Даниэл Карвахал Испания бош вазирини ёқтирмаслигини билдирди.
15 июл куни мамлакат миллий жамоаси Евро-2024даги ғалабага бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этди. Улар қирол Филипп VI'нинг зиёфатида қатнашишди, кейин эса ҳукуматни бошқараётган Педро Санчес билан учрашишди.
Карвахал бош вазирга яқинлашиб, унинг қўл узатишига жавоб берди, бироқ сиёсатчидан бошини буриб, унинг юзига қарамади. Хоселу ҳам шундай қилди.
Шунингдек, Педро Санчеснинг тантанали нутқи чоғида баъзи футболчилар, жумладан Алваро Мората ва Родри ҳам мутлақо бефарқлик кўрсатиб, ён томонга ёки оёқларига қараб ўтиришди.
Ok Diario'нинг қайд этишича, бундай хатти-ҳаракат бош вазирнинг аввалги муносабати билан боғлиқ. У 2023 йил Миллатлар Лигасидаги ғалабадан сўнг чемпионларни қабул қилишдан бош тортганди.
Таъкидланишича, футболчилар ўз хоҳишларига қарши тадбирга мажбуран келишган. Федерация раҳбарияти мамлакат расмийлари билан мураккаб муносабатларни янада ёмонлаштирмоқчи эмас.
Аввалроқ жамоа сардорлари Евро-2024 чоракфиналида Германия устидан қозонилган ғалабадан сўнг Педро Санчеснинг кийиниш хонасига киришига рози бўлишмаганди.