Ўзбекистон U23 жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе Мисрга қарши ўтадиган эртанги ўйин олдидан ўз фикрларини билдириб ўтди.
Тайёргарлик ҳақида:
— Кеча Нант шаҳрига етиб келдик, тайёргарликни давом эттирмоқдамиз. Олдимизда Мисрга қарши учрашув кутиб турибди. Энг асосийси — ҳамма соғ-саломат, бироқ битта йўқотишимиз бор. Ҳимоячимиз Иброҳимҳалил оилавий сабабларга кўра жамоа ихтиёрини тарк этишга мажбур бўлди. Лекин бунга қарамасдан режа бўйича машғулотларни давом эттиряпмиз ва эртанги учрашувда ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.
Эртанги рақибимиз Миср олимпия жамоаси ҳақида:
— Мисрга келсак, Африканинг энг кучли жамоаларидан бири. Улар билан ўтган йили Тошкентда ўйнаганмиз. Рақибимизнинг кучли томонлари ва имкониятларини яхши биламиз. Шунга яраша биз ҳам ўз режамизга кўра тайёргарлик кўрамиз ва ғалаба қозониш учун бор имкониятимизни ишга соламиз.
Испанияга қарши кечган ўйин ҳақида:
— Биринчи учрашувдан кейин ўйинимизни таҳлил қилиб чиқдик ва ўзимизга керакли бўлган хулосаларни чиқардик. Ўйин давомида баъзи вазиятларда яхшироқ ўйнадик, баъзида эса камчиликлар ҳам кўзга ташланди. Бироқ, айтганимдек, хатолар устида ишлаб боряпмиз ва ҳозирда бор эътиборимиз эртанги ўйинга қаратилган.
Жамоада қолган барча соғ, муаммо йўқ. Иброҳимҳалил кетганидан сўнг захира футболчиларимиздан бирини қайдномага киритишга ҳаракат қиляпмиз. Бу борада ташкилий қўмитага сўров юбордик, ҳозирча жавобни кутмоқдамиз, - дея Темур Кападзенинг сўзларини келтирган ЎФА матбуот хизмати.
Аввалроқ, Иброҳимхалил Йўлдошев оилавий сабабларга кўра жамоа сафини вақтинчалик тарк этгани хабар қилинганди. Унинг ўрнига захира таркибидан Алишер Одилов ёки Беҳрузбек Асқаров таклиф этилиши мумкин.
Маълумот учун, 2-тур доирасидаги Ўзбекистон – Миср учрашуви 27 июл куни соат 20:00да Нант шаҳрида бўлиб ўтади.