Белгия футбол ассоциацияси Миллатлар лигаси доирасидаги Белгия – Исроил учрашуви Венгрияда ўтишини эълон қилди. Брюссел ва мамлакатнинг бошқа шаҳарлари хавфсизлик нуқтайи назаридан келиб чиққан ҳолда Исроил билан ўйин ўз стадионларида ўтишига рухсат бермаган.
«Белгиянинг бирорта ҳам шаҳар мэрияси мамлакат бош жамоасининг Исроилга қарши учрашувини ўз стадионида ўтказишни истамади. Улар хавфсизлик нуқтайи назаридан бунинг иложи йўқ деб ҳисобламоқда. Шу боис Белгия Қироллик футбол ассоциацияси Миллатлар лигаси доирасида Исроилга қарши 6 сентябр куни бўлиб ўтадиган учрашув учун стадион масаласини мамлакат ташқарисидан излашга мажбур бўлди. УЕФА билан келишган ҳолда бу ўйинни Венгриянинг Дебрецен шаҳридаги «Надьэрдеи» стадионида ёпиқ эшиклар остида ўтказишга қарор қилинди», - дейилади расмий хабарда.
Ташкилот хабарида қайд этилишича, Брюссел мэрияси Белгия миллий жамоасининг Исроил билан уй учрашувини қабул қилмаслиги ҳақида хабар бергач, футбол ассоциацияси бир қатор шаҳарлар мэрияси ўйинни ўтказиш таклифи билан мурожаат қилган. Аммо УЕФА талабларига жавоб берадиган стадиони бор шаҳарлар мэрияси хавфсизликни таъминлай олмаслиги важи билан Исроил билан ўйинни қабул қила олмасликларини билдирган.
«Уй учрашувимизни ўз мамлакатимизда ўтказа олмаслигимиз ачинарли. Мезбон мамлакат ўз уйида ўйнаши керак. Бирорта шаҳар мамлакатнинг бош жамоаси иштирокидаги ўйинни қабул қилмаслигидан афсусдамиз. Миллатлар лигаси турнирини бундай шароитда бошлаётганимиздан хафамиз», - дейди Белгия футбол ассоциацияси бош директори Пит Вандендриссхе.
Маълумот учун, Исроилнинг Ғазога ҳужуми натижасида экславда ҳалок бўлганлар сони 38 минг 794 нафарга етган. 89 минг 364 киши ярадор қилинган. 21 мингдан ортиқ болалар бедарак йўқолган ҳисобланади. Сўнгги бир сутка ичида Исроил армияси 4 та оммавий қирғин ўтказиб, 81 кишининг ўлими ва 198 кишининг яраланишига сабабчи бўлди. Ҳужумлар натижасида Ғазода фаолият кўрсатиб келган 26 та шифохонадан 23 тасининг фаолияти тўхтаган.