12.07.2024 15:11
1089
Теглар
«Cурхон» Суперлига ўйинларини яна Самарқандда ўтказади

Иккинчи давра бошидан Термизга қайтиши режалаштирилган «Сурхон» клубининг уй аренаси тайёр бўлмагани сабабли жамоа уй ўйинлари Тошкентдан яна Самарқандга кўчирилди. 

ПФЛ расмий сайти хабарига кўра, Термиздаги стадион ишга тушгунига қадар «Сурхон» рақибларини «Динамо» стадионида қабул қилади.

«Сурхон» клуби раҳбарияти, Сурхондарё вилоят футбол ассоциацияси вакиллари ва вилоятнинг қатор ташкилотлари раҳбарлари, Лига мутахассислари «Сурхон» аренада бўлиб, унинг 2024 йилги мавсумда ишга туширилиши масаласини муҳокама қилганди.

Айни вақтда клуб раҳбарияти «Сурхон» аренани пардозлаш, унга ВАР техникасини олиб келиш устида иш олиб бормоқда. Ўз навбатида Лига 2024 йилги мавсумнинг ўзида бир нечта учрашувни Термизда ўтказиш ва 2025 йилдан бошлаб барча учрашувларни мазкур аренада ўтказиш режаларини ишлаб чиқмоқда.

Стадион билан боғлиқ таъмирлаш ишлари сабаб «Сурхон» бир неча мавсумни Тошкентда ўтказишга мажбур бўлди. Бу борада клуб раҳбарияти «Пахтакор» стадионидан фойдаланиб келаётганди. Бироқ эндиликда пойтахтдаги яна 2 та стадион Суперлига талабларига мослаштириш важи билан ёпилди. Шундан келиб чиқиб, «Сурхон» Термиздаги арена тўлиқ тайёр бўлгунига қадар бир нечта учрашувни Самарқанд шаҳридаги «Динамо» стадионида ўтказади», - дейилади ПФЛ хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Термиз клуби 2022 йилги мавсумда ҳам уй учрашувларини Самарқандда ўтказганди.

Аввалроқ, «Қизилқум» ҳам Навоийдаги стадион майдони тайёр эмаслиги боис Самарқандда ўйнашни истаган, аммо «Сурхон» кўҳна шаҳарда ўйнаши сабабли «Қизилқум» Қаршида тўп сурадиган бўлди.

 

Маълумот учун, «Сурхон» клуби самарқандлик таниқли тадбиркор Бахтиёр Фозиловга тегишли бўлиб, унинг компаниялари орқали молиялаштирилади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар