Кимлар фаолиятини Евродаги иштироки туфайли янгича мақомда давом эттиради.
Кўплаб суперюлдузлар — Мбаппе, Роналду, Лукаку — Еврони муваффақиятсиз ўтказишди, аммо кутилганидан ҳам яхшироқ иштирок этган ва ҳатто турнирда кашфиёт бўлган футболчилар ҳам бор.
Кобби Майну
Мавсум бошида ушбу 19 ёшли йигитча тўғрисида фақат «МЮ»нинг ёшлар жамоаси ўйинларини кузатиб борувчи фанатлар билишарди. Аммо улар ҳам ушбу йигитчадан порлоқ мавсум ўтказишини кутгани даргумон — Майну кузда жароҳат туфайли ўйнай олмади. Аммо декабрда Кобби нафақат майдонга қайтди, балки таркиб борасида муаммоларга учраган катталар жамоаси сафига ёриб кирди. Ушбу ўсмир «Юнайтед»нинг бошланғич таркибида туша бошлади, АПЛда мавсум кашфиётларидан бирига айланди ва Англия Кубоги финалида ғалаба голини урди. Унинг трансфер қиймати 1 миллион евродан 50 миллион еврога кўтарилди.
Ундаги ўсишни Саутгейт ҳам пайқаб, март ойида миллий жамоа йиғинига чақирди. Майну Белгия ва Исландияга қарши ўртоқлик учрашувларида бошланғич таркибда тушди, аммо Еврога захира футболчиси сифатида келди. Аввалига ушбу вундеркинд таянч зонасида Деклан Райсга шерик бўлиш учун рақобатни Трент Александр-Арнолд ва Конор Галлаҳерга бой берганди. Аммо рақобатчиларнинг ишончсиз ўйинлари туфайли ўз имконига эга бўлди ва асосий таркиб футболчисига айланди.
Майну гуруҳ босқичининг учинчи турида Словенияга қарши ўйин стартидан жой олди ва турнир охиригача илк дақиқалардан ўйнади. Бош мураббий учун яримҳимоячи рақибнинг тезкор қарши ҳужумларига сабаб бўлувчи кераксиз тўп йўқотишларга йўл қўймаслиги муҳим эди. Майну эса бу борада айнан у истаган футболчи бўлиб чиқди: у Евро финалига турнир тарихидаги барча яримҳимоячилар орасида тўп узатишлар аниқлиги борасидаги энг юқори натижани қайд этган ҳолда етиб келди — 96,3 фоиз. Финал феноменал статистикани йўққа чиқарди, аммо футболчининг меҳнати изсиз кетмайди.
Қолаверса, Кобби бошқа жиҳатлари билан ҳам мақтана олади. Нидерландлар билан ўйинда у барча дуэлларда устун келган, тўпни қайтаришда ва узун узатмаларда бирор марта хатога йўл қўймаган. Майну бу борада Кларенс Зеедорфни ёдга солиб юбормоқда. Буюк голланд футболчиси унинг ўзига ўхшашлигини инкор этмади ва унинг салоҳияти катта эканини айтди. Бундай мақтов ҳам кўп нарсани англатади.
Риккардо Калафиори
Ўтган мавсумда Калафиори «Болоня» билан сенсация кўтариб, Чемпионлар лигасига чиққанди — мазкур феномен жамоа А серияда бешинчи ўринни эгаллади. Бир вақтлар Риккардо «Рома»нинг энг истиқболли ёшлари қаторида эди, аммо жароҳатлар унга қадрдон клубида очилиб кетишига имкон бермади.
Калафиори «Базел»даги ўйинларидан кейин «Болоня»га ўтиб, бу ерда ўз трансфер баҳосини 4,5 миллион евродан 30 миллион еврогача ошириб олди. Ушбу ҳимоячи Тиаго Моттанинг инновацион футболига мослашиб кетди, мураббий уни нафақат мудофаа етакчисига, балки яхши пас берувчи ва тўпни олдинга олиб бора олувчи серқирра футболчига айлантирди. Тўп билан олдинга бора олиши Калафиорига гуруҳ босқичининг муҳим палласида қўл келди: хорватларга қарши ўйиннинг сўнгги дақиқаларида Рикки майдон маркази бўйлаб юриш қилиб, Италияга 1/8 финалга чиқишга имкон берган ассистни амалга оширди.
Эътиборли жиҳати, Калафиори миллий жамоа сафида Евро стартига 10 кун қолганида дебют қилганди — у Туркияга қарши ўртоқлик ўйинида захирадан тушганди. Бу Спаллетти 22 ёшли футболчини турнирдаги барча ўйинларда стартда туширишига тўсқинлик қилмади. Бу қарор Лучанонинг Евродаги кам сонли плюсларидан бири бўлди: Калафиори ишончли ҳаракат қилди ва ҳужумларни ривожлантиришда беқиёс ҳисса қўшди.
Ушбу ҳимоячининг кучли ўйини «Арсенал»нинг эътиборини тортди — айни вақтда ушбу италянни 40 миллион евро атрофидаги маблағга трансфер қилиш бўйича музокаралар якунланмоқда ва амалда томонлар келишувга эришган. Энди «Болоня» ва «Базел» билан трансфердан бериладиган улуш бўйича келишувга эришиши қолган. Лондондагилар футболчининг универсаллигини қадрлайди — Риккардо фаолиятини чап қанот ҳимоячиси сифатида бошлаган, Артета жамоасида эса ушбу амплуа ҳужумларни ташкил этиш нуқтайи назаридан муҳим ҳисобланади.
Нико Уилямс
Испаниянинг турнирдаги ёрқин ўйини кўп жиҳатдан ҳужум қанотларидаги футболчилар фаоллиги эвазига бўлди. Дастлаб чап қанотдан бошлаймиз. Нико Уилямс —акаси Иняки каби баск футболи тарбияланувчиси. 22 ёшли Нико уч йилдан буён «Атлетик»нинг асосий жамоасида ўйнайди, шунинг учун Испаниядагилар учун унинг истеъдоди анчадан буён маълум. Аммо Еврода Нико фаолиятидаги янги босқични бошлади.
Уилямс ўзига қарши турган рақиб футболчиларининг барчасини алдаб ўтди ва уларнинг ҳар биридан қочиб кетди. Турнир давомида 31 марта алдаб ўтиш — топ-натижа. Нико шунингдек вазиятларидан яхши фойдаланиши билан ажралиб турди. Кутилган голлар бўйича 1,0 xG кўрсаткичидан икки гол уриш — қисқа муддатдаги жуда яхши натижа. Испаниялик вингер турнирни финалдаги гол ва ҳал қилувчи учрашувнинг энг яхши футболчиси мақомида якунлади — бу ҳар қандай статистикадан муҳимроқ. Энди ушбу тезкор вингер янги мавсумни «Барса»да бошлаши кутилмоқда. Каталонияликлар клуби директори Деку футболчининг агенти билан учрашган ҳамда таклиф этиладиган шартнома бандларини муҳокама қилган. Кўк-анорранглилар «Атлетик» сўраётган 58 млн еврони тўлаш учун кредит олмоқчи. Клубдагилар футболчини АҚШдаги турнега қадар трансфер қилишни хоҳламоқда.
Ламин Ямал
Бу футболчи ушбу рўйхатдан жой олгани ажабланарли эмас. Мактабни Евро вақтида якунлаган футболчи турнирнинг энг яхши ассистенти ва турнирнинг энг яхши ёш ўйинчиси сифатида тақдирлани. Ямал ла лига ва Чемпионлар лигасидаги ўйинлари билан ҳам кўзга тушганди, аммо унинг ёздаги перформанси янада каттароқ таассурот қолдирди. Тўрт ассист — Евро тарихида 1980 йилдан буён (статистика юритилиши ўша йил бошланганди) рекорд натижа.
Ламин ўз шериклари учун яққол вазиятлар яратишда ҳам анча олдинга чиқиб кетган — 8 та вазият (бу борадаги энг яқин таъқибчилар яратган вазиятлар сони эса 4 та). Шунингдек тўпни олдинга олиб бориш бўйича Уилямс, Дембеле ва Сака қаторида турнирнинг энг яхшиларидан бири бўлди. Март ойидаёқ ушбу вундеркинднинг трансфер қиймати 75 миллион еврони ташкил этарди, энди эса 90 миллион еврогача чиқди. Аллақачон «ПСЖ» Ямал учун 250 миллион евро тўлаб, жаҳон рекордини ўрнатишга тайёрлиги ҳақида хабарлар чиқди. Аммо «Барса» ҳали бундай таклифга рози бўлмайди — ҳеч қандай молиявий муаммолар бундай истеъдодли футболчини сотиб юборишни оқлай олмайди.