24.07.2024 16:31
1464
Теглар
Ўзбекистон Европа вице-чемпионига қарши. Олимпиададаги тарихий дебют олдидан

Бугун, 24 июл куни Ўзбекистон олимпия жамоаси Олимпиадада ўз тарихидаги илк учрашувини ўтказади. Темур Кападзе шогирдлари «Парк де Пренс» стадионидаги дебют ўйинида Олимпиаданинг амалдаги кумуш медали соҳиби Испанияга қарши саф тортади. Осиё ва Европа вице-чемпионлари ўртасида ўтадиган Париж-2024даги дастлабки учрашув кўпчиликнинг диққат марказида бўлади.

Учрашувни эса африкалик ҳакамлар бригадаси бошқариб боради. Бош ҳакам — Беида Даҳане (Мавритания), унга қанотларда Жерсон Сантос (Ангола) ва Стефан Йиембе (Кения) ёрдам беради. Захира ҳаками вазифаси Дрюв Фисчерга (Канада) топширилган. Лаҳло Бенбраҳам (Жазоир) эса ВАРда фаолият олиб боради. Баҳсларда жамоамизни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистондан 450 нафар мухлис Парижга олиб борилган.

Испания - Европа вице-чемпиони ҳамда Олимпиада-2020 финалчиси

Испания миллий жамоаси 10 кун аввал Евро-2024 финалида Англияни мағлуб этиб, қитъа чемпионига айланган бўлса, Испания олимпия жамоаси 2023 йилда Европа чемпионати U21 турнири финалида Коул Палмер етакчилигидаги Англияга мағлуб (0:1) бўлиб, Олимпиада-2024га кўҳна қитъанинг вице-чемпиони сифатида етиб келган. Англия эса тўғридан-тўғри ХОҚ аъзоси эмаслиги сабабли турнирда иштирок эта олмайди.

Сантяго Дения Санчес ёхуд Санти номи билан танилган испаниялик собиқ футболчи Испания олимпия жамоасининг бош мураббийи саналади. 50 ёшли мутахассис Токио-2020 Олимпиадасида ҳам Луис де ла Фуэнтенинг ёрдамчиси сифатида қатнашган ва Испания олимпия жамоаси финалда Бразилияга ютқазиб (1:2), кумуш медали билан чекланганди.

Ўзбекистон – Осиё вице-чемпиони

Испания олимпия жамоаси турнирга Европанинг иккинчи жамоаси сифатида келган бўлса, Ўзбекистон U23 жамоаси Осиё вице-чемпиони бўлиб, Парижга йўлланмани қўлга киритган эди. Темур Кападзе шогирдлари Осиё кубоги U23 яримфиналида 29 апрел куни Индонезияни мағлуб (2:0) этиб, мамлакат тарихида Олимпиадага жамоавий спорт турида илк йўлланмани қўлга киритганди. Финалда эса вакилларимиз Японияга аламли тарзда мағлуб (0:1) бўлган.

Евро-2024 ғолиблари ҳам таркибда

Испаниянинг Париж-2024 турнирига борадиган 22 футболчидан иборат таркибидан Евро чемпионига айланган икки футболчи – Фермин Лопес (Барселона) ва Алекс Баэна (Вилярреал) ҳам Олимпиадага борадиган рўйхатдан жой олган.

Мураббийлар штаби Евро-2024 қаҳрамонига айланган Ламин Ямални ҳам Парижга олиб боришни истаган, аммо «Барса» мавсум олди йиғинлар сабаб бунга рухсат бермаган. Шунга қарамай, таркибда Каталония клубидан 3 футболчи бор – Фермин Лопес, Пау Кубарси ва ўтган мавсум «Жирона»да ижарада бўлган Эрик Гарсия.

Испаниянинг Олимпиада учун якуний таркиби:

Испания таркиби Ўзбекистондан қарийб 14 баравар қиммат

Испания олимпия жамоаси таркиби бўйича Париж-2024 Олимпиадасининг энг қиммат 2-жамоаси саналади. Transfermarkt талқинига кўра, испанларнинг 22 ўйинчидан иборат умумий таркиби 370 миллион еврога баҳоланган. Бу борада фақат Тиерри Анри мураббийлигидаги Франциянинг (411 млн евро) таркиби испанлардан қимматроқ.

Темур Кападзе шогирдлари эса бу борада Париж-2024да 9-ўринда бўлиб, Осиёнинг энг қиммат жамоаси саналади. Биздан кейинги ўринда эса Япония – 22,6 млн евро нарх билан 10-ўриндан жой олган.

Ўзбекистоннинг энг қимматбаҳо ўйинчилари Аббосбек Файзуллаев (6 млн евро), Элдор Шомуродов (5 млн евро), Остон Ўрунов (2,5) ва Абдуқодир Ҳусанов (2,5 млн евро) саналаса, испанларда Баэна (40 млн), Саму (35 млн) ва Фермин (30) энг қимматбаҳо ўйинчилар сифатида кўрсатилган.

Ўзбекистоннинг энг қимматбаҳо 3 футболчиси:

1. Аббосбек Файзуллаев – 6 млн евро

2. Элдор Шомуродов – 5 млн евро

3. Остон Ўрунов – 2,5 млн евро

Испаниянинг энг қимматбаҳо 3 футболчиси:

1. Алекс Баэна – 40 млн евро

2. Саму Омородион – 35 млн евро

3. Фермин Лопес – 30 млн евро

Испания бош мураббийи Ўзбекистон ҳақида:

«Олимпиада – жуда қийин турнир, бу деярли жаҳон чемпионатидек мусобақа, фақат кичикроқ кўламда. Биринчи ўйинимиз одатда энг муҳими саналади ва биз ҳам бор эътиборимизни ушбу баҳсга қаратганмиз. Олтин медаллар учун курашиш биз учун жиддий чақирув. Сўнгги турнирда кумуш медалига эга чиққандик, Олимпиада олтин медалини ютмаганимизга анча бўлган.

Ўзбекистон – вазифамизни қийинлаштириши мумкин бўлган яхши жамоа. Уларни мағлуб этиш ва ўйинда 3 очкони қўлга киритиш учун 100 фоиз куч билан ҳаракат қилиш шарт».

Анонс. Париж-2024. 1-тур

1-тур. 24 июл (чоршанба)

Ўзбекистон – Испания

Париж, «Парк де Пренс» стадиони.

Ўйин бошланиш вақти: 18:00

ТВ-трансляция: Спорт.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар