18.07.2024 19:55
9468
Теглар
Евро-2024 чемпионлари ва «Барса»дан 3 футболчи. Ўзбекистон Олимпиададаги дебют ўйинида кимларга қарши ўйнайди?

Ўзбекистон олимпия жамоаси Олимпиадада ўз тарихидаги илк учрашувини ўтказишига бир ҳафтадан кам вақт қолди. Темур Кападзе шогирдлари Париж-2024 стартини 24 июл куни «ПСЖ» клуби уй аренаси саналмиш «Парк де Пренс» стадионида Испанияга қарши ўтказади. «Қизил фурия» Европада тенгсиз бўлгач, Ла Лига ўйинчиларидан ташкил топган олимпия жамоаси ҳам Олимпиадада ғолибликка асосий даъвогарлардан саналмоқда.

Tribuna.uz сайти Париж-2024 стартидан аввал Ўзбекистон олимпия жамоаси жой олган «С» гуруҳидаги Испания, Миср ва Доминикан жамоалари таркибига назар ташлаб, вакилларимиз қай даражадаги рақибларга дуч келишини баҳолади. Дастлабки рақиб – Испания.

Испания олимпия жамоаси – Европа вице-чемпиони

Ўзбекистон гуруҳ босқичини 24 июл куни Парижда Испанияга қарши ўйин билан бошлайди. Ўтган ҳафтада ушбу мамлакат миллий жамоаси Евро-2024 финалида Англияни мағлуб этиб, қитъа чемпионига айланган бўлса, Испания олимпия жамоаси 2023 йилда Европа чемпионати U21 турнири финалида Коул Палмер етакчилигидаги Англияга мағлуб (0:1) бўлиб, Олимпиада-2024га кўҳна қитъанинг вице-чемпиони сифатида етиб келди.

Олимпиада финалчиси ёхуд де ла Фуэнтенинг ёрдамчиси бошқарувидаги жамоа

Сантяго Дения Санчес ёхуд Санти номи билан танилган испаниялик собиқ футболчи Испания олимпия жамоасининг бош мураббийи саналади. 50 ёшли мутахассис Токио-2020 Олимпиадасида ҳам Луис де ла Фуэнтенинг ёрдамчиси сифатида қатнашган ва Испания олимпия жамоаси финалда Бразилияга ютқазиб (1:2), кумуш медали билан чекланганди.

Луис де ла Фуэнте айнан Олимпиадада Дани Олмо, Микел Ойарсабал, Микел Мерино, Кукуреля, Унаи Симон сингари ўйинчилар билан муваффақият қозонган ва бир йил ўтиб, Луис Энрике ўрнига Испания миллий жамоаси бош мураббийига айланганди. Де ла Фуэнтенинг ўрнини эса Санти эгаллаган.

Евро-2024 ғолиблари ҳам таркибда

Испаниянинг Париж-2024 турнирига борадиган 22 футболчидан иборат таркиби эълон қилинди. 18 футболчи ўйин қайдномасидан жой олса, 4 футболчи захира варианти сифатида қолади. Булар – Кристиан Москера, Хуанлу Санчес, Серхио Камело ва Алехандро Итурбе. Де ла Фуэнте қўл остида Евро чемпионига айланган икки футболчи – Фермин Лопес (Барселона) ва Алекс Баэна (Вилярреал) ҳам Олимпиадага борадиган рўйхатдан жой олган.

Мураббийлар штаби Евро-2024 қаҳрамонига айланган Ламин Ямални ҳам Парижга олиб боришни истаган, аммо «Барса» мавсум олди йиғинлар сабаб бунга рухсат бермаган. Шунга қарамай, таркибда Каталония клубидан 3 футболчи бор – Фермин Лопес, Пау Кубарси ва ўтган мавсум «Жирона»да ижарада бўлган Эрик Гарсия.

Испаниянинг Олимпиада учун якуний таркиби:

Париж Олимпиадасининг энг қимматбаҳо 2-жамоаси

Испания олимпия жамоаси таркиби бўйича Париж-2024 Олимпиадасининг энг қиммат 2-жамоаси саналади. Transfermarkt талқинига кўра, испанларнинг 22 ўйинчидан иборат умумий таркиби 370 миллион еврога баҳоланган. Бу борада фақат Тиерри Анри мураббийлигидаги Франциянинг (411 млн евро) таркиби испанлардан қимматроқ.

Испаниянинг энг қимматбаҳо 5 футболчиси:

1. Алекс Баэна – 40 млн евро

2. Саму Омородион – 35 млн евро

3. Фермин Лопес – 30 млн евро

4. Кристиан Москера – 30 млн евро

5. Пау Кубарси – 30 млн евро.

Испаниянинг ўйинлари тақвими билан танишинг:

1-тур. 24 июл

18:00. Ўзбекистон – Испания

2-тур. 27 июл

18:00. Доминикан – Испания

3-тур. 30 июл

20:00. Испания – Миср.

Ўйинлар Тошкент вақти билан кўрсатилган.

Усмон Ибодов

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар