«Лилл» клуби ҳимоячиси Лени Йоро «Манчестер Юнайтед»га ўтишга яқин.
The Athletic хабарига кўра, Франция клуби 18 ёшли ҳимоячини «МЮ»га трансфер қилишга рози бўлган. Йоро шартнома шартларини келишиш ва тиббий кўрикдан ўтиш учун Франциядан Англияга борган.
Аввалроқ, инглиз клуби Лени Йоро трансфери учун «Лилл» клубига 50+12 млн евро тўлашга тайёр экани ҳақида хабар берилганди.
Қайд этилишича, футболчининг ўзи унга аввалдан қизиқиш билдирган «Реал»га ўтишни истаган, аммо Мадрид клуби «Юнайтед» берадиган маблағни тўлашга тайёр эмаслигини маълум қилган ва футболчидан яна бир йил «Лилл»да қолишни сўраган. Француз клуби эса келаси йилда Йорони арзон нархга сотишни истамай, «МЮ» таклифини қабул қилган.
Маълумот учун, Лени якунланган мавсумда Франция чемпионатида 32 ўйинда 2та голга муаллифлик қилган.