Диёра Келдиёрова Ўзбекистон тарихида ёзги Олимпия ўйинларида олтин медал ютган илк аёл спортчига айланди. Делегациямизнинг Париждаги медаллари ҳисобини очган 26 ёшли дзюдочи чемпионликгача ўз вазн тоифасида жаҳоннинг энг кучли атлетларини мағлуб этиб, Францияда Ўзбекистон мадҳияси янграшига сабаб бўлди. Шоҳсупада кўз ёшини тия олмаган Диёранинг Олимпиада чемпионлигигача босиб ўтган йўли осон кечмаган.
Оддий оиланинг тиришқоқ қизи
Диёра Келдиёрова 1998 йилнинг 13 июл куни Самарқанд вилояти, Паст Дарғом тумани Пўлатчи маҳалласида оддий оилада таваллуд топган. Спортга кириб келишига унинг катта бувиси сабабчи бўлган. Онахон неварасининг болалигидан кураш билан ошно тутинишини истар, Диёранинг келажакда яхши спортчи бўлиб етишини орзу қилган. Бу ҳақда унинг иккинчи бувиси шундай эслайди:
«Неварам жуда кичкина туғилганди. Нимжонроқ эди, 1,8 кг вазнда туғилган. Ўша пайтдаёқ катта бувиси “нимжон деяпсизлар, ҳали кўрасизлар ўзим буни чемпион қилдираман”, дерди. Диёранинг ўзи ҳам болалигидан жуда тиришқоқ қиз эди. Китоб ўқишга қизиқарди, саҳарлаб уйғониб, мол, қўйларни боқиб келарди. Қиз неваралар бўлсаям, раҳматли бобоси футболга олиб чиқарди, катта бувиси эса татами ўрнига ҳовлида кўрпачани икки қават қилиб тўшаб, невараларини кураштирарди», - дея хотирлайди иккинчи бувиси.
Мактабдаги воқеа
«Диёрани 5-6 ёшидан катта бувиси кураш тўгарагига олиб борган. Шундан қизимнинг спортга меҳри уйғонди. Қайнонам невараларини ёшлигидан Самарқандга, Тошкентга мусобақаларга олиб борардилар. Хуршида Холиқова дзюдодаги биринчи устози саналади. Диёра болалигидан Наврўз сайлларида ҳам гиламга чиқиб, курашарди.
Ҳеч ёдимдан чиқмайди, адашмасам 5-синф эди. Ўзимиздаги 28-мактаб ихтисослашган эди. 4-синфдан кейин пуллик бўларди. Ойлигимиз етмагани учун қизимни 21-мактабга кўчиргандик. Кўп ўтмай, ўқитувчиси қўнғироқ қилиб, мен билан отасини мактабга келишимизни айтди. Бориб билсак, у қайсидир ўғил бола синфдошини қўлини синдирган экан. Шокка тушганмиз.
Аслида эса қизим янги мактабдан келгани учун бўлса керак, шўхроқ бўлган ўғил болалар уни туртган экан. Биринчи кун индамаган, иккинчи кун огоҳлантирган, учинчи мартасига эса қизим ўша болалардан иккитасини ағдариб, партани остига йиқитган. Шунда улардан бирининг қўли синган. Шундан кейин унга бошқа индашмаган», - дея эслайди онаси Дилором опа.
Физика ва математика бўйича Олимпиада ғолиби
Қаҳрамонимиз оила аъзоларининг айтишича, Диёра ёшлигидан нафақат спорт билан яхши шуғулланган, балки ўқишини ҳам аъло баҳоларда давом эттирган. У мактабдаги ўқиши давомида бир неча марта физика ва математика фанидан туман Олимпиадаси ғолибига айланиб, диплом ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган.
«Раҳматли бувижониси невараларга нисбатан жуда талабчан ва қаттиққўл эдилар. Уларнинг яхши ўқишини, спорт билан мунтазам шуғулланишини доим таъкидлаган. Диёра уйдаги юмушлардан бўш пайтида спорт билан шуғулланарди, китоб ўқирди. Мактабда ҳам яхши таълим олиб, Паст Дарғом тумани бўйича физика ва математика фанидан Олимпиада ғолибига айланган. Инглиз, араб тилларини ўзи ўрганган. У ёшлигидан ўқиши ва спортни бир маромда ушлашга ҳаракат қиларди», - дейди Олимпиада чемпионининг иккинчи бувиси.
Дзюдодаги илк қадамлар ва биринчи чемпионлик
Диёра Келдиёрованинг муваффақиятларида унинг биринчи мураббийи Хуршида Холиқованинг ҳам хизматлари беқиёс. Олимпиада чемпионининг биринчи устози қаҳрамонимизнинг катта спортдаги илк қадамларини шундай эслайди:
«Диёра дзюдо тўгарагига келганида 6 ёшда эди. Раҳматли бувиси олиб келгандилар. Болалигидан унинг жуда тиришқоқ, ҳаракатчан, изланувчан экани кўринган. Яхши эслайман, у биринчи марта 2010 йил 23 кг вазнда мусобақада иштирок этиб, дзюдо бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлган эди. Шундан кейин эса турнирларда кўзга ташланиб, бошқа вазнларда ўсмирлар, ёшлар ўртасидаги нуфузли мусобақаларда ғолибликни қўлга киритди. Ўз устида тинмай ишлаб, орзусига етишиш учун борини берди ва Олимпиада чемпионига айланиб, барчамизни юзимизни ёруғ қилди», - дейди унга дзюдонинг илк сир-асрорларини ўргатган Хуршида Холиқова.
«Абэни ютгач, қизим қолган баҳсларни ҳам ютишига ишонгандим»
Чемпион онаси қизининг Париж-2024даги илк баҳси олдидан қўнғироқ қилгани ва ғолибликдан кейинги таассуротлари ҳақида гапирди.
«Қизим Париж-2024даги биринчи баҳсига чиқишидан аввал қўнғироқ қилганида, далада сигиримиз учун беда ўришга чиққандим. Шошиб қолдик ўша пайт. Дадаси велосипедда юради, “сиз тезроқ бориб телевизорни ёқинг”, дедим. Ўзим ҳам Абэга қарши жанги бошланишигача уйга қайтишга улгурдим. Очиғини айтсам, айнан шу япон қизидан қўрққандим. Чунки уни кўпдан бери биламан, у 4 йил биринчиликни ҳеч кимга бермай келаётганди. Абэни ютгач, жуда хурсанд бўлдик. Чунки уни ютгач, қизим қолган баҳсларни ютишига ишонгандим. Финални уйимизда, қариндошлар, қўшнилар, туманимиз ҳокими билан бирга томоша қилдик.
Диёра чемпион бўлгач, ухлаганимиз йўқ десам ҳам бўлади. Умримизда минмаган машиналарда бизни Жума шаҳридаги Мустақиллик майдонига олиб боришди. Кеч бўлишига қарамай, байрам дастури бўлди, мазза қилиб ўйнадик. Ҳоким бобо “сизни даврингиз келди, ўйнанг” дедилар. Бир кунни ўзида катта хурсандчиликлар бўлиб кетди. Бу ғалаба бутун Ўзбекистонники», - дейди Диёранинг онаси Дилором опа Шарипова.
«Мен кўрмасам ҳам, эл кўрса бўлди» – онахоннинг васияти
Диёранинг бугунги улкан ғалабасига тамал тошини қўйган инсон унинг раҳматли катта бувиси саналади. Бўлажак Олимпиада чемпионини 6 ёшида қўлидан ушлаб, дзюдога етаклаган онахон неварасининг оламшумул ғалабаларини кўрмаган бўлса-да, унинг ўзи истаганидек буни эл кўрди.
Раҳматли буви қиз невараларини спортга етаклаб борганларида, маҳаллада, қариндошлар орасида кураш қиз болага тўғри келмайди, дея онахонни фикридан қайтармоқчи бўлганлар кам эмасди. Аммо невараларининг аввало соғлом бўлиши, чемпионликка эришишини орзу қилган онахоннинг орзуси амалга ошди.
«Раҳматли қайнонам 63 ёшда оғир бетоб бўлиб қолганида ҳам, невараларининг спорт билан шуғулланишни канда қилмаслигини уқтирарди. Унинг васияти «Диёрага спортда ёрдам беринглар, қўллаб-қувватланглар, ўзи яккаланиб қолмасин», деганди. «Мен кўрмасам ҳам, эл кўрсин» дерди.
Диёра фаолиятидаги энг катта ютуқларни қўлга киритишга яқин қолганда ҳаётидаги энг яқин инсонлардан бўлган бувисини йўқотади. Нимжон неварасини кучли спортчи қилиб тарбиялаган онахон 2014 йилнинг декабрида вафот этгач, Диёра 2015 йилнинг ёзида 17 ёшда илк марта кадетлар ўртасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган.
«Бобоси ва бувисининг Диёранинг тўйини ва бугунги чемпионлигини кўрмагани армонимиз...», - дейди Олимпиада чемпионининг онаси.
Унинг ютуқларини бувиси кўрмагани армони эканини Диёранинг ўзи бир неча марта айтган.
«Бу медал – раҳматли бувижонимники!»
«Олимпиадада олтин медал ютганимга ҳали ҳам ишонолмаяпман. Токио Олимпиадасида саралаш босқичида турнирни тарк этганимдан кейин 3 йил ухлай олмадим, десам ҳам бўлади. Чунки ўша мағлубият жуда аламли бўлганди. Аллоҳга шукур, Ўзи юзимни ёруғ қилди. Шу кунгача мени қўллаб-қувватлаб келган ота-онамга, турмуш ўртоғимга, мураббийларимга, мени дуо қилиб турганларга ва барчага миннатдорчилик билдириб қоламан. Олимп чўққисини забт этдим, жуда бахтиёрман.
Бу олтин медал – бувижонимники! Мени дзюдога етаклаб борган раҳматли катта бувижоним бу кунларни кўрмадилар. Бу ютуғимни тепадан кўриб, қўллаб-қувватлаганини ҳис қилдим. Иккинчи бувим ва бобом ҳам доим қўллаб-қувватлаб, мени дуо қилиб турибдилар. Улардан ҳам миннатдорман. Уларнинг дуоларисиз бу натижага эриша олмасдим», - дейди Диёра Келдиёрова чемпионликдан сўнг берган интервюсида.
Дзюдочилар оиласи
Қаҳрамонимиз Парижда чемпионликни қўлга киритгач, унинг турмуш ўртоғи қувончини яшира олмай, «бизга ҳам насиб қилсин», дея эълон қилган видеоси ижтимоий тармоқларда энг кўп томоша қилинган видеолардан бирига айланди.
Диёранинг турмуш ўртоғи ҳам дзюдочи эканини кўпчилик билмас эди. Диёра ва Азамат Матёқубов Ўзбекистон дзюдо жамоаси сафида бирга машғулотларда қатнаб, танишишган. Ёшлар бир-бирига кўнгил қўйгач, хоразмлик йигит самарқандлик қизга совчи жўнатиб, розилигини олади. Шу тариқа, 2022 йилги Ислом бирдамлиги ўйинларидан сўнг Диёра Келдиёрова Азамат Матёқубовга турмушга чиққан. Диёранинг спортдаги ютуқларида Азаматнинг ҳам ҳиссаси катта – Париж-2024 Олимпиадасигача биргаликда машғулотлар ўтаб, тайёргарлик кўришган. -66кг вазн тоифасидаги 28 ёшли дзюдочи Диёрага умр йўлдоши бўлиш билан бирга зарур пайтда мураббий сифатида ҳам ёрдам беради. Бахтиёр спортчилар оиласида келажакда юрт байроғини кўкларга кўтарадиган фарзандлар тарбия топишига ишончимиз комил.
Диёра Келдиёрованинг фаолиятидаги ютуқлар:
Нанкин-2013. Ёшлар ўртасидаги Осиё Ўйинлари бронза медали соҳиби (-44 кг);
Кадетлар ўртасидаги жаҳон чемпионати-2015 олтин медали соҳиби (-48 кг);
Ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати-2018 бронза медали соҳиби (-48 кг);
Осиё чемпионати ғолиби (-52 кг) – 2019 ва 2022 йиллар;
Осиё Ўйилари ғолиби (-52 кг) – 2023 йил;
Жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиби (-52 кг) – 2023 ва 2024 йиллар;
Катта дубулға турнири 5 карра ғолиби (-52кг) – 2021, 2022 (2 марта), 2023 ва 2024 йиллар;
Давлат мукофотлари:
Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори, «Келажак бунёдкори» медали ва «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони соҳиби.
У.Ибодов тайёрлади.