20.07.2024 16:25
1652
Теглар
Футзал. BMB CUP мусобақасида энг кучлилар тақдирланди

20 июл куни Тошкентдаги Сингапур менеджментни ривожлантириш институтининг спорт мажмуасида BMB HOLDING ташаббуси билан ўтказиб келинаётган анъанавий BMB CUP мусобақаси учинчи мавсуми якунига бағишланган тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Футзал бўйича анъанавий «BMB CUP» мусобақаси ҳаваскорлар ўртасида 2023 йилнинг ноябр ойидан 2024 йилнинг июлига қадар, қарийб 8 ой давомида ўтказилди. Мусобақада 40дан ортиқ жамоалар иштирок этиш истагини билдирди. Аввалига саралаш мусобақаси ташкил қилиниб, ушбу босқичдан муваффақиятли ўтган 13 жамоа асосий мусобақада иштирок этди. Мусобақанинг асосий босқичида иштирок этган жамоалар жами 26 турда 156 та учрашув ўтказди.

Аҳамиятли томони шундаки, мусобақа бўйича белгиланган тартибга кўра, ҳар бир жамоада 3тадан ёш футболчи бўлиши мажбурий бўлиб, улардан бири  жамоа таркибида майдонда харакат қилиши лозим. Бу футзални  ёшлар орасида янада оммалашишига ва янада юксак чўққиларга олиб чиқилишга туртки бўлмоқда. Мамлакатимиз ёшлар терма жамоасини асосини мазкур мусобақада иштирок этаётган ёш футзалчилар ташкил қилаётгани албатта қувонарли ҳол бўлиб, бу ютуқ мусобақа иштирокчилари томонидан алоҳида таъкидланди. 

Мусобақа давомида ижтимоий тармоқлар орқали учрашувлар видеотрансляцияси мунтазам равишда узатилиб, инстаграмм, фейсбук ва бир нечта телеграмм каналлар орқали мусобақа натижалари, тўпурар футзалчилар ва бошқа статистик маълумотлар, мусобақанинг энг чиройли голлари видеолавҳаси ҳавола этиб борилди.

Мусобақанинг сўнгги ўйини якунига етгач, ғолиблар тақдирланди.   Футзал бўйича BMB CUP мусобақаси ғолиби сифатида кубок ва олтин медаллар билан «O’zSanoatQurilishBank» жамоаси тақдирланди. Иккинчи ўрин ва кумуш медаллар «BMB» жамоасига, учинчи ўрин ва бронза медаллари эса «Poytaxt» жамоасига насиб этди.

Шунингдек, «Fair Play» номинацияси, мусобақанинг энг интизомли жамоаси, «Мусобақанинг энг яхши дарвозабони», «Энг яхши ёш ўйинчи», «Мусобақа тўпурари», «Мусобақанинг энг яхши ўйинчиси» каби номинацияси ғолиблари ҳам пул мукофотлари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. 

Тадбир давомида «ВИА Мароканда» гуруҳи ва Каниза ижросидаги мусиқий чиқишлар мусобақа ғолиблари ва спорт ихлосмандлари учун ажойиб совға бўлди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар