14.07.2024 15:26
3501
Англия ва Испанияда мураббийлар келажаги бўйича қарорлар. Финал арафасида икки жамоа лагерида нималар бўлмоқда?

Ҳазилкаш Карваҳал, нокамтар Уокер ва камтарлик сақлаётган Ямал.

Европа чемпионатининг ҳал қилувчи баҳсигача оз вақт қолмоқда. Қуйида финалда тўқнашадиган икки жамоа атрофидаги сўнгги хабарлар ҳақида.

Испанлар нима бўлган тақдирда ҳам де ла Фуэнте билан шартномани узайтиради

Испания миллий жамоаси турнирдаги энг ранг-баранг футболни намойиш этмоқда. Мамлакат футбол федерацияси муваффақиятнинг асосий ижодкори Луис де ла Фуэнте билан ҳамкорликни узайтиришга қарор қилгани ажабланарли эмас. Ҳолбуки, амалдаги шартнома муддати тугашига ҳам ҳали икки йил бор эди. AS хабарига кўра, шартнома муддатига яна икки йил қўшилади. Мураббийнинг жавоби Англия билан ўйин бошланишидан олдинроқ берилиши лозим.

Бу вақтда Marca журналисти де ла Фуэнтедан у Евродаги қайси ўйини билан кўпроф фахрланишини сўраган. У эса кўпчилик кутганидек Германияга қарши кечган чоракфинални айтмаган.

«Ҳаммасидан ҳам кўра биринчи ўйин билан фахрланаман, чунки Хорватия каби қийин рақиб билан ўйинда яхши старт олиш муҳим эди. Бу ғалаба саралаш вақтида юзага келган ўйинимиз ғоясини мустаҳкамлаш учун зарур эди. Бу ўйин жамоамиз кучини намойиш этиш учун мос палла эди».

Луисда турнирда фахрланиш учун яна бир ўйин бўладими, буни бир неча соатлардан кейин билиб оламиз.

Инглизлар ҳам бош мураббийни сақлаб қолмоқчи

Англия Гарет Саутгейт бошқаруви даврида де ла Фуэнтенинг Испанияси каби ёрқин ўйин кўрсатмаяпти. Аммо жамоа барқарор равишда натижа кўрсатиб келмоқда: 2018 йилги жаҳон чемпионатида яримфинал ва сўнгги икки Еврода финаллар. Экспертлар, жумладан, англиялик собиқ ҳужумчи Гари Линекер Саутгейтнинг миллий жамоадаги даври поёнига етаётгани ҳақида айтмоқда. Аммо раҳбарият кутилганидек бундай фикрда эмас. Нима бўлганда ҳам, жамоа муваффақиятли иштирок этмоқда.

Таниқли инсайдер Фабрицио Романо Англия футбол ассоциацияси аллақачон Саутгейт билан музокаралар ўтказгани ва жамоа бу сафар ҳам кумуш билан чекланган тақдирда ҳам у билан хайрлашмоқчи эмаслигини хабар қилди. Мураббийнинг ўзи эса финал арафасида Испания манзилига мақтов билдирди:

«Бу ишни олганимнинг ягона сабаби — миллат сифатида Англияга муваффақият келтиришга уриниш, Англия футболини яхшилаш, шунингдек жамоани финалга олиб чиқиш эди, мен бундан жуда ҳам фахрланаман. Биз бу ерга ғалаба қозониш учун келганмиз ва турнирнинг энг яхши жамоаси билан ўйнаймиз. Бизда тайёргарлик кўриш учун бир кун камроқ бўлди, шундай экан бу қийин иш, аммо биз ҳали ҳам шу ердамиз ва курашни давом эттирмоқдамиз», — дея Саутгейтнинг сўзларини келтирган FromTheSpot.

Уокер испанларни Англияга қарши ўйнаш осон бўлмаслигидан огоҳлантирмоқда

Кайл Уокер финал олдидан ўз жамоаси имкониятларига юқори баҳо бермоқда. У talkSPORT учун берган интервюсида испаниялик футболчиларга ўта оғир финал ваъда қилди.

Ламин Ямалга: «У 16 ёшли йигитча учун ҳаддан ташқари кучли ўйин намойиш этмоқда. У бизга қарши ўйинни ўтказиб юборишига қарши бўлмасдим. Аммо мен ҳимоячиларимиз унга қарши туришни уддалашини ҳис қиляпман. Тўла маънода».

Родрига: «Мен у билан битта клубда ўйнайман. У ўйинни назорат қилувчи ва ўйин тезлигини белгилаб берувчи ажойиб  футболчи. Аммо биз [унинг] видеоларини кўрдик ва мен биламанки, ҳар кимнинг заиф томонлари бор. Ҳеч ким идеал бўла олмайди. Футболчиларимиз хавфли зоналарда яхшироқ ҳаракатланиши учун биз бундай кучсиз томонлардан фойдаланишимиз даркор».

Нико Уилямсга: «Мен ундан тезроқманми? Яхши савол. Шу кунларда унинг югуришини кузатдим ва ундан тезроқ футболчи кўрганимга ишончим комил эмас. Уни ҳурмат қилишим керак, аммо, умид қиламанки, у ҳам мени ҳурмат қилади. [Уилямсга қарши ўйнаш] яхши синов бўлади. Ҳозирда бошланғич таркиб маълум эмас, аммо мени танлашса, мен бор кучимни бераман, Европа чемпионати финали бўлгани учун ҳам».

Ямал умуман юлдузлик қилмаяпти

16 ёшли Ламин мавсум кашфиёти бўлмоқда: клублар миқёсида ҳам, халқаро даражада ҳам. Ушбу ўсмирни аллақачон Лео Месси билан солиштиришмоқда. У чақалоқ эканидаёқ аргентиналик юлдуз билан суратга тушгани бежиз эмаслигини айтишмоқда. Аммо Ямалнинг ўзи камтарлик сақламоқда:

«Тарихдаги энг буюк футболчи билан солиштиришларига ҳеч ким қарши бўлмайди. Аммо чалғитувчи ҳолат, чунки сен ҳеч қачон у каби бўла олмайсан. Месси билан болаликдаги фотосуратим пайдо бўлганида, мен, албатта, у ҳақда билмасдим. Отамда эса сақланиб қолган экан. Биз бу фотосуратларни эълон қилишни истамагандик, чунки мен ва Лео ўртасида таққослашлар бўлишини истамагандик», — дея фикрларини билдирган Ямал Jijantes FC нашрига.

Ламин Адриен Рабиога нисбатан ҳам камтарлик қилди. Ушбу француз яримҳимояиси яримфинал олдидан испаниялик ёш рақибига қийинчилик туғдиришни ваъда қилганди. У эса ижтимоий тармоқда жавоб қайтарди: «Жим юринг, фақат «шоҳ ва мот» дейиладиган паллада гапиринг». Кейин эса майдонда айнан шу футболчини алдаган ҳолда узоқ масофадан турнирнинг энг чиройли голларидан бирини урди ва энди узил-кесил ушбу гапларга якун ясади:

«Мен ҳеч қачон Рабио билан гаплашмаганман. Ўйингача ҳам, ундан кейин ҳам. Мен бор эътиборимни финалга қаратганман ва фақат шунга аҳамият бераман», — дея Ямалнинг сўзларини келтирган Jijantes FC саҳифаси.

Карваҳал финал олдидан Беллингҳемга нималар ёзишини айтди

Миллий жамоада клубдошга қарши ўйнаш доим осон иш эмас. Айниқса, гап Европа чемпионати финали ҳақида кетганида. Дани Карваҳал бу фикрга қўшилади ва Жуд Беллингҳем учун нома тайёрлаган:

«Мен ўйиндан олдин Жудга омад тилаб хабар юбормоқчиман, чунки уни жуда ҳурмат қиламан ва ундан ҳайратланаман. Ундан «Олтин тўп»ни олиб қўймоқчи эмасман, аммо ундан Евро ғолиблигини олиб қўйиш — бунга арзийди», — дея изоҳ берган у Madrid Universal учун.

Ўнг қанот ҳимоячиси миллий жамоадаги шериги Нико Уилямс ва «Реал»даги бўлажак жамоадоши Килиан Мбаппедан бирини танлаш ҳақида сўралганида ҳам ўзидаги кучли юмор ҳиссини намойиш этган: «Якшанба кунигача Уилямс яхшироқ, душанбадан — Мбаппе», — деган Карваҳал матбуот анжуманида.

Ҳақиқий дипломат!

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар