакили саналмиш 28 ёшли Лин Ю Тин бокс бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида икки марта – 2018 ва 2022 йилда чемпионликни қўлга киритган, Ҳанчжоу-2022 Осиё Ўйинларида ҳам олтин медалга эга чиққан бўлса-да, рақиблари ва мухлислар олдида ҳурмат қозона олмаётган боксчи саналади.

2023 йилги жаҳон чемпионатида Лин бронза медалига эга чиққан бўлса ҳам, турнир якунида Халқаро бокс ассоциацияси томонидан текширувдан ўтказилиб, дисквалификация қилинган эди. Ўшанда AIBA раҳбари Умар Кремлев «ДНК-тест текширувларидан кейин биз ўз рақибларини алдаб, ўзини аёл сифатида кўрсатмоқчи бўлаётган бир қанча спортчиларни аниқладик», - деганди. Бу спортчилар – Иман Ҳелиф ва Лин Ю Тин эди.

Халқаро бокс ассоциацияси: «Уларда XY-хромосомалар борлиги исботланган»

Халқаро бокс ассоциацияси президенти Умар Кремлёв Лин Ю Тин ва Иман Ҳелифда юқори тестостерон қайд этилганини маълум қилган.

«Уларда XY-хромосомалар борлиги исботланган. Бундай спортчилар мусобақадан четлаштирилган», — дея изоҳлаган 2023 йилги жаҳон чемпионатида рўй берган ҳодисани IBA президенти Умар Кремлёв Иман Ҳелиф ва Лин Ю Тин четлатилганини назарда тутган ҳолда.

Боксчилар атрофидаги тортишувлар

Қайд этиш жоиз, спортчиларнинг жинсини XY-хромосомалар бўйича текшириш фанга зид деб топилган ва катта спортда бу усулдан фойдаланиш 1990-йиллардаёқ бекор қилинган. Умар Кремлёв ҳозирда кўплаб федерациялар аёллар ўртасидаги баҳсларга қўйиш учун стандарт сифатида қабул қилинган тестостерон даражасини аниқлаш бўйича текширувни назарда тутган бўлиши ҳам мумкин. Аммо ҳозирча бу борада ХОҚ ҳам, IBA ҳам аниқ тушунтириш бермаган. Шу билан бирга Ҳелиф дисквалификациядан кейин мусобақаларида иштирок этиб келаётган World Boxing федерацияси ушбу спортчига нисбатан жинси бўйича ҳеч қандай эътирози йўқлигини билдирган.

«Лин Ю Тин аёллар тоифасида қатнашиш учун талаб қилинадиган талабларга жавоб бермаган»

Аммо IBA баёнотида бу икки спортчининг мусобақаларнинг аёллар тоифасида қатнашиш учун талаб қилинадиган талабларга жавоб бермагани қайд этилган.

«IBA барча мусобақаларда ҳалол рақобатни таъминлашда содиқ қолади. Биз 2024 йилги Париж Олимпиадаси ўйинларида бокс бўйича мусобақаларда қатнашиш ҳуқуқининг номувофиқлигини кескин қоралаймиз. Яна бир бор таъкидлаймизки, Иман Ҳалиф ҳам, Лин Ю Тин ҳам тегишли тест синовларидан сўнг мусобақаларнинг аёллар тоифасида қатнашиш учун талаб қилинадиган талабларга жавоб бермаган.

Нима учун бирон бир ташкилот боксчини жиддий жароҳатга олиб келиши мумкин бўлган хавфга дучор қилишини мутлақо тушунмаймиз. Ринг ҳакамининг асосий вазифаси ҳар доим боксчининг хавфсизлигини таъминлашдир. Агар боксчи тегишли мезонларга жавоб бермаса, буни қандай қилиш мумкин? Биз аёлларимизни ва уларнинг тенг ҳуқуқли рақибларга қарши рингга чиқиш ҳуқуқларини ҳимоя қиламиз ва уларни барча ҳолатларда қўллаб-қувватлаймиз. Уларнинг умид ва орзуларини қийин шароитларда тўғри иш қилишни истамайдиган ташкилотлар ҳеч қачон олиб қўймаслиги керак», — дейилган IBA баёнотида.

Хулоса

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, халқаро бокс ташкилотлари ва Халқаро Олимпия қўмитаси бу масалада турли қарама-қарши қарашларга эга бўлмасин, пайшанба оқшомида италиялик Анжела Каринининг Ҳелиф билан жангни давом эттиришдан бош тортгани, бугун эса ўзбек қизи Ситора Турдибекованинг «физиологик эркак» рақиби қаршисида ожиз қолиб, рингни кўзда ёш билан тарк этгани – аввало ҳалол курашни, тенглик ва ўзаро ҳурматни тарғиб қилиши кўзда тутилган спортда нимадир хато кетаётганини яққол кўрсатиб турибди. Бунгача спортга яқинлашмаган илдиз отаётган бундай иллатларнинг ҳаттоки ринггача етиб келгани эса жуда ачинарли.

Усмон Ибодов

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар