Дзюдо бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси аъзоси Шарофиддин Болтабоев сешанба куни тожикистонлик Сомон Маҳмадбековга мағлубиятга учраб, Париж-2024даги иштирокини якунлагач, мағлубият сабабларини маълум қилди.
«Ассалом алайкум! Ўзимни оқламоқчи эмасман! Бўйнимдаги грижа туфайли икки ҳафта қолганда ётишга мажбур бўлиб қолдим ва ҳамма машғулотларни ўтказиб юбордим. Фақат шифокорларни ёрдами билан бугун татамига чиқдим. Бу менга келган дард ва бу ҳолга тушишни истамагандим. Ҳаммаси шак-шубҳасиз Аллоҳдан эканига иймон келтирганман. Биламан, мендан кўпчилик хафа ва жаҳли чиққан, чунки ишонганди менга. Имконим етмади, тўғри тушунасизлар деган умиддаман. Мен ҳеч қачон курашдан қўрқмаганман ва қочмаганман.
Агар менда яхшилик кўрган бўлсангиз, билинг бу ота-онамдан ва устозларимдан. Агар заррача ёмонлик кўрган бўлсангиз, ўзимдан ва нафсим ёмонлигидан. Ҳаммага раҳмат, яхши кунларда кўришишга Аллоҳ насиб қилсин», - дея ёзади Шарофиддин Болтабоев «инстаграм»даги саҳифасида турнирни тарк этганидан кейин.
Эслатиб ўтамиз, Болтабоевни мағлуб этган тожикистонлик дзюдочи бронза медали учун баҳсда ҳам рақибини мағлуб этиб, қўшниларимизнинг турнирдаги дастлабки совриндорига айланди.