28.07.2024 21:46
4758
Теглар
Париж-2024. Диёра Келдиёрова – Олимпиада-2024 чемпиони!

Париж-2024 Олимпиадаси дзюдо баҳслари финалида Диёра Келдиёрова косовалик Олимпиада-2020 чемпиони Дистрия Красничига қарши татамига чиқди.

-52 вазн тоифасида олтин медал масаласини ҳал қилувчи баҳсда ўзбекистонлик дзюдочи Европанинг икки карра чемпиони билан курашиб, иродали ғалабага эришди ва Ўзбекистон ҳисобига дастлабки медал – олтинни қўшиб қўйди. Бу Диёра Келдиёрова фаолиятидаги энг муҳим ғалаба саналади.

Шу тариқа, Диёра Ўзбекистон тарихида ёзги Олимпиадада олтин медал ютган илк аёл спортчи сифатида тарихдан жой олди. Шу пайтгача аёл спортчиларимиздан фақатгина Екатерина Хилко Пекин-2008да трамполиндан сакрашда бронза медалини қўлга киритган ва аёллар орасида медал олган ягона спортчи эди.

26 ёшли ўзбекистонлик дзюдочи бугунги баҳсларда дастлаб нимчоракфиналдаёқ япониялик амалдаги Олимпиада чемпиони Уте Абэнинг 5 йиллик мағлубиятсиз сериясига барҳам бериб, турнирдан чиқариб юборган бўлса, чоракфиналда германиялик Маша Баллҳаусни мағлуб этиб яримфиналга чиққанди. Финал учун баҳсда эса Келдиёрова мезбонлар вакили бўлган Олимпиада-2020нинг олтин (жамоавий) ва кумуш медали соҳиби Амандин Бушарни мағлубиятга учратган эди.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд дзюдо мактаби тарбияланувчиси саналмиш Диёр Келдиёрова Токио-2020 Олимпиадасида иштирок этиб, дастлабки босқичда турнирни тарк этганди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар