30.07.2024 08:46
887
Калафиори: «АПЛда ўйнашни 12-13 ёшимдан орзу қилганман. «Арсенал»га совринлар ютишда ёрдам бермоқчиман»

«Арсенал»га ўтган ҳимоячи Риккардо Калафиори ўз фикрлари билан ўртоқлашди. 

Лондон клуби «Болоня» ҳимоячисини 42 млн фунтга сотиб олди ва у билан 5 йиллик шартнома имзолади. 

«Бу ажойиб. Шу пайтгача қийин бўлди, лекин биз ниҳоят шу ерга келдик. Жамоа билан машғулотларни бошлашни ва мухлислар учун ўйнашни сабрсизлик билан кутаман. 

АПЛда ўйнаш 12-13 ёшимдан бери орзуйим эди. Чунки мен бу лига савиясини ва бу ерда ўйнайдиган дунёнинг энг яхши футболчиларини кўрганман. Бу нафақат мен учун, балки ҳамма учун орзу.

Мен бош мураббий Артета ва Эду («Арсенал» спорт директори) билан кўп гаплашдим. Улар мени ишонтиришди, лекин мен ўзимга аллақачон ишонч ҳосил қилгандим. Бу — мен учун яқин йиллардаги энг яхши лойиҳа ва, ўйлайманки, футболчи сифатида маҳоратимни ошира оламан.

Жоржинио билан бир ой олдин танишганман, у жуда яхши йигит эканлигини кўриб турибман. У: «Кел, кел, кел! Бу ер сенга ёқади. Жамоа ва ​​ходимлар ажойиб» деганди. Буни биринчи дақиқаларданоқ билиш мумкин.

Мен бу ерга ўйнаш учун келганман, жамоа муваффақиятига ҳисса қўшиш учун ҳамма нарса қиламан. Умид қиламанки, биринчи ўйинларданоқ буни уддалай оламан.

Бу — бошланиши. «Арсенал»да ўйнашни ва совринларни қўлга киритишни жуда хоҳлайман», — дея италиялик ҳимоячининг сўзларини келтиради клуб расмий сайти.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар