Дани Олмо «Атлетико»га ўтиши мумкин.
Мадрид клуби «Лейпциг» яримҳимоячисига қизиқиш билдирмоқда, деб хабар беради Bild. Томонлар ўртасида илк музокаралар аллақачон бўлиб ўтган.
Футболчининг ўзи совринларни қўлга киритиши мумкин бўлган жамоага қўшилишни хоҳлайди ва «Атлетикo»ни бундай деб ҳисобламайди. Бироқ агар унга асосий ўйинчи сифатида рол ваъда қилинса, у трансферга рози бўлиши мумкин. Қолаверса, Олмо Испанияга қайтиш вариантини афзал кўради.
Таъкидланишича, 26 ёшли футболчини сотиб олиш учун ҳозирда «Атлетико» фаворит ҳисобланади. «Манчестер Сити» Данини Кевин Де Брюйнега ўринбосар сифатида кўрмоқда, бироқ белгиялик футболчи ҳали келажаги борасида бир қарорга келгани йўқ.
«Барселона» ҳам Олмони хоҳлайди, аммо 60 млн евро товон пулини тўлай олмайди. «Бавария» эса яримҳимоячини фақат Хави Симонсга муқобил сифатида кўради.
Испаниялик футболчининг шартномасидаги 60 млн евро товон пули 20 июлга қадар амал қилади.