«Севиля» ва Испания миллий жамоаси ҳимоячиси Хесус Навас Евро-2024дан кейин халқаро фаолиятини якунлайди.
Испания ва Англия ўртасидаги финал Навас учун миллий жамоадаги сўнгги учрашувга айланади.
«Бу менинг Испания миллий жамоасидаги сўнгги ўйиним бўлади. Шу ёшда ҳам миллий жамоадан чақирув олаётганим ўз ишимни яхши бажараётганимни кўрсатади. 38 ёшда ҳам Испанияга ёрдам бера олаётганим мени руҳлантиради, аммо қарорни қабул қилиб бўлганман», - дейди Навас ESPN билан интервьюда.
Маълумот учун, 38 ёшли испаниялик футболчи миллий жамоаси сафида 56 ўйинда 5та гол ва 1 ассистга муаллифлик қилган. У 2009 йил Испания сафида дебютини ўтказиб, Европа ва жаҳон чемпионлигини қўлга киритган.
Навас Евро-2024да Албания (1:0) ва Францияга (2:1) қарши ўйинда майдонга тушганди.
Эслатиб ўтамиз, Евро-2024 финали – Испания – Англия учрашуви бугун соат 23:59да бошланади.