Президент Шавкат Мирзиёев Парижда ўтаётган ёзги Олимпия ўйинларида дзюдо бўйича беллашувларнинг 52 килограммгача вазн тоифасида барча рақибаларини енгиб, олимпия терма жамоамизга биринчи олтин медални келтирган Диёра Келдиёрова билан телефон орқали мулоқот қилди.
«Диёра қизим, халқимиз номидан табриклайман. Матонатли, жасоратли ва фидойи қизим борлигидан фахрланаман.
Катта ғалаба ва тарихий воқеа бўлди. Бутун дунё қойил қолди. Ўзбек аёли нималарга қодирлигини кўрсатдингиз. Менинг номимдан ота-онангизни табриклаб, миннатдорчилик билдириб қўйинг.
Бу фақат бошланиши бўлсин. Шароитлар яратиб бериш биздан, меҳнат ва жасорат сиздан», — деди Мирзиёев.
Маълумот учун, Диёра Ўзбекистон тарихида ёзги Олимпиадада олтин медал ютган илк аёл спортчи сифатида тарихдан жой олди. Шу пайтгача аёл спортчиларимиздан фақатгина Екатерина Хилко Пекин-2008да трамполиндан сакрашда бронза медалини қўлга киритган ва аёллар орасида медал олган ягона спортчи эди.
26 ёшли ўзбекистонлик дзюдочи турнирда нимчоракфиналдаёқ япониялик амалдаги Олимпиада чемпиони Уте Абэнинг 5 йиллик мағлубиятсиз сериясига барҳам бериб, турнирдан чиқариб юборган бўлса, чоракфиналда германиялик Маша Баллҳаусни мағлуб этиб яримфиналга чиққанди. Финал учун баҳсда эса Келдиёрова мезбонлар вакили бўлган Олимпиада-2020нинг олтин (жамоавий) ва кумуш медали соҳиби Амандин Бушарни мағлубиятга учратган эди. Финалда эса косовалик Олимпиада-2020 чемпиони Дистрия Красничини мағлуб этиб, чемпион бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд дзюдо мактаби тарбияланувчиси саналмиш Диёр Келдиёрова Токио-2020 Олимпиадасида иштирок этиб, дастлабки босқичда турнирни тарк этганди.
Диёр Келдиёрова турнир аввалидан ваъда қилинганидек, ҳукумат томонидан 200 минг АҚШ доллари мукофот пулига эга бўлади.