24.07.2024 15:18
5907
Теглар
«Олимпиада – ЖЧга ўхшаш турнир, биринчи ўйинимиз эса энг муҳими». Испания бош мураббийи Ўзбекистонни қандай мағлуб этиш ҳақида гапирди

Париж-2024 Олимпиадаси 1-тури доирасидаги Ўзбекистон – Испания олимпия жамоалари учрашувидан олдин ўтказилган матбуот анжуманида испанлар бош мураббийи Санти Дения иштирок этди. Унинг фикрлари Испания футбол федерацияси матбуот хизмати томонидан эълон қилинди. 

Санти Дения Ўзбекистонга қарши 1-тур баҳси жуда муҳим эканини таъкидлаган.

«Олимпиада – жуда қийин турнир, бу деярли жаҳон чемпионатидек мусобақа, фақат кичикроқ кўламда. 

Биринчи ўйинимиз одатда энг муҳими саналади ва биз ҳам бор эътиборимизни ушбу баҳсга қаратганмиз. Менинг вазифам – яхши жамоага айланадиган оилани қисқа муддатда ташкил этиш эди. Шунга ҳаракат қилдим. Бор эътиборимиз дастлабки ўйинга қаратилган, кейин эса орзу қилишда давом этамиз. Олтин медаллар учун курашиш биз учун жиддий чақирув. Сўнгги турнирда кумуш медалига эга чиққандик, Олимпиада олтин медалини ютмаганимизга анча бўлган. Бунга қадамба қадам борамиз.

Евро-2024 ғолиблари Фермин ва Алекс Баэнанинг ҳолати? Улар биз учун муҳим. Ҳар икки футболчи ҳам яхши спорт формасида ва жамоада бахтли. 

Биринчи ўйинга катта иштиёқ ва мақсадлар билан етиб келдик. Дастлабки уч очкони қўлга киритмоқчимиз. 

Ўзбекистон – вазифамизни қийинлаштириши мумкин бўлган яхши жамоа. Уларни мағлуб этиш ва ўйинда 3 очкони қўлга киритиш учун 100 фоиз куч билан ҳаракат қилиш шарт», - дея Санти Дениянинг фикрларини келтирган Испания футбол федерацияси матбуот хизмати.

Матбуот анжуманида Темур Кападзе ҳам иштирок этган, аммо Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати ва ўзбекистонлик журналистлар Париждаги ўйин олди тадбирда иштирок эта олмагани сабабли Ўзбекистон олимпия жамоаси бош мураббийининг ўйин олди фикрлари ОАВда эълон қилинмади.

Tribuna.uz манбасига кўра, ЎФА матбуот хизмати вакиллари турнирга олиб борилмаган.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар